icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Самарқанд обидалари Франция делегациясида катта таассурот қолдирди

02.11.2023

Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон мамлакатимизга расмий ташрифи доирасидаги тадбирлар якунида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрининг қадимий обидалари билан танишди.

Давлат раҳбарлари дастлаб Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейини бориб кўрди. 

Маълумки, Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек Амир Темурнинг суюкли набираси бўлган, эзгу ишларини давом эттирган. У ҳам ҳукмдор, ҳам олим сифатида илм-фан ва маданиятни ривожлантирган, бунёдкорликка катта эътибор қаратган. Ўрта асрлардаёқ ноёб расадхона барпо этиб, осмон жисмларини жуда аниқ ўрганган. 

Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари дунё астрономиясида муҳим қўлланма ҳисобланади. Уни Европа, жумладан, францияликлар ҳам яхши билишади. 

Хусусан, француз астрономи Жозеф-Николя Делил фаолияти давомида Мирзо Улуғбекнинг асарларини ўрганган, “Зижи жадиди Кўрагоний” асарини лотин тилига таржима қилдирган. Делил 1739 йилда буюк бобокалонимизнинг астрономия жадваллари ҳақида нутқ сўзлаган. Ушбу нутқнинг матни ҳозиргача сақланиб қолган.

Бу каби тарихий маълумотлар икки халқ алоқаларининг тарихий илдизлари қанчалик теранлигини кўрсатади.

Меҳмонлар музейда Мирзо Улуғбек даврига оид ашёлар, китоблар, қўлёзмалар, асл нусхадаги квадрант асбобини кўздан кечирди. 

Президентлар Амир Темур мақбарасига боришди. 

Олий мартабали меҳмонга буюк Соҳибқироннинг ҳаёти, ҳарбий маҳорати, бунёдкорлик ишлари ҳақида сўзлаб берилди. 

Амир Темур ўз куч ва салоҳияти билан ҳукмдорлик даражасига чиққан, Ҳиндистондан Европагача бўлган ҳудудда барқарор давлат барпо этган нодир шахсдир. Соҳибқиронинг ҳарбий юришлари ва дипломатияси узоқ ўлкаларга ҳам катта таъсир кўрсатган. Европа қироллари Амир Темур давлатини тан олиб, у билан алоқа ўрнатишга интилган. Жумладан, Франция қироли Шарл VI бобокалонимизга мактуб йўллаган.

Шу боис ҳам бутун дунёда Амир Темур шахсига ва темурийлар меросига қизиқиш катта. Жумладан, 1988 йилда Францияда Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассоциацияси тузилган. Унинг собиқ президенти, профессор Люсен Керен Амир Темур ва темурийлар даврини кўп йиллар давомида тадқиқ этгани, Франция ва Ўзбекистон халқлари яқинлашишига катта ҳисса қўшгани учун Ўзбекистоннинг “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

1996 йилда Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида “Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши” номли кўргазма бўлган. Ўтган йили давлатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи доирасида Лувр музейида ташкил этилган “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси катта воқеа бўлган эди. Унда темурийлар меросига алоҳида ўрин ажратилди.

Давлат раҳбарлари Регистон мажмуасида ҳам бўлди.

Маълумки, бу маскан Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларидан иборат. Мирзо Улуғбек ва Ялангтўшбий қурдирган бу обидалар асрлар давомида илм аҳлини ўзига чорлаб келган, юзлаб олиму фузалоларга мактаб бўлган. Ажойиб симметрия ва меъморий қиёфа касб этган мажмуа бугунги кунда Самарқанднинг "ташриф қоғози"га айланган. 

Меҳмонларга аждодларимизнинг меъморчилик анъаналари, пештоқлардаги нақшлар ва маънолар ҳақида сўзлаб берилди.

Сўнг Президентлар Шоҳи Зиндага борди. Бу мажмуа саҳоба Қусам ибн Аббос ва алломаларнинг мақбараларидан иборат. Мажмуанинг тарихий, маданий ва бадиий қиммати шундаки, у архитектура ва безак санъатининг бир неча асрлар давомида ривожланиши ҳақида тасаввур беради. Шоҳи Зинда 2001 йилда ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Шу жиҳатлари билан сайёҳларни ҳамиша ўзига жалб этади.

Меҳмонлар мажмуа дарвозаси ва мақбаралар тарихи билан танишди, нақшлар нафислигини эътироф этди.

Умуман айтганда, Самарқанд обидалари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo