18.10.2023
Пекин шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзига ажратилган қароргоҳда “State Grid” компанияси раиси Синь Баоанни қабул қилди.
Хитойнинг электр тармоқлари корпорацияси ушбу соҳадаги глобал етакчи бўлиб, Fortune Global 500 рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
Компания электр узатиш тармоқларини барпо этиш ва уларни эксплуатация қилиш бўйича кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш борасида, шу жумладан хорижий мамлакатларда катта тажрибага эга. Активлари қиймати 800 миллиард доллар атрофида.
Ушбу компания иштирокида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, юқори вольтли электр узатиш линияларини қуриш ва инфратузилма объектларини модернизация қилиш, бунда илғор инжиниринг ечимлари ва юксак технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимиз энергетика тармоғи учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Қўшма лойиҳаларни жадаллаштиришга қаратилган “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.