icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Президент: “Ҳар бир қарор, ҳар бир хизмат, ҳар бир жараён фақат инсон манфаатига хизмат қилиши зарур”

28.11.2025

Президент Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида бюрократияни бартараф этиш масалаларига бағишланган халқаро форумнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари, давлат хизмати соҳасидаги етакчи экспертлар ва жамоатчилик фаоллари қатнашмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида анжуманни ташкил этишдаги кўмаги учун Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавийга самимий миннатдорлик билдирди. Ушбу мамлакат халқи ва раҳбариятини яқинлашиб келаётган айём – Бирлашган Араб Амирликлари ташкил этилган кун муносабати билан муборакбод этди.

– Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган инсонпарвар ғояга амал қиляпмиз, – деди Президентимиз.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун бюрократия, оворагарчилик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва рақамлаштириш, давлат органлари фаолиятини мақбуллаштириш, аҳоли билан давлат идоралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Сўнгги йилларда республикамизда бюрократияни қисқартиришга қаратилган 9 та фармон ва қарор қабул қилинди. Давлат хизматлари марказлари, Ягона портал платформаси, “Рақамли ҳукумат” каби тизимларнинг ташкил этилиши натижасида давлат хизматлари халқимиз учун янада қулай, тезкор ва шаффоф бўлмоқда.

Хусусан, 2017 йилда фақат 444 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 1 минг 40 тага етди. Бунда кўрсатилган хизматлар сони қарийб 10 баробарга кўпайиб, 55 миллиондан ошди. 90 дан ортиқ хизматларни проактив ва композит шаклда кўрсатиш йўлга қўйилди.

Масалан, туғилиш билан боғлиқ хизматларнинг композит шаклда кўрсатилиши ҳар йили қарийб 1 миллион фуқарога қулайлик яратмоқда. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ижтимоий нафақалар, шунингдек, ёшга доир пенсия тайинланиши аҳоли мурожаатларисиз автоматик тарзда амалга оширилмоқда.

Рақамлаштириш натижасида 30 турдаги хизматларни реал вақт режимида олиш имконияти яратилди. Жорий йилнинг ўзида 8 миллионга яқин хизматлар автоматик равишда кўрсатилди. Ҳужжат алмашинувининг электрон шаклга ўтказилиши аҳолининг йилига 23 миллиард сўм маблағлари тежалишига имкон бермоқда.

Шу билан бирга, бизнес вакилларига ҳам енгиллик ва қулайликлар яратиш мақсадида 160 данзиёд лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. 150 дан ортиқ рухсатномалар бугунги кунда электрон шаклда берилмоқда, 140 турдаги ҳужжат ва маълумотларни талаб қилиш амалиётига чек қўйилди.

Давлат хизматлари экстерриториал тамойил асосида кўрсатила бошланди. Шунингдек, “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили амалиётга жорий этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бугун бюрократияни камайтириш бўйича алоҳида дастур тасдиқланганини маълум қилди. Ушбу ҳужжат, энг аввало, давлат ва аҳоли, давлат ва бизнес ҳамда давлат тузилмасининг ички муносабатларида бюрократияни бартараф этиш, ҳар томонлама қулай давлат хизматлари экотизимини яратишни назарда тутади.

– Пировард мақсадимиз – 2030 йилга қадар Ўзбекистонни ортиқча бюрократиядан холи бўлган ҳудудга айлантиришдан иборатдир, – деди Президент.

Дастур доирасида 2030 йилга қадар амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, давлат хизматлари сони 1,5 мингтага, электрон хизматлар улуши 95 фоизга етказилади. Келгуси йилнинг ўзида 250 та хизматлар электрон шаклга ўтказилади. Масалан, автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш, қўшилган қиймат солиғини қайтариш каби хизматлардан электрон фойдаланиш йўлга қўйилади.

 Янги Ўзбекистонда “Қоғозсиз ҳукумат” тизимига тўлиқ ўтилиб, қоғоз айланмасидан бутунлай воз кечилади. Мавжуд 40 миллион ҳужжатлардан 25 миллиони, шундан кейинги йилнинг ўзида 5 миллиони рақамлаштирилади.

 Проактив ва композит хизматларнинг сони 400 тага етказилади. Келгуси йилнинг ўзида 180 турдаги бундай хизматлар жорий этилади.

– Натижада фуқаро мурожаат қилмасдан унга хизмат кўрсатиладиган тизимга ўтамиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Шунингдек, барча давлат хизматлари хатловдан тўлиқ ўтказилади. Бунда бир-бирини такрорловчи, кераксиз, фуқароларга юк бўлаётган талаблар бекор қилинади.

Лицензия ва рухсатномалар бериш, коммунал тармоқларга уланиш, қурилиш соҳасида 300 дан ортиқ давлат хизматлари соддалаштирилади. Масалан, 4 та коммунал тармоққа ягона ариза асосида уланиш имконияти яратилади.

 Хизмат кўрсатиш муддатлари кескин қисқартирилади ҳамда ортиқча ҳужжат ва маълумотлар талаб қилиш бекор қилинади.

100 дан зиёд давлат хизматларининг кўрсатиш муддатлари 50 фоизга қисқаради. 110 дан ортиқ маълумот ва ҳужжатлар талаб қилиш тўлиқ бекор қилинади.

 Давлат хизматлари портали, “Лицензия” тизими, “Ягона дарча” божхона платформаси ва колл-марказлар тўлиқ сунъий интеллект асосида ишлашга ўтади.

Ҳар йили вазирлик ва идоралар фаолияти махсус рақамли платформа орқали баҳоланади. Энг яхши натижага эришган идоралар ва ходимларни рағбатлантириш тартиби жорий этилади.

Дастур натижадорлигини доимий равишда мониторинг қилиш, вазирлик ва идораларнинг бюрократияни қисқартиришга доир фаолиятини мувофиқлаштириш учун алоҳида Дастур офиси фаолияти йўлга қўйилади.

Аҳоли ва бизнес вакиллари учун дастурга қўшимчалар ва янги ташаббусларни тўғридан-тўғри киритиш, шу билан бирга, улар томонидан вазирлик ва идораларнинг дастур доирасидаги фаолиятини баҳолаш имконияти яратилади. Бунинг учун 3 миллион доллар миқдорида мукофот жамғармаси ташкил этилади.

Ушбу жамғарма ҳисобидан бюрократияни бартараф этиш бўйича янги ташаббус билан чиққан аҳоли, бизнес вакиллари ҳамда давлат хизматчилари алоҳида пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.

Шунингдек, қўшимча номинациялар бўйича ҳам рағбатлантириш механизмлари жорий этилади.

– Бюрократияни бартараф этиш – давлатнинг халққа хизмат қилишга қаратилган устувор вазифасидир. Биз биргаликда шундай тизимни яратишимиз керакки, фуқаро давлат идорасига эмас, давлатнинг ўзи ҳар бир фуқаронинг олдига бориши ва муаммосини ҳал қилиши лозим. Бу – Янги Ўзбекистон давлат бошқарувининг замонавий ва инсонпарвар қиёфаси бўлиши зарур, – деди Президентимиз.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, Бюрократияни бартараф этиш дастурини ишга туширди.

Очилиш маросимидан сўнг Президентимиз форум мавзуси, илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти ҳақида жамоатчилик вакиллари билан суҳбатлашди. Юртимизда “Инсон қадри учун” ғояси барча ислоҳотларнинг асосини ташкил этаётгани, бюрократияни бартараф этиш замирида ҳар бир қарор, ҳар бир хизмат, ҳар бир жараён фақат инсон манфаатига хизмат қилиши зарурлиги таъкидланди. 

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo