icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Мактабгача таълим ва мактаб таълими соҳасидаги устувор вазифалар белгиланди

09.09.2025

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 сентябрь куни мактабгача таълим ва мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакат келажаги, иқтисодиёт ривожи, аввало, билимли авлодга боғлиқ. Шу мақсадда юртимизда боғча ва мактаблар қуриш, замонавий ўқув дастурларини қўллаш, таълим сифатини ошириш бўйича кўп ишлар қилинмоқда.

Ўқитувчиларнинг ойлик маошига 10 дан ортиқ устамалар жорий қилинди. Бугун ўз устида ишлаган 60 мингдан ортиқ педагог 10-12 миллион сўм маош оляпти. Янги баҳолаш тизими бўйича ижобий натижа кўрсатган 300 та мактабнинг бутун жамоаси 40 фоизгача устама олмоқда. Шу ойдан мактаб директорлари, боғча мудиралари ва уларнинг ўринбосарлари ойлиги ҳам 10 миллион сўмдан ошди.

Йил бошидан буён халқаро фан олимпиадаларида юртимиз ўғил-қизлари 195 та медални қўлга киритган. Хорижий тил эгалари жалб қилинган мингдан зиёд мактабда тил бўйича сертификат олган ўқувчилар сони бир йилда 2,5 баробар кўпайган.

Йиғилишда соҳадаги ислоҳотларни давом эттириб, таълимнинг барча йўналишларида катта ўзгариш қилиш зарурлиги таъкидланди.

Бу йил мактабгача таълимда ўринлар сонини 182 мингтага кўпайтириш режалаштирилган. Уларнинг 82 мингтаси янги боғчалар ҳиссасига тўғри келади. Қолган 100 минг ўрин эски боғчаларни таъмирлаш орқали ҳамда хусусий сектор иштирокида ташкил этилади. 

Бунинг учун мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда бўш ерлар аукционга чиқарилади. Уларда давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар қуриш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади. Бундай муассасаларга субсидия бериш, тарбиячилар маошини қисман қоплаш тартиби жорий қилинади.

Янги бино, шароит билан бирга боғча ходимларининг салоҳияти ҳам шунга яраша юқори бўлиши керак. Ёз мавсумида 118 минг нафар тарбиячининг малакаси оширилди. Лекин бу ҳали кам. Давлат боғчаларидаги тарбиячиларнинг 38 фоизи, хусусийларида эса 24 фоизи олий маълумотли.

Шу боис, янги ўқув йилидан ўрта махсус маълумотли тарбиячилар учун 5 кун ишлаб, 1 кун ўқийдиган бакалавр таълим шакли жорий қилинади. Бу орқали боғчаларга ҳар йили қарийб 10 минг олий маълумотли мутахассис кириб келади.

Келаси йили ҳар бир вилоятда боғча тарбиячиларининг педагогик маҳоратини оширишга методик кўмаклашувчи “Янги авлод” боғчалари барпо қилинади.

Йиғилишда мактаб таълимидаги шароит билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Сўнгги уч йилда иқтидорли ўқувчилар учун 201 та ихтисослашган мактаб ташкил қилинган. Лекин 12 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳали якунланмаган.

Олис ҳудудлардаги 74 минг ўқувчи мактабга 5-7 километрдан қатнаяпти. Қашқадарё ва Сурхондарёдаги 100 та мактабга бепул автобус қўйилган. Бу зарурат бошқа вилоятларда ҳам илгари сурилмоқда.

Ўтган йилдан бошлаб 1-синфларда информатика дарс соатлари йўлга қўйилди. Кейинги ўқув йилидан юқори синфларга сунъий интеллект бўйича дарслар киритилади. Бунинг учун 2 мингта синф хонаси компьютер ва интерактив доскалар билан таъминланиши айтилди.

Иқтидорли ёшларга шароит яратиш учун вилоятларда ахборот технологияларига ихтисослашган Ал-Хоразмий, муҳандислик бўйича Мирзо Улуғбек, табиий фанлар йўналишида Ибн Сино мактаблари филиаллари ташкил этилади. Улар ҳудудлардаги техника олий ўқув юртларига бириктирилади. Яхши натижага эришган битирувчилар уларнинг 2-курсига қабул қилинади.

Кейинги йил мактаб ўқувчилари ўртасида энг нуфузли 2 та – халқаро кимё ва информатика олимпиадалари илк бор Ўзбекистонда бўлиб ўтади.

Мутасаддиларга шу борадаги вазифалар бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда ёшлар тарбияси ва бандлиги масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, энди ёш тоифалари бўйича миллий тарбия модели яратилади. Бу орқали болалар замонавий компетенцияга эга мутахассис, миллий қадриятларга содиқ инсон бўлиб тарбияланади.

Болалар контентини ривожлантириш маркази, Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти томонидан ҳафталик мавзуларидан келиб чиқиб, қизиқарли видеороликлар яратилади. Улар “Миллий тарбия” платформасига жойлаштириб борилади.

Ёшларнинг қобилиятини юзага чиқариш, уларни ҳар томонлама шакллантиришда мактабдан ташқари таълим ва спортнинг аҳамияти катта. Шу боис, ушбу тизимни янги босқичга олиб чиқиш, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича Президент қарори имзоланди.

Унга кўра, жойлардаги 219 та “Баркамол авлод” мактаби, “Ёшлик” спорт жамияти, Ўқувчи ёшлар маркази ва Ўзбекистон болалар ташкилоти негизида республика, ҳудуд ва туманларда “Келажак” марказлари ташкил этилади. Мазкур марказлар мактаблар билан узвийликни жонлантириб, ўқувчиларни муҳандислик, илм-фан, маданият, санъат, китобхонлик, спорт ва экология йўналишлари бўйича тўгаракларга жалб қилади.

Бунинг учун ҳар бир ўрта мактабда маслаҳатчи лавозими жорий этилади. Улар ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишига қараб, тил, касб, муҳандислик, ижод, санъат ва спорт тўгаракларини ташкил қилади. Ушбу тўгараклар ва олимпиадаларда эришган натижалари бўйича ёшларнинг “рақамли портфолио”си шакллантирилиб, электрон шаҳодатномада кўрсатилади.

Давлатимиз раҳбари ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш энг долзарб масала эканини таъкидлади.

Юртимизда 450 минг ўқувчини қабул қила оладиган 598 та техникум бор. Лекин уларга ёшларнинг қизиқиши, касб топиш кўрсаткичи юқори эмас. Шунинг учун Президент ва ихтисослашган мактаблар тажрибаси асосида барча техникумларга халқаро стандарт бўйича замонавий касбга ўқитиш муҳитини олиб кириш зарурлиги таъкидланди.

Бу ишларни ягона сиёсат асосида олиб бориш учун Касбий таълим агентлиги ташкил қилинади. Энди инвесторлар буюртмаси билан техникумларда кадрлар мақсадли тайёрланади. Техникум билан дуал таълимни йўлга қўйган корхоналарга имтиёзли кредит ажратилади.

Ривожланган давлатлар тажрибаси асосида касбга ўргатувчи устахоналар ташкил қилиш, хорижий тилларни ўқитишни кенгайтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда мутасаддилар ва педагоглар билан мулоқот бўлди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo