icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Янги Тошкентда 55 минг ўринли стадион қурилишига тамал тоши қўйилди

11.11.2025

Президент Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Янги Тошкентда йирик спорт иншооти – замонавий футбол стадиони қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.

Сўнгги беш йилда мамлакатимиз футбол соҳасида туб бурилиш даври бўлди. Жумладан, маҳаллий чемпионатлар тизими ислоҳ қилиниб, болалар ва ўсмирлар академиялари ташкил этилди, ҳудудларда 75 та катта ва 302 та мини стадион фаолият кўрсатмоқда.

Маълумки, 2017 йилда юртимизда ФИФА ва Осиё футбол конфедерацияси талабларига жавоб берадиган майдонларнинг сони атиги 3 та бўлган. Бугун уларнинг сони 10 тадан ошди.

Яқинда Юқори Чирчиқ туманида замонавий Миллий футбол маркази қуриб битказилди. Футбол мактабларида 65 мингдан ортиқ ёшлар машғулотлар ўтказмоқда. Ушбу мактабларга жаҳоннинг нуфузли футбол клубларидан тренерлар, спорт тиббиёти ва фармакологияси бўйича малакали мутахассислар жалб қилинган.

Футболчиларни маҳалладан бошлаб селекция қиладиган тизим яратилди. Бунга алоҳида имтиёзлар жорий қилиниб, 9 мингдан зиёд маҳалланинг 70 фоизида футбол учун мини майдончалар ташкил этилди.

Шунингдек, 1,5 мингта мактабнинг футбол стадионлари таъмирланиб, 1 миллиондан зиёд ўқувчи ва маҳалла ёшлари қамраб олинди. Ёшлар ўртасида маҳалла, туман, вилоят ва республика турнирларини анъанавий ўтказиш йўлга қўйилди.

Мусобақаларда ўзини кўрсатган иқтидорли ёшлар футбол мактабларига тўғридан-тўғри қабул қилинмоқда.

Бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бера бошлади.

– Футбол бўйича олимпия терма жамоамиз ўтган йили Париждаги олимпиадада илк бор иштирок этди. Тарихимизда илк бор миллий терма жамоамиз келгуси йилда бўладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Айни кунларда Қатарда бўлаётган жаҳон чемпионатида ўн етти ёшгача бўлган футболчиларимиз Осиё чемпиони сифатида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда, – деди давлатимиз раҳбари маросимда.

Бугун дунёнинг турли нуфузли клубларида тўп сураётган 20 нафар футболчимизнинг умумий трансфер қиймати 60 миллион доллардан ошди. Айниқса, ўтган ойдан бошлаб ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов Осиёнинг энг қиммат футболчисига айлангани барчамизга  фахр ва ифтихор бағишлайди.

Бу натижалар сўнгги йилларда яратилган имкониятлар ҳисобига миллий футбол мактабининг халқаро даражада тан олина бошлаганидан далолат.

– Яқинда ФИФА президенти Жанни Инфантино мамлакатимизга ташрифи давомида Ўзбекистонда футболга эътибор, яратилган инфратузилма, бошқариш тизимидаги ислоҳотлар билан яқиндан танишиб, ушбу спортдаги туб ўзгаришларни юқори баҳолади. Жаноб Инфантино самимий мулоқотимиз чоғида халқаро футбол ҳамжамиятининг мамлакатимизга бўлган ишончи тобора ортиб бораётгани, Ўзбекистон футболи “Осиё грандлари” даражасида эканини алоҳида таъкидлади, – деди Президент.

2 октябрь куни ФИФА Кенгаши йиғилишида футбол бўйича 20 ёшгача бўлганлар ўртасида 2027 йилдаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.

Ушбу жаҳон чемпионати доирасидаги ўйинлар икки мамлакатдаги 3 тадан стадионда ўтказилади. Жаҳон чемпионатларининг финал ва ярим финал ўйинлари сиғими 50 мингдан кўп бўлган стадионда ўтказилиши ФИФА талабларидан бири ҳисобланади.

– Шу боис, мамлакатимиз футболи учун муҳим лойиҳа – Янги Тошкент стадиони қурилишини бошлаймиз. Қиймати 100 миллион долларлик ушбу стадион қурилиши учун нега айнан Янги Тошкент ҳудуди танланди? Сабаби Янги Тошкент келажакда мамлакатимизнинг янги имкониятлар ва илғор ғоялар марказига айланади, – деди давлатимиз раҳбари.

Янги Тошкент ҳудудидаги барча лойиҳалар замонавий меъморчилик ва миллий қадриятлар уйғунлигида экологик ва “ақлли бошқарув”га асосланиб барпо этилмоқда. Шу умумий концепция асосида қуриладиган янги стадион ҳам табиат билан уйғун бўлади ҳамда “яшил энергия”, “ақлли бошқарув” ва “қулай муҳит” тамойилларига асосланади.

Янги Тошкент стадиони ФИФАнинг барча талабларига мос равишда барпо этилади ҳамда Осиёдаги энг йирик ва замонавий инфратузилмага эга футбол майдонларидан бири бўлади.

Бу иншоот нафақат 2027 йилги 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионати учун, балки бутун ўзбек футболи ва ёшлар спортининг келгуси ўн йиллик ривожи учун хизмат қилиши таъкидланди.

Қайд этиш лозим, мамлакатимизнинг ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган ишончи ва ҳурматининг яна бир ифодасидир.

Шу муносабат билан чемпионатга тайёргарлик бўйича алоҳида давлат дастури қабул қилиниши айтилди. Инфратузилма, транспорт, меҳмонхона, тиббий хизмат ва волонтёрлик тизимлари бўйича масъул вазирликларга аниқ вазифалар белгилаб берилади.

– Янги Тошкент стадиони учун ҳозир биз қўядиган тамал тоши – бугунги меҳнатимизнинг ва эртанги ғалабаларимизнинг асосидир. Ишонаманки, бу улкан иншоот ёшлар учун илҳом, халқимиз учун ифтихор рамзларидан бири бўлиб, юртимиздаги миллионлаб футбол мухлисларига катта совға бўлади, – деди Президент.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент стадиони пойдеворига капсула қўйиб, қурилишини бошлаб берди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo