icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилган учрашувдаги нутқи

20.08.2025

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

Ҳурматли тадбиркорлар, анжуман иштирокчилари!

Авваламбор, cизлар билан энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрами олдидан учрашиб турганимдан беҳад хурсандман.

Бугун шуни фахр билан айта оламизки, юртимизда яратилаётган ҳар бир иш ўрни, қад кўтараётган ҳар бир корхона, халқимизнинг оғирини енгил қилаётган ҳар бир хизмат, экспорт бўлаётган ҳар бир маҳсулот – cизнинг жасорат билан қилаётган меҳнатингиз, ташаббус ва изланишингиз маҳсулидир.

Бугунги тадбиримизни шунчаки анжуман эмас, давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган жонли ва самимий мулоқот майдони, десак, тўғри бўлади.

Бир ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим: ҳар бир соҳа, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла – фақат тадбиркор ҳаракат қилганида, уларга қулоқ тутиб, ишонч билдирилганида ривожланади, обод бўлади.

Шу боис, бугун сизларни эшитамиз. Сизнинг овозингиз орқали ҳал қилинадиган масалаларни биргаликда муҳокама қилиб, уларга аниқ ечимлар топиш ҳақида келишиб оламиз.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ cизлар билан ҳамфикр бўлиб, иқтисодиёти қудратли, саноати рақобатбардош, молиявий тизими барқарор, барча соҳалари инвесторлар учун жозибадор бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришдик.

Адолатли ҳакам бўлса айтсин, ўтган саккиз йилда қаттиқ меҳнат ва машаққатлар билан иқтисодиётимизнинг кўплаб тармоқларини йўқдан бор қилдик. Эътибор беринг, бу даврда турли соҳаларга 230 миллиард доллар инвестиция кириб келди, шундан 120 миллиарддан ортиғи – хорижий сармоя.

Бир қарашда айтишга осон бўлган ушбу рақамни олдинлари ҳисоб-китоб қилиш тугул, тасаввур қилиб ҳам бўлмасди. Лекин, биз буни уддаладик.

Турли низо ва зиддиятлар туфайли жаҳон иқтисодиёти ғоят мураккаб даврни бошидан ўтказаётган бир вақтда, прагматик ва проактив сиёсатимиз туфайли, бу йил биринчи ярим йилликда иқтисодиётимиз 7,2 фоизга ўсди.

Бу ютуқларимизнинг барчаси – cизлар билан биргаликда қилган машаққатли меҳнатимиз маҳсули, албатта.

Ўтган даврда минглаб микро ва кичик корхоналар қисқа муддатда яратилган шароитлардан самарали фойдаланиб, катта-катта компаниялар билан рақобат қила бошлади. Масалан, 1 минг 600 та микро корхона бир йил ичида оборотини 10 миллиард сўмдан ошириб, бирданига ўрта корхонага, 143 таси эса, 100 миллиард сўмдан ошириб, йирик корхонага айланди. Яна 122 та кичик корхона олдинга икки қадам сакраб, йирик бизнес сафига қўшилди.

Ўтган йили обороти 1 триллион сўмдан ошган 203 та корхона бор эди. Бу йилнинг ўтган олти ойида уларга қўшимча яна 47 та корхона 400-500 миллиард сўмлик маррани забт этди. Насиб қилса, йил якунигача улар ҳам бемалол “триллиончилар” сафига қўшилади.

Бизнесни “соя”дан чиқариш бўйича янги механизмларни кўпайтирганимиз ҳисобидан 139 мингта корхонада иш ўринлари 811 мингтага кўпайиб, 2,2 миллиондан 3 миллионга етди. 273 мингта корхона иш ҳақи фондини 22 фоизга ёки 4,6 триллион сўмга оширди.

Ўтган йили хусусий секторда ўртача ойлик 4 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 5 миллион сўмга яқинлашди.

Мен бу мисолларни нима учун айтяпман? Одамларимиз тадбиркорликнинг “ҳадиси”ни олиб, ишбилармонга айланди, юртимизда барқарор ривожланаётган янги бизнес ҳамжамияти шаклланди.

Азиз дўстлар!

Анъанага кўра, бу йил ҳам кичик бизнес вакилларидан тортиб, йирик корхоналар раҳбарларигача – энг илғор ва фидойи тадбиркорларимизнинг 49 нафари давлат мукофотлари, 112 нафари эса “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди. Уларнинг орасида илми, тафаккури билан бизнес ривожига катта ҳисса қўшаётган олимларимиз ҳам бор.

Ўтган бир йилда яна 52 нафар ишбилармон тадбиркоримиз, миришкор деҳқон ва фермерларимиз, ташаббускор инвесторлар орден ва медаллар соҳибига айланди. Айниқса, ҳомийлик қилиб, боғча ва мактаб, шифохоналар қураётган, эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашаётган, ёшларни қўллаб-қувватлаётган саховатпеша тадбиркорларимиз кўпайиб бораётгани бизни қувонтиради.

Ҳеч шубҳасиз, ўғил-қизларимизни спортга жалб қилиш учун катта шароит яратиб бераётган, уларнинг жаҳон ва қитъа, Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинлари, бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда юқори чўққиларни забт этишига кўмаклашаётган бизнес вакиллари юртимизнинг чинакам фидойиларидир.

Ушбу залда ҳам, ҳудудий студияларда ҳам уларнинг кўпчилигини кўриб турибман. Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз тадбиркор бўламан, деган минглаб ўғил-қизларимиз учун илҳом манбаига айланмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, сиз, ҳурматли тадбиркорларга, сизлар орқали бутун республикамизнинг бизнес вакилларига ўзимнинг чуқур ва самимий миннатдорлигимни изҳор қиламан.

Байрамингиз муборак бўлсин!

Қадрли бизнес вакиллари!

Илк очиқ мулоқотимиздан буён шу кунгача сизларнинг 1 мингга яқин ташаббусингиз қонун ва қарорларда ўз аксини топди. Бунинг натижаларини нафақат тадбиркорлар, балки оддий одамлар ҳам ўзининг кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда.

Анжуманимиз улкан бунёдкорлик ишлари бошланган Янги Тошкентда ўтаётганида албатта рамзий маъно мужассам. Ушбу мегалойиҳа ислоҳотларимиз ҳаётда қандай акс этаётганининг яққол исботи, янгиланиш ва тараққиёт йўлидаги дадил қадамларимизнинг ёрқин тимсоли бўлади.

Сиз, тадбиркорлар учун Янги Тошкент – янги имкониятлар, янги ғоялар ва янги бозорлар майдонига, инновациялар ва инвестициялар марказига айланади.

Бу ердаги тўлиқ “яшил” технологияларга асосланган энг замонавий инфратузилмалар сизларнинг кўплаб ғоя ва ташаббусларингиз учун хизмат қилади.

Шуни билингки, Янги Тошкент дарвозалари бизнес қиламан, деган барча тадбиркорлар учун ҳамиша очиқ бўлади.

Азиз юртдошлар!

Бугунги очиқ мулоқотга тайёргарлик давомида 26 та соҳанинг 7 мингга яқин вакиллари билан алоҳида учрашувлар ўтказилди. “Колл-марказ” орқали ҳам 13 мингдан зиёд мурожаат ва ташаббуслар келиб тушди.

Ҳозирги мураккаб шароитда ҳар бир кун муҳимлигини инобатга олиб, очиқ мулоқотни кутиб ўтирмасдан, мева-сабзавот экспорти ва тўқимачиликда тўпланиб қолган муаммоларга ечим топиб бердим.

Ўтган ҳафтада бизнесни “соя” дан чиқаришни рағбатлантириш бўйича ҳам тадбиркорларга янада қулай шароитларни назарда тутган катта-катта янгиликларни эълон қилдик.

Биринчи. Юртимизда 300 мингга яқин якка тартибдаги тадбиркорлар, яна 5,5 миллион нафар ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолият юритмоқда.

Асосий мақсадимиз – ишини кичик лойиҳадан бошлаб, бизнесда тажриба ва малака тўплаган мана шундай тадбиркорларга кўмак бериб, уларни 50-100 нафар одам ишлайдиган бақувват корхоналар соҳибига айлантириш.

Шу боис, ўтган ҳафтада якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 2030 йилгача махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш бўйича қарорни имзоладим.

Энди бундай тадбиркорлар учун рўйхатдан ўтишдан тортиб, ҳисобот топширишгача бўлган барча хизматларни жамлаган рақамли платформалар яратилади. Бунда тадбиркорлар керакли ҳужжатларни масофавий биометрия ва СМС хабарнома орқали электрон калитсиз имзолаши мумкин. Ишчиларга электрон ҳамён орқали “кунбай”, “соатбай” маош тўлаш имконияти яратилади.

Мамлакатимизда 40 дан зиёд электрон тўлов ташкилотлари мавжуд бўлиб, аҳолимиз ўзига қулай мобиль иловадан фойдаланмоқда. Бу – нақдсиз тўловни рағбатлантириш учун энг яхши инструмент. Энди, 1 ноябрдан бошлаб, тадбиркорлар учун барча мобиль тўлов иловалари орқали ҳисоб-китоб қилиш имконини берадиган универсал “Кю-ар” код берилади.

Яна бир янгилик – йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган барча тадбиркорлар келгуси йил 1 январдан бир хил, яъни, оборотидан 1 фоиз солиқ тўлашга ўтказилади. Масалан, ҳозир обороти 100 миллион сўмгача бўлган якка тадбиркор йиллик 12 миллион сўмгача қатъий солиқ ўрнига кўпи билан 1 миллион сўм тўлайди. Ёки обороти 100 миллиондан 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркор айланмадан илгари 30-40 миллион сўм солиқ тўлаган бўлса, энди унинг солиқ юки 3-4 карра камаяди.

Умуман, яратилаётган шароитлар орқали якка тадбиркорлар ҳисобида йилига 1 триллион сўм, тасаввур қилаяпсизларми, 1 триллион сўм қоляпти.

Бу – кичик бизнес учун қўшимча ресурс, якка тадбиркорлар ўз бизнесини кейинги босқичга олиб чиқиши учун яна бир имконият.

Бу сизларга маъқулми?

Иккинчи. Ўтган ҳафтада 200 дан ортиқ тўқимачилик корхоналари вакиллари билан учрашиб, соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича 7 триллион сўмлик ташаббусларни эълон қилдик.

Тез кунларда тўқимачиликда “ишончли экспортчи” дастурини бошлаб, экспортолди молиялаш тизими йўлга қўйилади ва бунинг учун 200 миллион доллар йўналтирилади.

Бу – электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, фармацевтика каби экспорт салоҳияти юқори, лекин имкониятлари тўлиқ ишга солинмаган соҳалар учун ҳам жорий этилади. Ушбу соҳалардаги тадбиркорларнинг айланма маблағи учун 500 миллион доллар берилади.

Ҳар бир тармоқнинг сифати кафолатланган, рақобатдош 10 тадан маҳсулотига “Ўзбекистон рамзи” сифат белгисини бериб, уларни дунёга танитиш учун катта тарғибот кампаниясини бошлаймиз. Бунда АҚШ, Европа, Япония, Корея каби нарх ва талаб юқори бўлган бозорларда маҳсулотларимизни тарғиб қиладиган таниқли бренд-менежер, маркетолог, пиар-менежерларнинг харажати қопланади.

Пойтахтимиз ва вилоят марказларидаги “димиқиб қолган” корхоналарни меҳнат ресурси, бўш ери кўп бўлган туманларга кўчирмоқчи бўлган текстил соҳасидаги тадбиркорларга 10 миллиард сўмгача кредит берилади.

Ишчи кучини кўп талаб қиладиган бошқа тармоқлардаги корхоналар ҳам бундай ташаббус билан чиқса, уларни ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрман.

Арзон хомашё билан таъминлаш мақсадида 2028 йил 1 январгача аралаш мато ва газламани божхона божидан озод этяпмиз. Лекин бундай муаммо саноатнинг бошқа соҳаларида ҳам бор. Жаҳон банки экспертлари ҳам тариф сиёсати ишлаб чиқаришни рағбатлантириши кераклигини айтмоқда.

Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида барча соҳалардаги тадбиркорлардан бу йўналишда 130 та мурожаат келиб тушган. Залда иқтисодиёт ва инвестицияга масъул бўлган Бош вазир ўринбосарлари Ж.Қўчқоров, Ж.Ходжаев ҳамда саноат уюшмалари раҳбарлари ўтирибди.

1 ноябргача муҳлат: улар ҳар бир тармоқ, ҳудудий корхона талабини ўрганиб, бошқа хомашё ва бутловчи қисмлар учун тарифларни қайта кўриб чиқади ва натижасини эълон қилади.

Энди импорт жараёнида мувофиқлик сертификатлари ҳар бир партияга эмас, шартномада кўрсатилган ҳажм учун берилади.

Дунёнинг айрим минтақаларидаги нотинчликлар оқибатида ташқи бозорлардаги тебранишлар, логистикадаги узилишлар экспорт тушумларининг кечикишига олиб келмоқда. Бундай шароитда шундоқ ҳам пули тушмаётган тадбиркорлар муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарима тўлаяпти. Бу масалани жуда кўп тўқимачилик корхоналари ва мева-сабзавот экспортёрлари кўтариб, енгиллик сўради. Муаммонинг ечими барча экспортчи корхоналарга тегишли бўлгани учун буни очиқ мулоқотда эълон қилишга қарор қилдим.

Энди давлат улуши бўлмаган корхоналарга экспортда муддати ўтган қарздорлик учун жарима ҳисоблаш ва ундиришга бир йиллик “мораторий” эълон қилинади.

Ҳудудларда саноат инфратузилмасини яхшилашга бу йил 1,7 триллион сўм ажратилди. Келгуси йили бу харажатларни 25 фоизга ошириб, 2,1 триллион сўмга етказамиз.

Бундан ташқари, пойтахтимизда тадбиркорлар сони тобора ошиб бораётганини инобатга олиб, электр тармоқларини яхшилаш учун яна 2 триллион сўм берамиз.

Иқтисодиётимиз барқарор ўсгани сари янги инфратузилмага талаб ортиб бораверади. Корхонасига ташқи инфратузилмани ўз ҳисобидан барпо этаётган тадбиркорлар кўпаймоқда. Энди уларнинг бу харажати солиқ базасидан чегириб ташланади.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Куни кеча тадбиркорликнинг бошқа йўналишлари бўйича ҳам алоҳида фармонни имзоладим. Мулоқот давомидаги янги таклифларингиз бўйича ҳам уч кунда қарор чиқади. Мен ҳозир айтадиган ташаббусларнинг барчаси бугунданоқ кучга киради.

Учинчи. Қисқа муддатда ва тез даромад берадиган иш ўринлари яратишда энг самарадор йўналишлардан бири бўлган хизматлар соҳасини жадал ривожлантирамиз.

Йил бошидан юртимизга 7 миллионга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрди, 15 миллион аҳоли мамлакат бўйлаб ички саёҳатга чиқди. Келгуси 3-4 йилда хорижий туристларнинг йиллик оқими камида 15 миллион нафарга етади. Шу боис, туризмни ривожлантириш бўйича янги дастурни бошлаймиз.

Келгуси уч йилда меҳмонхона ва туризм масканлари ташкил қилиш учун жами 5 минг гектар ер аукционга чиқарилади. Бунда меҳмонхона қураман, деган тадбиркорлардан ерларни сотиб олиш учун тўлов ундирилмайди. Бунинг эвазига давлат шу сумма билан лойиҳага улушдор бўлиб киради. Тадбиркорлар 10 йил ичида исталган пайтда бу улушни қайта сотиб олиши мумкин бўлади. Агар тадбиркор ер қийматини бошида тўлайман деса, 20 фоиз чегирма берилади.

Меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан вилоятлар маркази ва туризмга ихтисослашган 36 та туманда – 30 миллиард сўмгача, бошқа ҳудудларда эса 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади.

Кўп тадбиркорлар давлат объектлари ва хусусий биноларни сотиб олиб, меҳмонхонага айлантиряпти. Энди янги меҳмонхона учун кўзда тутилган субсидия уларга ҳам берилади.

Ҳозир меҳмонхона эгалари ҳар бир турист учун кунига 62 минг сўмгача туристик йиғим тўлаб беришга мажбурмиз, деб айтмоқда. Энди Тошкент шаҳри, вилоятлар маркази ва йирик туристик ҳудудлардан ташқари бирорта жойдаги меҳмонхона бу йиғимни тўламайди.

Амалдаги тартибга кўра, оилавий меҳмон уйлари туристларни қабул қилиши бўйича кунлик меъёр 10 нафардан ошмаслиги белгиланган. Энди бу рақам 2 карра кўпайтирилади.

Ҳозир бир масалани ўйлаб қолдим. Хорижий сайёҳлар асосан халқаро бренд меҳмонхоналарни билади ва уларга жойлашади.

Келинг, маҳаллий меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ўртасида танлов ўтказайлик. Буни нима учун айтяпман. Танлов бўлса, турли ҳудуддаги тадбиркорлар бир-бири билан танишади, ўзидаги шароитни намойиш қилиб, бу бизнесдаги янги трендларни ўрганади. Бунда мукофот жамғармасини 1 миллион доллар қилиб белгиласак, сайёҳлар эътиборини қозонган, “Букинг ком”, “Трип эдвайзер” каби нуфузли халқаро платформаларда энг кўп ижобий эътироф этилган меҳмонхоналарни ҳар йили тақдирласак, ўйлайманки, бу сифат учун ишлаётган меҳмонхоналарга катта рағбат бўлади.

Қайси ҳудудда инфратузилма яхши бўлса, ўша жой тадбиркорларни “магнит” каби ўзига тортади, сервис гуркираб ривожланади. Миракида қилган ишларимиз буни исботлади.

Шу боис, инфратузилма олиб бориш орқали йирик туристик масканларни кўпайтирамиз. Чортоқнинг “Қорабоғ” маҳалласи, Фарғонанинг Чимёни, Бойсундаги Омонхона, Нурободдаги Нурбулоқ шаҳарчасида мастер-режа асосида йил – ўн икки ой хизмат кўрсатадиган 300-500 гектарли йирик курорт зоналар ташкил этилади.

Бу лойиҳаларнинг инфратузилмаси учун 150 миллион доллар берилади. Натижада савдо ва сервис соҳасида камида 20 минг тадбиркорлик субъекти, 100 мингта иш ўрни пайдо бўлади.

Шу билан бирга, 16 та туманни жадал ривожлантиришга бу йил жами 1,1 триллион сўм ажратилди.

Бундай ёндашувларни Жаҳон банки ҳам эътироф этиб, 250 миллион доллар беряпти.

Келгусида яна 500 миллион доллар ҳисобидан бошқа туманларда ҳам шундай ишларни амалга оширамиз. Бу – саноат, сервис, қурилиш соҳаларидаги тадбиркорларга катта имконият, юз минглаб иш ўринлари яратиш учун шароит бўлади.

Бизнес вакилларининг 70-80 фоизида қўшимча жой олишга эҳтиёж бор. Лекин, ижара шарти тез ўзгараётгани уларнинг келгуси режаларига таъсир қилмоқда.

Келгуси йилдан давлат активлари беш йилга ижарага берилади. Ижарачи ўзи хоҳлаган ёки мажбуриятини бажармаган тақдирдагина шартнома бекор бўлади.

Очиғи, 1991 йилда қабул қилинган “Ижара тўғрисида”ги қонун асосан давлат органлари манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган. Шу боис, ижарага берувчи ва ижарачи ҳуқуқларини бирдек ҳимоя қиладиган янги таҳрирдаги қонун ишлаб чиқилади.

Таълимда хусусий сектор учун кенг йўл очиб берганимиз ҳисобига охирги саккиз йилда хусусий боғчалар сони 120 баробар кўпайиб, 31 мингтага, мактаблар эса 22 баробар ортиб, 645 тага етди.

Энди боғчалар қамрови 70-80 фоиздан паст бўлган 80 та туманда тадбиркорларга енгиллик берамиз.

Аввало, бу туманлардаги боғча ва мактабларнинг бўш ерларида хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат берилади. Бунда тадбиркорлардан ер учун ижара ҳақи 30 йил давомида ундирилмайди, уларга давлат боғчасида ҳар бир болага кўзда тутилган харажатнинг ярми субсидия шаклида берилади.

Ушбу туманлардаги бошқа жойларда боғча ташкил қиламан, деган тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли имтиёзли кредит ажратилади, фаолиятини ўзгартирмаслик шарти билан ер текинга берилади, уларга ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади, тарбиячиларининг маоши уч йилгача тўлаб берилади.

Хусусий тиббиётда тўпланган улкан тажриба, янги технологиялар, малакали кадрлар – тадбиркорлар учун бу соҳанинг жозибадорлигини ошириб, сифатни яхшилашга туртки бермоқда. Буни кейинги 7 йилда хусусий клиникалар 3,5 мингдан 8,5 мингтага кўпайганида ҳам кўриш мумкин. Бугунги тадбирда хусусий тиббиётда катта ютуқларга эришган ўнлаб тадбиркорларимизни кўриб турганимдан хурсандман. Сизлар билан бирга Ўзбекистонни минтақадаги юқори технологик тиббиёт хабига айлантиришимизга ишонаман. Бунинг учун яна қандай шароит керак бўлса, барчасини яратиб беришга тайёрман. Хусусан, чегара ҳудудларимизда клиника, реабилитация маркази, меҳмонхона ва лабораторияларни ўз ичига олган тиббиёт кластерларини ташкил қиламиз. Уларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 200 миллион долларлик имтиёзли кредит линияси очилади. Бунда тиббиёт кластерларини барпо этган тадбиркорларга 7 йил муддатга, 3 йил имтиёзли давр билан 17 фоизли арзон кредитлар берилади.

Бизнесни қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим инструменти – бу молиявий хизматлар. Биз тадбиркорларга молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини ошириш бўйича қаттиқ ишлаяпмиз.

Яхши лойиҳалар учун пул қидираётган тадбиркорлар кўп, инвестиция киритаман, деганлар ҳам етарли.

Амалдаги тартибга кўра, масъулияти чекланган жамиятлар инвестиция киритаётган шахсни таъсисчи қилиб олишга мажбур. Лекин, бунга ҳамма ҳам рози бўлмайди. Шу боис, ресурс бўйича асосий юклама ҳалигача банклар гарданига тушаяпти.

Энди лойиҳага соддалаштирилган тартибда маблағ жалб қилиш бўйича инвестиция платформаси ишга туширилади. Бунда барча корхоналар ўзининг лойиҳасини бу платформага жойлаштиради, салоҳиятли инвесторлар эса исталган лойиҳани танлаб, сармоя киритиши мумкин бўлади. Энг муҳими, инвестор таъсисчи эмас, улушдор сифатида даромадга шерик бўлади, киритган маблағи кафолатли ҳимояланади.

Бугун бу ҳақда қарор эълон қилинди. Энди тадбиркорларимиз ушбу янги тизим орқали йилига қўшимча 1 миллиард доллар маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 600 дан зиёд стартаплар фаолият юритмоқда. Саккиз йил илгари уларнинг сони бармоқ билан санарли эди. Эътибор беринг, етти ойнинг ўзида стартапларга рекорд миқдорда – 264 миллион доллар хорижий инвестиция киритилди. Бу – 2024 йил давомида киритилган сармоялардан 4 баробар кўп.

Шу боис, стартапларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жонлантирамиз. Ёшларнинг 1 мингта стартап ғояси тижоратлаштирилади ва шундан 200 таси халқаро бозорга олиб чиқилади. Энг илғор технологияларни олиб келиб, 100 та маҳаллий стартапни халқаро миқёсда жозибадор бизнесга айлантирамиз. Бунга 100 миллион доллар берилади.

Бу йилдан бошлаб, “Ёш тадбиркорлар” чемпионати ўтказилади. Бунда уларнинг энг яхши 100 та ғояси танлаб олиниб, ҳар бир стартап учун 1 миллиард сўмгача инвестиция киритилади. Бу лойиҳаларни брендга айлантириш учун молиявий ва маркетинг хизматлари бўйича экспертларнинг харажатлари қоплаб берилади.

Ғолибларни 20 август – Тадбиркорлар кунида тақдирласак, ўйлайманки, ёш тадбиркорларга бу ҳам катта рағбат ва илҳом бўлади.

IT, финтех ва стартапларга кенг йўл очганимиз натижасида маркетплейслар сони уч йил ичида 24 тадан 163 тага кўпайди.

Тадбиркор ва ҳунармандларимиз ўз маҳсулотларини рақамли платформалар орқали экспорт қилишни анча ўрганиб олди. Улар анъанавий экспортдаги каби миллий ва хорижий маркетплейсларда четга сотган товари учун қўшимча қиймат солиғини қайтаришни сўраган.

Ж.Қўчқоров, Ш.Қудбиев бир ойда бунинг тартибини тасдиқлаб, амалиётга жорий қилади.

Умуман, финтех-стартапларни кўпайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича беш йиллик стратегия қабул қиламиз. Бунда рақамли молиявий хизматларни кўпайтириш учун банклар, финтех компаниялар ва стартаплар ўртасида кўприк бўладиган янги эко тизим – “опен банкинг”ни жорий қиламиз. Буларнинг ҳисобидан яқин йилларда стартап лойиҳаларга киритилаётган инвестициялар ҳажми ҳозиргидан 10 карра ошади.

Бу йил банкларимиз тадбиркорлик лойиҳалари учун 6 миллиард доллар ресурс олиб келмоқда.

Банклар келгуси йили айнан кичик ва ўрта тадбиркорликни мақсадли қўллаб-қувватлаш учун қулай шартларда алоҳида 1 миллиард доллар ресурс жалб қилади. Умуман, банклар келгуси икки йилда бу соҳага 250 триллион сўм маблағ ажратади.

Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси “чемпион тадбиркор”ларни кўпайтириш учун банк орқали лойиҳаларга 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредит беради.

Ишлаб чиқариш, сервис, яшил иқтисодиёт лойиҳалари учун 500 миллион сўмгача тижорат кредитлари компания томонидан қайта молиялаштирилади. Натижада ҳар йили 100 мингдан зиёд тадбиркорлар оладиган кредит фоизи 6 фоизгача пасаяди.

Аввалги кредити бўйича компаниядан кафиллик олиб, тўловни вақтида бажарган тадбиркорларга янги кредитлар учун кафиллик миқдори 1,5 карра оширилади. Энди, йирик тадбиркорлар ҳам компаниядан 10 миллиард сўмгача кафиллик олиши мумкин бўлади.

“Скоринг” тизими соддалашгани учун 100 мингга яқин тадбиркор банкдан янги кредит олиб, фаолиятини кенгайтирди. Ҳозирги вақтда кредит тарихи “ўртача”, лекин озгина туртки берилса, банкларнинг тез ўсиш имконига эга бўлган яна 500 минг мижози бор.

Энди кредит беришда “скоринг” тизими солиқ ва коммунал тўлов интизоми, расмий айланмаси, экспорт операциялари каби маълумотларни ҳам инобатга олади.

Марказий банк (Т.Ишметов) келгуси йилдан бошлаб муқобил “скоринг” моделини ишга тушириб, кредит бериш шартларини осонлаштиради.

Кўриб турибман, тадбиркорларимизга бундай янги шароит ва имкониятлар жуда маъқул келяпти. Стартап ва финтех йўналишидаги тадбиркорларимиз айтсин, бу сизларга янги имкониятлар эшигини очиб берадими?

Тўртинчи. Кўп тадбиркорлар яхши эслайди. Бундай очиқ мулоқотни бошлаганимизда асосий мурожаатлар солиқ ставкаларини тушириш билан боғлиқ бўларди.

Чет эл билан ишлайдиган тадбиркорлар айтсин, биздаги ҳозирги солиқ юки ҳамкор давлатлар билан рақобат қиладиган даражага етдими?

Соҳада катта ўзгаришларни амалга оширдик. Буни аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлар натижаси ҳам тасдиқлаяпти: уларнинг 79 фоизи сўнгги беш йилда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича шароит анча яхшиланганини айтган. Лекин, тадбиркорлардан солиқ маъмурчилиги бўйича ўринли саволлар тушяпти.

Ш.Қудбиев очиқ мулоқотгача 20 та учрашувда ўзи қатнашди, “кўзи очилиб” таклифлар берди.

Амалдаги тартибга кўра, йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошган корхоналар фойда солиғи бўйича аванс тўлагани учун айланма маблағдан қийинчилик юзага келяпти.

Шу боис, энди ушбу тартиб фақатгина йилига 20 миллиард сўмдан юқори оборот қиладиган корхоналар учун амал қилади. Натижада 14 мингга яқин тадбиркор ихтиёрида қўшимча 1 триллион сўмлик айланма маблағ қолади.

Биз қўшимча қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширганимиз ҳисобига бу солиқ режимида ишлаётган тадбиркорлар сони кун сайин кўпаймоқда. Лекин, ҳали кўпчилик қўшимча қиймат солиғига ўтсам, ҳисоб-китоб қийинлашади, бухгалтер олишим керак, харажат ошади, деган шубҳа билан юрибди.

Шу боис, айланма солиқдан қўшимча қиймат солиғига ўтадиган корхоналар бир йил давомида фойда солиғи тўлашдан озод қилинади, ҳисоботида хатолик бўлса ҳам жарима қўлланмайди, улардаги бухгалтерлар маошининг 5 миллион сўмгача бўлган қисми олти ойгача бундай корхона тўлаётган солиқдан чегириб ташланади.

Бугунги кунда солиқ текширувлари бўйича 20 мингдан зиёд тадбиркор фаолиятида 16 триллион сўмлик хато ва камчиликлар аниқланган.

Бу – минглаб бизнес вакилларининг тадбиркорлик рейтингидаги ўрнига салбий таъсир қилиши аниқ. Шу боис, бугун ўзига хос “амнистия” эълон қиламиз, ушбу текширишлар бўйича жазо қўлланмайди. Бунинг ўрнига 1 ноябргача тадбиркорларимизга барча хато ва камчиликларни ихтиёрий равишда тўғрилаш имкони берилади. Бир сўз билан айтганда, 1 ноябрдан бошлаб, бизнес вакиллари тадбиркорлик рейтингини “тоза саҳифадан” бошлайди.

Икки йил олдин айланмадан солиқ тўловчилар бухгалтериясини солиқчи юритадиган тизим жорий қилдик. Энди бундай хизматлар кўламини кенгайтирамиз.

Келгуси йилдан ер, мол-мулк, ижтимоий ва даромад солиқлари ҳисоботларини шакллантириш бўйича тадбиркорлар мажбурияти бекор қилинади. Ушбу ҳисоботларни солиқчиларнинг ўзи бепул тўлдириб беради. Тадбиркорлар эса 5 кунда ҳисоботга тузатиш киритиши мумкин бўлади.

Ҳисоботни кечиктиргани учун кичик ва йирик бизнес бир хил жарима тўлаяпти, энг ёмони, ҳар бир ҳисобот тури учун алоҳида-алоҳида жарима бор.

Ш.Қудбиев 1 ноябрдан тақдим этилмаган ёки кечиктирилган солиқ ҳисоботлари нечта бўлишидан қатъи назар, ягона жарима қўллайдиган тизим яратади. Бунда кичик бизнес учун жарималар миқдори 3 карра камайтирилади.

Бешинчи. Қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда бизнес ривожланади, инвестиция муҳити жозибадор бўлади.

Сўзимнинг бошида айтганимдек, бизда “оёғида мустаҳкам туриб олган” ишбилармонлар синфи шаклланиб улгурди. Улар шунчаки тадбиркор эмас, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудларнинг ривожига катта ҳисса қўшаётган фаол инвесторларга айланмоқда. Шунингдек, анъанавий сармоялар билан бирга венчур, бонд, крауд-фандинг, стартап каби замонавий инвестиция воситалари ҳам жадал ривожланмоқда.

Тўғри, бизда инвестициявий муносабатларни тартибга солиш, сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга шароитлар яратиш бўйича юзлаб ҳужжатлар бор. Буларнинг барчасини тўғридан-тўғри амал қиладиган ягона қонунга бирлаштириб, Инвестиция кодексини қабул қилиш вақти келди. Бу ҳужжат инвестиция соҳасидаги барча қоида, кафолат ва тартиб-таомилларни бир тизимга солиб, инвестицияларни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Тадбиркорлар жамоатчилик кенгаши бизнес муҳитни яхшилаш бўйича қарорлар тайёрлашда фаоллик кўрсатиб келяпти. Парламентимиз янги кодексни ишлаб чиқишда Жамоатчилик кенгаши билан яқин ҳамкорлик қилса, ўйлайманки, бу ҳам катта самара беради.

Барча ислоҳотларимиз негизида, энг аввало, инсон қадри, тадбиркорларимизнинг манфаатлари мужассам. Шу боис, суд мустақиллигини таъминлаш бўйича қатъий сиёсат олиб борамиз.

Бугунги тадбиркор – бу кечаги тадбиркор эмас. Уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошганини судларга мурожаат кўпайганида ҳам кўриш мумкин. Масалан, ўтган йили иқтисодий ва маъмурий судларда тадбиркорлар билан боғлиқ 81 мингдан зиёд низоли ишлар кўриб чиқилган.

Энди тадбиркорлар иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиши мумкин бўлади.

Судларнинг моддий зарарни ундириш бўйича қарорлари ижроси кечикаётган ҳолатлар бор. Аслида ундирилиши керак бўлган қарздорликнинг ҳар бир кечиккан куни тадбиркорнинг зарарига ишлаяпти. Шунинг учун, халқаро тажриба асосида, “Астрент” тизими жорий қилинади. Бунда моддий зарарни қоплаш кечиктирилган ҳар бир кун учун қарздор ҳисобидан пеня ундириш суд қарорида аниқ белгилаб қўйилади.

Сўнгги йилларда аҳоли ва тадбиркорлардан 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди, яна шунча лицензия рақамлашди. Биргина ўтган йили 16 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилингани натижасида тадбиркорларнинг 350 миллиард сўмлик харажатлари тежалди.

Келгуси йилдан яна 10 турдаги лицензия ва рухсатномаларни бекор қиламиз. Хусусан, аудиторлик ташкилотлари, туризм соҳасидаги ҳунармандлар, туристик ахборот марказлари, транспорт техник кўригини амалга оширадиган тадбиркорлар хабардор қилиш тартибига ўтказилади.

Ҳозирги кунда лицензия, рухсатнома ва хабардор қилиш тартиби бузилса, корхонага ҳам, унинг раҳбарига ҳам жарима қўлланмоқда. Энди бундай ҳолатлар учун фақат корхона жарима тўлайди, мансабдор шахс жавобгарлигини эса бошқарув органи мустақил ҳал қилади.

Яна бир муҳим янгилик – келгуси йилдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш мумкин бўлади. Бунда тадбиркорни рўйхатдан ўтказиш жараёнининг ўзида электрон рақамли имзо берилади, банкда ҳисобрақам очилади, хоҳишига кўра ижара шартномаси расмийлаштирилади, касса аппарати солиқ органида рўйхатдан ўтказилади, шу йўналишга масъул давлат органларига хабарнома жўнатилади. Натижада бу жараёнлар учун талаб этиладиган муддат ҳозирги 1 ҳафтадан 15 дақиқага қисқаради.

Кўчат, минерал ўғит, пойабзал, чорва озуқаси каби санитария- эпидемиология хизмати, ветеринария, карантин назоратида бўлган 32 тоифадаги маҳсулотлар учун мувофиқлик сертификати бекор қилинади.

Мажбурий сертификатланадиган товарлар рўйхатини 459 тага қисқартирдик, яна 288 тага камайтирамиз.

Умуман, маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш ҳамда уни баҳолаш билан боғлиқ миллий инфратузилмани тубдан ислоҳ қилиб, халқаро стандартларга мослаштирамиз. Бунда, аввало, сертификация ўрнига мувофиқликни декларациялаш амалиёти кенг жорий этилади.

Техник жиҳатдан тартибга солиш тизими бутунлай трансформация қилинади. Мамлакатимизга дунёдаги халқаро миқёсда тан олинган энг нуфузли лабораториялар кириб келиши учун барча шароитларни яратиб берамиз.

Энди маҳсулотлар сифати бўйича “бозор назорати” тизимига ўтамиз. Бундан кейин назорат объекти тадбиркор эмас, балки бевосита маҳсулотнинг ўзи бўлади.

“Даладан – дастурхонгача” тамойили асосида санитария-эпидемиология хизмати, ветеринария ва карантин органларининг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича назорат-лаборатория функциялари ягона тизимга бирлаштирилиб, тўлиқ рақамлашади.

Энди тадбиркорлар идорама-идора сарсон бўлмасдан, барча ҳужжатларни “ягона дарча” принципи асосида бир жойдан оладиган бўлади. Бу – ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ва маҳаллий корхоналарнинг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини оширади.

Тадбиркорларимизда давлат харидлари ва биржа савдоларида иштирок этиш бўйича ҳам кўплаб саволлар тўпланиб қолган. Бу масалага пухта тайёргарлик кўриб, келгуси ойда сизлар билан катта йиғилиш ўтказамиз ва барча муаммоларга ечим топамиз.

Давлат органлари ва табиий монополия субъектлари билан шартнома тузишда тадбиркорлар ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишнинг янги механизми жорий этилади. Бунда барча намунавий шартномалар лойиҳалари Бизнес омбудсман, Адлия вазирлиги ва Рақобат қўмитаси томонидан мажбурий экспертизадан ўтказилади.

Бизнес уюшмалар қанча кўп бўлса, тадбиркорларнинг овози шунча баланд янграйди. Шу боис, ўз соҳасининг жонкуяри бўлган энг илғор 10 нафар бизнес эгалари бирлашиб, атрофига ёш тадбиркорларни тўплаб, ортидан эргаштирса, уларга бизнес сирларини ўргатса, ҳаётимизга янги билим ва технологияларни олиб кирса, тадбиркорликдаги кўп муаммоларни бизнес ҳамжамиятнинг ўзи ҳал қила оладиган бўлади. Бундай йўлдан бориб, тадбиркорларга кўмакдош бўладиган уюшмаларни доим қўллаб-қувватлашга тайёрман. Уларнинг аниқ натижага қаратилган дастурлари, лойиҳа ва тадбирларини молиялаштириш учун ҳар йили 10 миллион доллар ажратилади.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Бир масалага алоҳида эътиборингизни қаратмоқчиман. Жаҳон иқтисодиёти, глобал бизнес архитектураси кун сайин ўзгариб, олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда.

Бугунги йиғилишда сизлар кўтарган тизимли масалалар ечимига қаратилган муҳим ташаббусларни айтиб ўтдим.

Энди сизлар билан бевосита мулоқотга ўтиб, яна қандай қўшимча таклифлар бўлса, уларни эшитишга, биргаликда ечим топишга тайёрман.

***

Азиз дўстлар, муҳтарам тадбиркорлар!

Сизлар билан бўладиган ҳар бир учрашув, мулоқот менга алоҳида қувонч, керак бўлса, ғайрат-шижоат бағишлайди. Чунки, сизларнинг тимсолингизда мен Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида олиб бораётган ишларимизнинг амалий натижаси ва ютуқларини кўраман.

Бугун бемалол айта оламизки, мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес “ислоҳотлар катализатори”га айланди. Буни сиз – тадбиркорлар яратдингиз. Бундан фахрлансангиз арзийди.

Ўйлайманки, бугунги мулоқотимиз ҳам ҳар томонлама фойдали ва самарали бўлди. Учрашувда муаммоларни очиқ кўтариб, таклифини баён этган барча бизнес вакилларига миннатдорлигимни билдираман.

Ҳеч нарсадан қўрқманг, интилиш ва изланишдан чарчаманг, фақат олдинга, катта марралар сари дадил қадам ташланг!

Янги Ўзбекистон тараққиётини, истиқболини таъминлайдиган куч бу – тадбиркорлар.

Давлатимизни бой қиладиган куч бу – тадбиркорлар.

Халқимиз, оилалар ҳаётини фаровон қиладиган куч  бу – тадбиркорлар.

Сиз, азизларни Тадбиркорлар куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, ишларингизда ривож, оилавий хотиржамлик тилайман.

Ҳамиша соғ-омон бўлинглар!

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo