
05.08.2025
БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференцияси доирасида давлат раҳбарлари Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон миллий кунларига бағишланган тадбирларда иштирок этдилар.
Миллий кунлар минтақа халқларининг бой маданий меросини, мустаҳкамланаётган қўшничилик алоқаларини ва кенгайиб бораётган маданий-гуманитар ҳамкорлигини намойиш этиш мақсадида уюштирилди.
Бу ерда анъаналар ва ҳунармандчиликка бағишланган, маданият, санъат ва туризм соҳаларидаги замонавий ютуқлар акс этган миллий павильонлар очилган. Шунингдек, миллий таомлар кўргазмаси ва пазандачилик бўйича маҳорат дарслари ташкил этилган.
Анъанавий ўзбек ҳовлиси кўринишида қурилган Ўзбекистон павильони ташриф буюрувчиларда ёрқин таассурот қолдирди.
Тадбир минтақавий ўзига хослик ва маданий ранг-барангликнинг навбатдаги намунаси сифатида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга ҳамда Марказий Осиёни тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик макони сифатида намоён этишга хизмат қилди.