
21.10.2025
Президент Шавкат Мирзиёев IT-паркка ташриф чоғида сунъий интеллект технологияларини мамлакатимиз вазирлик ва идоралари фаолиятига ҳамда бошқа соҳаларга кенг татбиқ этишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Бугунги кунда дунёда сунъий интеллект иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик каби йўналишларда асосий таянч воситага айланмоқда. Ушбу технологиялар давлат бошқарувида самарадорликни ошириш, ресурслардан тежамкор фойдаланиш ҳамда аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш имконини бермоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишда тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, натижада мамлакатимиз сунъий интеллектни жорий этиш бўйича юқори натижаларга эришмоқда.
Президент бу ютуқлар соҳада қўйилган илк қадамлар самараси эканини таъкидлади. Олдинда эса яна кенг кўламли вазифалар тургани айтилди. Шу боис сунъий интеллектни ривожлантиришга оид лойиҳаларни эътибордан четда қолдирмаслик, илғор ташаббусларни амалиётга жорий этишни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Тақдимотда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллект ечимларини жорий этиш, самарадор тажрибаларни кенг қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Сунъий интеллектни тез ва барқарор ривожлантириш учун хорижий ва маҳаллий тажрибаларни доимий таҳлил қилиш, соҳада фаолият юритаётган ёшларимиз, халқаро экспертлар ва хусусий сектор билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Бу йўналиш ривожининг энг муҳим омили малакали кадрлар тайёрлаш эканлиги қайд этилди.
Кадрлар тайёрлашни жадаллаштириш мақсадида бир қатор инновацион дастурлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Университет – саноат – халқаро ҳамкорлик” сунъий интеллект кластери лойиҳаси тақдимот қилинди. Бу ташаббус доирасида ўқувчиларда сунъий интеллект саводхонлигини ошириш, педагог кадрларнинг малакасини юксалтириш, соҳавий дарсликларни ишлаб чиқиш ва саноат учун замонавий мутахассислар тайёрлаш ишлари белгиланган.
Шунингдек, тақдим этилган “AI Maktab” платформаси эса ёшларни рақамли кўникмалар ҳамда замонавий касбларга ўргатишга қаратилган. Платформа орқали иштирокчилар виртуал ёрдамчи, рақамли маркетолог, AI-контент яратувчи, бизнес-аналитик каби ўнлаб йўналишларда масофавий таълим олади.
Президент ушбу тажрибани кенгайтириш, муҳим соҳалар ривожига ёшларнинг илмий салоҳиятини жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, сунъий интеллект бўйича илмий-ўқув лабораторияларини ташкил этишдан кутилаётган натижаларга эътибор қаратилди. Тижорат банкларида бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди. Яқин истиқболда бундай илмий-тадқиқот ва амалий лойиҳаларни олий таълим муассасаларида кенг йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари сунъий интеллект йўналишида фаолият юритаётган иқтидорли ёшларимизнинг “PromptLab”, “Detecting-AI.com” ва “KotibAI” каби инновацион лойиҳалари билан ҳам танишди.
Эътиборлиси, бу каби дастур ва илова-лар кичик жамоалардан тортиб йирик компанияларгача иш самарадорлигини ошириш, даромад манбаларини кенгайтириш ва интеллектуал меҳнатни енгиллаштиришда катта имконият яратмоқда. Бугунги кунда ушбу маҳаллий ишланмалар молия муассасалари, қурилиш соҳаси ҳамда ижодий жамоалар фаолиятида қўлланилаётгани қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев тақдим этилган чора-тадбир ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлади. Сунъий интеллектни жорий этиш жараёнларини янада жадаллаштириш, илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тавсия ва топшириқлар берди.