icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Президентимиз Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига ташриф буюрди

16.12.2025

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг янги биноси ва ўқув-илмий фаолияти билан танишди. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 28 ноябрдаги “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги  Фармони доирасида Бош прокуратура Академияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилган эди.

Академия қисқа вақт ичида тор ихтисослашган таълим муассасасидан прокуратура ва тергов-суриштирув органлари учун кадрларни ягона ёндашув асосида тайёрлайдиган, таълимнинг узлуксиз тизимига эга бўлган, тўлақонли ихтисослаштирилган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасасига айланди.

Академиянинг профессор-ўқитувчилар ва бошқарув ходимлари таркиби прокуратура, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, илмий ва экспертлик муассасаларида амалий тажрибага эга малакали кадрлар билан тўлдирилди.

Ўтган даврда Академияга бириктирилган ҳудуддаги инфратузилма изчил кенгайтирилиб, беш қаватли маъмурий бино, замонавий ошхона, меҳмонхона ва талабалар учун коворкинг майдони қайтадан барпо этилди ҳамда конференц-зал, кутубхона тубдан реконструкция қилинди.

Бундан ташқари, 2 та ўқув корпуси ва 2 та ётоқхона бинолари қайта таъмирланиб, таълим олувчиларни қамраб олиш имконияти икки бараварга оширилди. Ҳозирда эса очиқ ва ёпиқ спорт мажмуаларининг қурилиши давом этмоқда.

Назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида криминалистика полигонлари, суд процесси имитацияси учун махсус заллар, Гезелл ойнаси билан жиҳозланган сўроқ ва таниб олиш хоналари, киберполигон, “даркнет” ва суд-экспертизаси лабораторияларидан иборат жами 12 та махсус хона барпо этилди.

Академияда олий таълимнинг икки босқичли тизими – бакалавриат ва магистратура йўлга қўйилган. 2023/24 ўқув йилидан мамлакатимизда илк маротаба “Турли тизим – ягона ёндашув” тамойили асосида бакалавриатнинг “Тергов фаолияти” ва “Прокурорлик фаолияти” таълим йўналишларида ўқув жараёнлари ташкил этилди. Кибержиноятларга қарши курашишга йўналтирилган “киберпрокурор” ва “кибертерговчи”ларни тайёрлаш учун келгуси йилдан бошлаб “Киберҳуқуқ” бакалавриат йўналиши ташкил этилади.

Магистратурада “Тергов фаолияти”, “Прокурорлик фаолияти” шунингдек, миллий таълим тизимида ягона бўлган “Коррупцияга қарши кураш фаолияти”, “Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб, “Киберхавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш” мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрланади.

Малака оширишнинг сифат жиҳатидан янги тартиби жорий этилиб, прокуратура ва тергов органлари ходимларининг ҳар уч йилда камида бир марта узлуксиз малака ошириш тизими йўлга қўйилган.

Прокуратура органларининг раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш, янги қабул қилинган ходимларнинг бошланғич ихтисослашувини таъминлаш, ваколатли органлар суриштирувчи ва терговчиларини қайта тайёрлаш бўйича янги тизим яратилди.

Масофавий ва аралаш курслар ҳамда ходимларнинг эҳтиёжларига асосланган таълимнинг электив модели қўлланиб келинмоқда. Бу – ҳар бир ходимга бутун хизмат фаолияти давомида шахсий таълим траекторияси бўйича ўз малакасини узлуксиз ошириб бориш имконини яратади.

Портал орқали масофавий ва аралаш курсларни сунъий интеллект технологиялари асосида жорий этиш йўлга қўйилди. Бунда сунъий интеллект асосида яратилган виртуал ассистент ва ҳақиқий тергов амалиётида учрайдиган муаммоли вазиятларни акс эттирган рақамли симуляция видеолари кенг қўлланилмоқда.

Аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш учун юридик клиника ва махсус электрон платформа фаолияти йўлга қўйилган. Бу фаолиятга талабалар жалб этилиб, тажрибали мутахассислар раҳбарлигида амалий кўникмаларини шакллантирмоқда.

Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш илмий-таълим маркази ташкил этилган. Мазкур йўналишда магистрларни тайёрлаш, шунингдек, илмий кенгаш фаолиятини илмий услубий жиҳатдан таъминлаш йўлга қўйилди.

Кибержиноятчилик ва бошқа глобал таҳдидларга қарши курашиш ҳамда бу борада малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ўтган йилда Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида Академия таркибида Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Аҳамиятлиси, замонавий киберлабораторияда 439 та мураккаб рақамли тадқиқот ва экспертиза ўтказилиб, 189 та кибержиноят фош этилган.

Академиянинг лойиҳа офисида АҚШ, Япония, Германия, Жанубий Корея, Россия, Словения ва Швеция каби давлатлардан жалб қилинган экспертлар ҳамкорлигида 15 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Академияда 10 та ихтисослик бўйича илмий даражаларини берувчи кенгаш фаолият олиб боради. Шундан “Коррупция муаммолари” ихтисослиги бўйича илмий кенгаш мамлакатимизда ягона бўлиб ҳисобланади. Академиянинг илмий салоҳияти уч йил ичида 26 фоиздан 67 фоизга етказилди.

Президентимиз Академиянинг суд процесси имитацияси учун махсус заллари, сўроқ ва таниб олиш ҳамда бошқа ихтисослаштирилган хоналари, ахборот-ресурс марказида яратилган замонавий шароитлар билан танишди, талабалар билан мулоқот қилди. 

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo