icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
“Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасига старт берилди

28.11.2025

Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказида сунъий интеллект бўйича халқаро форумнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Тадбирдан аввал давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ёшлари томонидан яратилган сунъий интеллект лойиҳалари ва стартаплар тақдимоти билан танишди. 

Иқтидорли ёшлар билан мулоқотда давлатимиз раҳбари ахборот технологиялари соҳасининг стратегик аҳамияти, унинг мамлакат барқарор ривожи ва рақобатбардошлигида ҳал қилувчи ўрин тутаётганини алоҳида таъкидлади. Тақдим этилган турли соҳаларга оид инновацион ишланмалар Ўзбекистонда шаклланаётган замонавий рақамли экотизим ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг реал самараси эканлиги қайд этилди.  

Шу билан бирга, Президент стартап ва технологик ташаббусларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш, ишланмаларни миллий миқёсда амалиётга татбиқ қилиш ҳамда уларни халқаро бозорга олиб чиқиш муҳимлигини таъкидлади. Бу бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.  

Давлатимиз раҳбари форумнинг очилишида нутқ сўзлар экан, унинг барча иштирокчиларини самимий қутлади.

XXI асрда ахборот технологиялари ва рақамлаштириш ҳар бир мамлакат тараққиётининг асосий мезони сифатида намоён бўлмоқда.

Сунъий интеллект эндиликда фақат айрим соҳалар учун эмас, балки иқтисодиётнинг барча тармоқлари, давлат бошқаруви ва кундалик яшаш тарзимизга чуқур кириб келаётган фундаментал омилга, ҳаётий заруратга айланмоқда. 

– Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида улкан ном қозонган буюк олимлар Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек алгоритм, математика, мантиқ фанлари равнақига муносиб ҳисса қўшиб, ҳозирги сунъий интеллект ривожи учун асос солишда қатнашган, десак, асло муболаға бўлмайди, – деди Президентимиз.

Ана шу бебаҳо мероснинг давомчилари сифатида энг илғор, замонавий технологияларга очиқ бўлишимиз, уни тараққиётимизнинг кучли таянчига айлантиришимиз зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Сунъий интеллект трансформациясини амалга ошириш учун илк қадам сифатида дунёдаги етакчи давлатларнинг энг илғор тажрибаси асосида Миллий стратегия қабул қилиниб, ҳаётга фаол татбиқ этила бошланди. 

Бунинг натижасида мамлакат ялпи ички маҳсулотида рақамли иқтисодиёт улуши икки карра ошди. Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар йўналишида қарийб 2 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилди. 

Мамлакатимизда AT хизматларининг экспорти ҳажми ўтган йилларга нисбатан 4,5 карра ўсиб, 1 миллиард долларга яқинлашгани ҳам ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг натижадорлигини яққол тасдиқлайди.

Шунингдек, куни кеча илк бор инглиз ҳуқуқига асосланган махсус режимда фаолият юритадиган Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилди.

АT соҳасида таълим бераётган олий таълим муассасалари қарийб 3 бараварга ошиб, 145 тага, талабалар сони эса 80 минг нафарга етди.

Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда 2019 йилда бошланган ташаббус – “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида икки миллиондан ортиқ ёшларимиз билим ва кўникмаларини оширди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали бу борада 100 га яқин ёшларимиз дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда. 

– Биз ишонамиз: улар эртага юртимизга қайтиб, сунъий интеллектнинг энг сўнгги ютуқларини таълимга, иқтисодиётга, давлат бошқарувига жорий қилишда етакчи кучга айланади, – деди давлатимиз раҳбари.

Бундан ташқари, сунъий интеллектни таълим тизимига жорий этиш, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш, мактаб ва университетларда соҳа бўйича саводхонликни ошириш дастурлари амалга оширилмоқда. 

Сунъий интеллект технологиялари тармоқлар самарадорлиги, айниқса, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишга янги куч ва мазмун бағишламоқда.

Хусусан, рақамли диагностика тизимлари жорий этилиши натижасида 50 мингдан ортиқ беморга сунъий интеллект ёрдамида аниқ ташхис қўйилди. Бу шифокорларнинг иш юкламасини сезиларли даражада камайтириб, тиббий хизмат кўрсатиш вақтини 5-7 баробар қисқартирди.

Яна бир мисол. Қорақалпоғистонда ўтказилган умуммиллий “Саломатлик марафони” доирасида 45-65 ёш орасидаги аёллар ўртасида 4 мингга яқин маммография текшируви амалга оширилди.

Дастлабки текширув тасвирларининг 70 фоизи юртимиз мутахассислари томонидан яратилган сунъий интеллект платформаси орқали таҳлил қилиниб, уларнинг 98 фоизи шифокорлар томонидан тасдиқланди. Ташхис қўйиш вақти бир неча кундан икки соатгача қисқарди.

АT соҳасидаги инновацион экотизим ҳам сезиларли ўсди. Стартаплар сони сўнгги йилларда 10 баравар ошиб, умумий ҳисобда 300 миллион доллар инвестиция жалб қилинди. 

Давлатимиз раҳбари форумда иштирок этаётган халқаро ташкилотлар ва жаҳоннинг етакчи компанияларини юртимизда сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликка чақирди. 

Хорижий экспертлар кейинги беш йилда сунъий интеллект технологиялари Ўзбекистон иқтисодиётида камида 10 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратишини прогноз қиляпти.

Бундай юқори кўрсаткичларга эришиш учун  барча зарур асослар ва имкониятлар мавжуд. 

 2030 йилга қадар фақат АT хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш, соҳада етишиб чиқадиган миллионлаб ёшлар учун юқори даромадли иш ўринларини яратиш бўйича катта марралар олингани таъкидланди.

Юртимизда сунъий интеллект экотизимини барча соҳаларда жорий этиш мақсадида келгуси йил АҚШнинг “Nvidia” компанияси билан катта супер компьютер кластери ишга туширилади.

– Асосий мақсадимиз – Ўзбекистонни нафақат замонавий технологиялар истеъмолчиси, балки уларни яратадиган, экспорт қиладиган ва глобал миқёсда рақобатлаша оладиган давлатга айлантиришдир. Миллий маҳсулотларимизни халқаро бозорга йўналтириш борасида АҚШнинг Кремний водийсида Миллий трансфер офисини очиб, ёшларимиз ва стартап асосчиларини йирик компаниялар, инвестор ва акселераторлар билан тўғридан-тўғри боғлаш имкониятини яратамиз, – деди Президент.

Эндиликда ёшларимиз мактабдан ташқари ҳам сунъий интеллект билан ишлаш кўникмаларига ўргатилади. Бунинг учун юртимизнинг барча ҳудудларидаги “Келажак марказлари”да СИ мактаб дастури жорий қилинади. 

Мамлакатимизда мактаблар ўртасида ҳар йили сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап ғоялари бўйича танлов ўтказиш тизими йўлга қўйилади.

Республикадаги 14 та ҳудуднинг ҳар бирида ғолибликни қўлга киритган мактабда энг замонавий сунъий интеллект лабораторияси ташкил этилади ва ғояларни тижоратлаштириш бўйича илғор компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатилади.

Соҳадаги истиқболли ёшларни аниқлаш ва уларни қўшимча рағбатлантириш мақсадида “Сунъий интеллект бўйича Президент танлови” ташкил этилади.

Чекка туманлардан тортиб, республика даражасигача ҳар йили 100 нафар энг иқтидорли ёшлар саралаб олинади. Улар АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Европанинг илғор технологик компанияларига стажировкага юборилади. Кейинги босқичда олийгоҳлар учун ҳам ушбу амалиёт жорий этилади.

Юқорида айтилган мақсадлар учун 100 миллион доллар ажратилди ҳамда мазкур маблағ катта режалар ижросини таъминлашга йўналтирилади. 

– Бугун биз Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг узвий давоми сифатида “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасига старт берамиз. Бу оддий дастур эмас, балки ёшларимиз учун янги имкониятлар оламидир, – деди давлатимиз раҳбари.

Лойиҳа доирасида 2030 йилга қадар 4 миллион 750 минг мактаб ўқувчилари ва талабалар, 150 минг нафар ўқитувчилар ҳамда 100 минг нафар давлат хизматчиларини ўқитиш кўзда тутилган. 

Бунда сунъий интеллект мактаб, касб таълими ва олий таълим тизимларига ҳам интеграция қилинади.

– Ишонаманки, “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури келгусида иқтисодиёт драйверига айланиб, мамлакатимизнинг жадал тараққиёти учун шиддат бағишлайди, – деди Президентимиз.

Сафлари тобора кенгайиб бораётган иқтидорли ва ўтюрак ёшлар Янги Ўзбекистоннинг олтин авлоди, чинакам ғурури ва ифтихоридир. Куни кеча юксак интеллектуал салоҳиятли ёшларимизнинг ёрқин вакили бўлган Жавоҳир Синдоров Ҳиндистонда шахмат бўйича Жаҳон кубогида ғалаба қозониб, ўзбек ёшларининг нималарга қодирлигини бутун дунёга яна бир бор кўрсатди. 

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан Жавоҳир Синдоров “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланган эди.

Форумда Президентимиз Жавоҳир Синдоровга ушбу юксак унвонни тантанали равишда топширди. 

Давлатимиз раҳбари сунъий интеллектни кенг тарғиб қилиш, юртимизга илғор мутахассис ва экспертларни жалб этиш, иқтидорли ёшларни соҳага янада қизиқтириш, уларни рағбатлантириш мақсадида  мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойини “Ёшлар учун сунъий интеллект ойлиги” деб эълон қилиш, унинг доирасида “Ипак йўли сунъий интеллект форуми”ни ўтказиб боришни таклиф қилди.

Маросим якунида Ўзбекистонда “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасига старт берилди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo