icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий музейига асос солди

27.08.2025

Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйди.

Давлатимиз мустақиллиги миллий ўзлигимизни юзага чиқариб, эзгу саъй-ҳаракатларга асос бўлиб келмоқда. Ҳар йилгидек, бу галги истиқлол байрами ҳам яхши янгиликларга васила бўлмоқда. Шундай тарихий воқеалардан бири янги Миллий музейга асос солинишидир.

Ташриф чоғида давлатимиз раҳбарига ушбу иншоот лойиҳаси ва хусусиятлари, қурилиш босқичлари ҳақида ахборот берилди.

Музей Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Япониянинг “Tadao Ando Architect & Associates” архитектура бюроси ҳамда Германиянинг “Atelier Brückner” компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Унинг ташқи қиёфаси айлана, тўрт бурчак ва уч бурчак шаклида бўлиб, Шарқ ва Ғарб маданиятини ўзида уйғунлаштиради. Мажмуа 3 қаватли музей, 2 қаватли ертўла ҳамда ёрдамчи бинолардан иборат бўлади. Хитойнинг “CSCEC International Construction” компанияси томонидан қурилади.

Пойтахтимизда ушбу музей қурилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий боғи яқинидаги майдонга маданият ва санъат намояндалари, олимлар ва адиблар, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари йиғилди.

– Ҳамма соҳада ривожланиш билан бирга қадриятларимизни тиклашга ҳаракат қиляпмиз. Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуаси, Олимпия шаҳарчаси каби улкан иншоотлар қуряпмиз. Бунинг замиридаги асосий мақсад шуки, бу бинолар халқимизга мулк бўлиб қолиши керак. Мана энди яна бир тарихий мажмуа – Ўзбекистон Миллий музейи қурилишини бошлаяпмиз. Бу музей уч минг йиллик бой тарихимизни одамларга, дунё ҳамжамиятига ва келажак авлодга етказадиган илм-маърифат ва маданият маскани бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.

 Қайд этилганидек, ҳозир биргина Тошкентдаги 30 та музейда 1 миллиондан зиёд экспонат бор. Уларнинг 100 минги Давлат санъат музейида бўлиб, шундан бор-йўғи 2 минг 400 таси намойишга қўйилган. Кўргазма заллари етарли бўлмагани сабабли 97 мингдан зиёди омборда сақланмоқда.

– Марказий Осиё, Хитой, Япония, Ҳиндистон ва Европа давлатлари маданиятини ўзида акс эттирган бу ноёб санъат асарлари нафақат бизнинг, балки бутун инсониятнинг беқиёс бойлиги. Уларни асраб-авайлаб, келгуси авлодлар учун бешикаст етказиш, дунё оммасига намойиш қилиш орқали мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданиятини тараннум этиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз, - дея таъкидлади Президент.

Бундай маҳобатли музей юртимиз тарихида илк бор барпо этилмоқда. Унинг умумий майдони 40 минг квадрат метр бўлади. Кўргазма заллари, кутубхона, реставрация лабораториялари ва экспонатларни сақлаш хоналарида энг замонавий қулайликлар ташкил этилади.

Бу орқали ҳозирда пойтахтимизнинг турли музейларида тарқоқ жойлашган тарихий ашёлар, кўҳна ва замонавий санъат асарларини яхлит кўриш мумкин бўлади. Умуман, музейда бир вақтнинг ўзида 10 мингга яқин экспонатни намойиш қилиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, 4 минг квадрат метр майдонда конференция заллари, аудитория ва ресторанлар, болалар майдончалари жойлашади.

Музей ишга тушса, атрофидаги Абулқосим мадрасаси, Халқлар дўстлиги саройи ва Ўзбекистон Миллий боғи билан бир жойда яхлит меъморий композицияга айланади. Юртдошларимиз ва хорижий сайёҳлар ташриф буюрадиган тематик туризм маскани бўлади.

Келажакда ушбу музей дунёга машҳур Лувр, Метрополитан ва Британия музейлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, ноёб экспонатлар олиб келинади ва кўргазмалар ташкил қилинади.

– Ишончим комил, янги барпо этиладиган мажмуа мамлакатимизнинг жаҳон тарихи ва тараққиётида тутган ўрнини янада ёрқинроқ кўрсатади. Бир йил эмас, ўн йил эмас, кўп йиллар давомида халқимизга хизмат қилади, - деди Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари мажмуа пойдеворига капсула қўйиб, қурилишни бошлаб берди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo