03.12.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориРеспубликада маҳаллий ишлаб чиқариш, саноат корхоналари, геология ва кончилик тармоқлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ўқув жараёнига ўқитишнинг инновацион шакл ва методлари ҳамда замонавий педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, ҳудудларда замонавий фикрлайдиган, рақобатбардош мутахассисларга бўлган эҳтиёжни босқичма-босқич қондириб бориш мақсадида:
1. Тошкент давлат техника университети Термиз филиали негизида Термиз муҳандислик-технология институти (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар Институтнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
маҳаллий ишлаб чиқариш, саноат корхоналари, геология ва кончилик тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиқиб, меҳнат бозорида рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни, шунингдек, замонавий технологиялар бўйича чуқур билимга эга мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш;
етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни жорий этиш, Институт профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш, битирувчиларнинг республика ва хорижий олий таълим муассасаларида (илмий марказларда) магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олишларини ташкил этиш;
ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибани, жумладан, замонавий таълим технологияларини татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини таъминлаш;
ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;
амалий илмий-тадқиқот ишларини бажариш учун замонавий ўқув ва илмий-лаборатория базасини шакллантириш, уни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишлари ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга оширишни йўлга қўйиш, тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, шунингдек, таълим олувчиларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш учун грантлар жалб этиш.
3. Қуйидагилар:
2025 йилга қадар Термиз муҳандислик-технология институтини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;
Термиз муҳандислик-технология институтини 2025 йилга қадар ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
Институт давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади;
Тошкент давлат техника университети Термиз филиали талабалари таҳсил олаётган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича Институтда ўқишни давом эттиради ҳамда уларга ўқиш якуни бўйича Институт дипломи берилади;
Институтга талабаларни қабул қилиш сони ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси ва қўшимча қабул параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;
Институт Тошкент давлат техника университети Термиз филиалининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
5. Институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг амалдаги рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 таликка кирган хорижий олий таълим муассасасининг дастури асосида ўз таълим дастурларини шакллантириш;
иш берувчилар талабларини инобатга олган ҳолда ўқув режаларидаги назарий таълим улушини қисқартириш ҳисобига амалий машғулотлар ҳажмини ошириш, ҳафтада бир кунлик амалиёт тажрибасини қўллаш;
Институт фаолияти йўналишлари бўйича маслаҳат ва эксперт-таҳлилий хизматларни шартнома асосида кўрсатиш, шунингдек, тақдим этиладиган хизматларни самарали амалга ошириш учун илмий-тадқиқот ва инновацион хизмат кўрсатувчи корхоналарни ташкил этиш;
шаффофлик тамойиллари асосида хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда уларга меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маош ҳамда бошқа тўловларни белгилаш ва тўлаш;
профессор-ўқитувчиларни ўқув-методик, илмий-тадқиқот ишлари ва “устоз-шогирд” тизими бўйича бажарган ишларининг натижаси бўйича рағбатлантириб бориш.
6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
а) икки ой муддатда:
Институтни танлов асосида ишлаб чиқариш ташкилотлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида катта илмий ва амалий тажриба орттирган мутахассислар, устувор равишда, илмий даражага эга бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдириш чорасини кўрсин;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Фанлар академияси билан биргаликда Институтнинг ихтисослашган факультет ва кафедраларини мос йўналишлари бўйича давлат улушига эга йирик хўжалик юритувчи субъектлар ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқласин;
б) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда Институтнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб етакчи олий таълим муассасаларида тегишли магистратура мутахассисликлари ва 2023 йилдан бошлаб таянч докторантурада кадрларни мақсадли тайёрлаш чораларини кўрсин;
в) Институт учун бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш ишларини ҳар йилги Инвестиция дастурида соҳага ажратилган лимитлар доирасида амалга ошириш юзасидан таклифларни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига киритиб борсин.
7. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Институт фаолиятини самарали ташкил этиш учун бошқа ҳудудлардан жалб этилган профессор-ўқитувчиларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида Институтга яқин ҳудудда жойлашган кўп қаватли уй-жойлардан хизмат уйларини Институтга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратсин.
8. Институт фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия ташкилотларининг грантлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши белгилансин.
9. Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 288 “а”-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлар тегишли ҳудуди билан бирга Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин берилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 июндаги “Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ−3101-сон қарори ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.
12. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
бир ой муддатда Институтнинг тузилмаси ва устави тасдиқланишини ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.А.Боболов белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ