icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Мўғулистонга олий даражадаги ташриф давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

18.07.2025

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24–25 июнь кунлари Мўғулистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:

I. Мақсадлар

1. Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида 2025–2026 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг асосий кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгилансин:

(а) Мўғулистондан Ўзбекистонга 100 минг бош майда шохли молларни олиб келиш ва уларни маҳаллий шароитда наслчилик-селекция ишлари ёрдамида кўпайтириш орқали уларнинг сонини 2029 йил якунига қадар 1 млн бошга етказиш;

(б) босқичма-босқич жун ва кашемирни қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

(в) мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларининг Мўғулистонга экспорт ҳажмини ҳар йили ошириб бориб, 10 баробарга кўпайтириш чораларини кўриш;

(г) Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида тажриба алмашиш ва мутахассислар малакасини оширишни йўлга қўйиш.

II. Мўғулистондан майда шохли молларни импорт қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

2. Белгилансинки, 2025 йил 1 августдан 2027 йил 31 декабрга қадар Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга импорт қилишда тадбиркорлик субъектларига:

(а) ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилинади. Бунда ушбу кичик бандда назарда тутилган харажатлар учун талаб этиладиган маблағлар Давлат бюджети параметрларида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига чорвачилик хўжаликлари томонидан хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчки, она балиқ ва жўжаларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш учун ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади;

(б) қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини фоизлар ҳисобланмаган ҳолда тўлов таъминотисиз кечиктириб тўлаш имконияти берилади.

3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқа харажатларни қайта кўриб чиқиш ҳисобидан 2027 йил учун Давлат бюджети параметрларида ушбу қарорнинг 2-банди “б” кичик бандида кўрсатилган тўловларни қоплаб бериш бўйича харажатларни назарда тутсин.

4. Марказий банк, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга импорт қилишда қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

(а) чорвачилик йўналишида жалб қилинган халқаро молия институтларининг кредит маблағларини тадбиркорлик субъектларига йиллик 10 фоиз ставкада (шундан 3 фоиз банк маржаси) 5 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан ажратиш. Бунда тижорат банкларининг мазкур кичик бандда назарда тутилган кредитларни имтиёзли шартларда ажратиш билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджетига тўланадиган дивидендларини мос равишда камайтириш ҳисобига қопланади;

(б) тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредит маблағлари учун суғурта механизмидан фойдаланган ҳолда мол-мулк гаров таъминотини 50 фоизгача этиб белгилаш.

5. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига (кейинги ўринларда – Ветеринария қўмитаси) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоят ҳокимларининг кафиллиги асосида бир ой муддатда қайтариш шарти билан Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига Мўғулистондан майда шохли молларни етказиб беришда молиявий кўмак кўрсатиш ҳуқуқи берилсин.

6. Мўғулистондан Ўзбекистонга импорт қилинадиган майда шохли молларнинг ҳудудлар кесимидаги тақсимоти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Бухоро, Жиззах, Наманган, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимлари бир ҳафта муддатда майда шохли молларни парваришлаш учун озуқа ери, чорвачилик мажмуаси ва мутахассиси (ветеринар) мавжуд бўлган тадбиркорлар рўйхатини шакллантириб, Ветеринария қўмитасига тақдим этсин.

8. Белгилаб қўйилсинки, Яйлов ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни муҳофаза қилиш, қоракўлчилик, тери ва жун саноати соҳаларини янада ривожлантириш бўйича республика комиссияси қарорига асосан Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё яйлов хўжаликлари балансидаги ерлар Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга камида 1 000 бош импорт қилган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги шартлар асосида тўғридан-тўғри ижарага берилади:

(а) наслчилик ва селекция ишларини ривожлантириш орқали импорт қилинган майда шохли молларнинг бош сонини кўпайтириб бориш;

(б) яйловларда озуқабоп ўсимлик турларидан бўлган изен, терескен, қуйровуқ, камфоросма, чўғон, эркак ўт, оқ (қора) саксовул экилишини ташкил қилиш.

III. Мўғулистонга мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш ишларини ташкиллаштириш

9. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда 2025–2026 йилларда:

(а) Мўғулистоннинг йирик савдо марказларида “Ўзбекистон маҳсулотлари” ярмаркасини ташкил этсин ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ўзбекистондан экспорт қилиб, келгусида бошқа давлатларга реэкспортни амалга оширсин;

(б) Улан-Батор шаҳридаги йирик савдо майдонларида Ўзбекистон маҳсулотлари стендини ташкил этиб борсин;

(в) Ўзбекистон-Мўғулистон савдо уйини ташкил этсин;

(г) Мўғулистоннинг импортчи корхоналари вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этган ҳолда бизнес учрашувлар ўтказсин.

IV. Майин жундан аралаш ип ва мато ишлаб чиқаришни ташкил этиш

10. Савдо-саноат палатаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

(а) 2025 йил якунига қадар Ўзбекистон тўқимачилик фабрикаларида дастлабки босқичда синов тариқасида аралаш ип ва мато ишлаб чиқариш учун Мўғулистондан “Ўзсаноатэкспорт” АЖ орқали марказлашган ҳолда майин жун ва кашемир олиб келиш. Бунда “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ ушбу мақсадлар учун “Ўзсаноатэкспорт” АЖга унинг буюртманомасига асосан белгиланган тартибда маблағ ажратади;

(б) 2026 йил якунига қадар Мўғулистондан импорт қилинган майда шохли моллардан олинадиган жунни қайта ишлаш бўйича маҳаллий мутахассисларнинг Мўғулистоннинг кашемир ишлаб чиқариш ва тўқимачилик корхоналарида малакасини оширган ҳолда жунни қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш.

V. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида тажриба алмашиш ва мутахассислар малакасини оширишни йўлга қўйиш

11. Агросаноатни ривожлантириш агентлиги 2026 йил якунига қадар Мўғулистонга совуққа чидамли ва серҳосил 10 минг дона мева кўчатларини томчилатиб суғориш технологиялари билан бирга етказсин ҳамда 15 гектар ер майдонида замонавий саноатлашган интенсив боғ ташкил этишга кўмаклашсин. Бунда мева кўчатлари ва томчилатиб суғориш технологияларини сотиб олиб, уни Мўғулистонга етказиш харажатларини қоплаш Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги “Агросаноат инноваторлари” МЧЖ томонидан амалга оширилади.

12. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ва Мўғулистон табиий фанлар университети ўртасида магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари жорий этилишини таъминласин.

VI. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

13. Бош вазир ўринбосарлари Ж. Қўчқоров ва Ж. Ходжаев икки ой муддатда Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида эришилган келишувлар ва лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда тадбиркорлик субъектларини айланма маблағлар билан таъминлаш мақсадида Саноатни ривожлантириш жамғармасига 50 млн АҚШ доллари ҳамда Савдога кўмаклашиш жамғармасига 50 млн АҚШ доллари эквивалентида 2030 йил 31 декабрга қадар қайтариш шарти билан паст фоизли маблағ жалб қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин.

14. Вазирлар Маҳкамаси (Ходжаев) икки ҳафта муддатда мазкур қарорнинг 2 ва 4-бандларига мувофиқ қуйидагиларни тасдиқласин:

(а) ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизини Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиш бўйича вақтинчалик тартибни;

(б) Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига Мўғулистондан майда шохли молларни олиб келиш учун молиявий кўмак бериш бўйича вақтинчалик тартибни.

15. Транспорт вазирлиги ўн кун муддатда:

(а) Ветеринария қўмитаси билан биргаликда майда шохли молларни Мўғулистондан Ўзбекистонга ҳаво транспорти орқали олиб келиш;

(б) Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ўзбекистондан Мўғулистонга ҳаво транспорти орқали экспорт қилишни ташкил этиш чораларини кўрсин.

16. Ветеринария қўмитаси бир ҳафта муддатда Мўғулистондан импорт қилинадиган майда шохли моллар насли, вазни ва ёши бўйича талабларни ишлаб чиқиб, ҳудудлар ва тадбиркорларга етказсин.

17. 2025–2026 йилларда Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

18. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қуйидагилар белгилансин:

(а) қишлоқ хўжалиги вазири И. Абдураҳмонов – Мўғулистонда сабзавот ва полиз экинларини етиштириш ҳамда аграр соҳада илмий ҳамкорликни самарали йўлга қўйишга;

(б) қишлоқ хўжалиги вазири И. Абдураҳмонов ва Ветеринария қўмитаси раиси Б. Норқобилов – Мўғулистондан Ўзбекистонга импорт қилинадиган майда шохли молларни олиб келиш ҳаво транспорти харажатининг бир қисмини қоплаб беришга;

(в) Ветеринария қўмитаси раиси Б. Норқобилов:

(i) Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга импорт қилиш ҳамда наслчилик ва селекция ишларини ривожлантириш орқали уларнинг сонини маҳаллий шароитга мослаштирган ҳолда 2029 йил якунига қадар 1 млн бошга етказиш;

(ii) Мўғулистондан олиб келинадиган майда шохли молларни маҳаллий шароитга мослаштириш, уларни кўпайтириш бўйича чораларнинг натижадорлиги, тақдим этилган имтиёзларнинг самарадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар ой якуни билан ҳисобот киритиб боришга;

(г) Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И. Эргашев – Мўғулистонга мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини кескин оширишга;

(д) Савдо-саноат палатаси раиси Д. Вахобов – Мўғулистондан Ўзбекистонга импорт қилинадиган майда шохли молларнинг жунини қайта ишлашга.

19. Қарор ижроси учун масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти 

Ш. Мирзиёев

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo