icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Президентлар ташрифнинг самарали натижаларидан мамнунлигини билдирдилар

27.01.2023

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказдилар.

Давлатимиз раҳбари Қирғизистон Президенти ва халқини ҳар доимгидек самимий ва илиқ қабул учун миннатдорлик билдирди.

- Давлат ташрифимиз Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллигида ўтаётгани рамзий маънога эга, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари ишонч ва конструктив мулоқот руҳида ўтган олий даражадаги учрашувлар натижаларини юксак баҳолади. Томонлар кўп қиррали ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини батафсил муҳокама қилиб, уни чуқурлаштириш бўйича аниқ қарорлар қабул қилганларини таъкидлади.

Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома тузилгани икки томонлама муносабатларда чинакам тарихий воқеа бўлгани қайд этилди.

- Чегарани делимитация қилиш масалари тўлиқ тартибга солингани икки томонлама ҳамкорлик ва ҳудудлараро алмашинувлар ривожида муҳим ўрин тутади, минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Музокаралар якунида қабул қилинган муҳим ҳужжатлардан бири Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация бўлди. Бу, давлатимиз раҳбари қайд этганидек,  мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлидаги кўп қиррали ҳамкорлик ривожида янги даврнинг бошланишидир.

Савдо ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамкорликнинг энг муҳим устувор йўналиши этиб белгиланди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш етти баробарга кўпайди ва 1,3 миллиард долларга етди.

Икки мамлакат ҳукуматлари олдига товар айирбошлашни, шу жумладан импортнинг ўрнини фаол тўлдириш ва савдо марказларини ташкил этиш орқали икки миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Куни кеча ўтган бизнес-форумда умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзолангани ҳам ушбу мақсаднинг муваффақиятли рўёбга чиқишига хизмат қилади.

Автомобиллар, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ва ип-калава, электротехника товарлари ва электрон ҳисоблагичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган йирик кооперация лойиҳалари жумласидан.

Томонлар икки мамлакат корхоналари ва сармоядорлари иштирокида энергетика ва кон тармоқларида, шу жумладан кўмир саноатида йирик инфратузилмавий лойиҳаларнинг амалга оширилишидан манфаатдор.

Бу борадаги ишларни тизимли асосда ташкил этиш учун Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт фонди кенгайтирилади, Стратегик савдо-иқтисодий шериклик бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастур ҳамда Саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш тўғрисида битим қабул қилинди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доирасида томонлар мамлакатларимизнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини биргаликда етиштириш ва етказиб беришга келишиб олдилар.

Яна бир стратегик йўналиш – транспорт коммуникацияларини ривожлантириш.

- Саъй-ҳаракатларимизнинг муваффақияти кўп жиҳатдан транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг самарадорлигига боғлиқ, - деди Ўзбекистон Президенти.

Музокаралар давомида етакчилар “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга аҳдлашиб олдилар. Энергетика соҳаси ҳам, хусусан, Қамбарота ГЭС-1ни биргаликда барпо этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

- Ушбу мегалойиҳа, ҳеч шубҳасиз, нафақат Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг, балки бутун минтақамизнинг барқарор тараққиётига хизмат қилади, - деди давлатимиз раҳбари.

Музокараларда ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Чегараолди вилоятлар раҳбарлари кенгашининг йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш мазкур алоқаларнинг кенгайишига хизмат қилади.

- Бошқа ҳеч бир мамлакат билан бундай ноёб мулоқот майдонига ўхшаши йўқ, - деди Шавкат Мирзиёев.

Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўш шаҳрида реконструкцияси якунига етаётган Ўзбек мусиқали драма театри қардош халқларимиз ўртасидаги дўстликнинг ёрқин рамзи бўлиши таъкидланди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo