
15.10.2025
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари раҳбарларидан иборат нуфузли делегация бошчилигида мамлакатимизга ташриф буюрган Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳни қабул қилди.
Учрашув аввалида олий мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Саудия кўп қиррали ҳамкорлиги ва кенг кўламли шериклигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Самарали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Барча даражадаги алоқалар фаоллашди. Ўзаро савдо ҳажми, тўғридан-тўғри инвестициялар ва қўшма корхоналар сони ортиб бормоқда. Икки давлат ўртасидаги авиақатновлар кўпайди.
Қўшма лойиҳалар портфели 27 миллиард долларга етди. "ACWA Power" компанияси билан энергетика соҳасида 15 миллиард долларлик қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Куни кеча Тошкент шаҳрида ўтган Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларининг самарали натижалари, улар доирасида янги битим ва шартномалар имзолангани юксак баҳоланди.
"Яшил" энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, кўчмас мулк, мамлакатимиз ҳудудларида инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳа ва ташаббусларни тез фурсатда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.