23.01.2026
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида 2025 йил якунларига қисқача тўхталди.
Таъкидланганидек, ўтган йилда иқтисодиётимиз дастлабки прогнозларга нисбатан анча юқори суръатларда 7,7 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 147 миллиард доллардан ошди. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўсиш суръатлари 2024 йилга нисбатан юқори бўлди. Жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 43 миллиард долларга, экспорт эса 33,8 миллиард долларга етди.
Юқори иқтисодий фаоллик ва ўсиб бораётган истеъмол талабига қарамасдан, инфляция даражаси 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 7,3 фоизга пасайди.
– Иқтисодий ўсиш қанчалик барқарор бўлса, инфратузилмани яхшилашга шунчалик кўпроқ маблағ йўналтириш мумкин бўлади. Бу эса пировардида бандликни таъминлаш, даромадларни ошириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари ортда қолган бир йилда 366 минг оила камбағалликдан чиққани, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушганини қайд этди.
– Буларнинг барчаси ислоҳотларимиз самараси бўлиб, давлат ва халқ ўртасидаги ишонч тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Лекин ҳали олдимизда қиладиган ишларимиз жуда кўп, – деди Президент.
Қайд этилганидек, маҳалла ислоҳотлар қаерда ишлаяпти, қаерда тўхтаяпти деган саволларга аниқ жавоб бериб берадиган асосий бўғин ҳисобланади. Агар маҳаллада ишсиз одам ёки камбағал оила сақланиб қолаётган бўлса, демак, ислоҳот ўша жойга етиб бормаган. Агар “еттилик” тизими аҳоли муаммосини ҳал қила олмаётган бўлса, демак, тизим ишламаяпти.
– Имконият бор, маблағ бор, қарор ва дастурлар бор. Етишмаётган нарса – масъулият ва шахсий жавобгарлик, – деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз мавжуд имкониятларни ишга солишда ҳокимлар ва “маҳалла еттилиги”да методик билим ва амалий тажриба етишмаётгани, масъул вазирлик ва идоралар эса уларга етарли даражада кўмаклашмаётганини танқид қилди.
Мутасаддиларга бир ой муддатда ишсизлик ва камбағаллик юқори бўлган маҳаллалар имкониятларини ўрганиб, энг яхши тажрибалар асосида методик қўлланма ишлаб чиқиш топширилди. Ҳокимлар эса жойларда унинг ижросини таъминлаб, аҳолини иш билан таъминлаш, даромадини ошириш ва уларни қийнаётган масалаларга аниқ ечим топиш учун шахсан масъул бўлади.
Йиғилишда жорий йил учун 1 миллион нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллаларнинг сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингтага етказиш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш вазифалари белгилаб олинди.
Йиғилишда “оғир” туман ва маҳаллаларда аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Аввало, бундай ҳудудларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Шу мақсадда 903 та маҳалланинг ҳар бирида қуввати 300 киловатт бўлган кичик қуёш электр станциялари қурилиб, маҳаллаларга “беғараз актив” сифатида берилади. Ушбу станциялар ҳисобидан ҳар бир маҳаллада 400-500 миллион сўм қўшимча даромад келтирадиган “иқтисодий актив” шакллантирилади.
Олинадиган “яшил” даромадлар “яшил” чора-тадбирларни амалга оширишга, хусусан, эҳтиёжманд хонадонларни энергия тежамкор таъмирлаш, электр харажатларини камайтириш ва турмуш сифатини яхшилашга йўналтирилади. Қуёш станцияларининг эксплуатация қилиш ишларига мазкур маҳаллаларда яшовчи камбағал оилалар аъзолари ишга жалб қилинади.
Бу ишлар ихтисослашув даражаси юқори бўлган яна 1 мингта илғор маҳаллада ҳам амалга оширилади. Кичик қуёш станциялари тайёр ҳолда 7 йил муддатга маҳаллаларга фоизсиз лизинг асосида берилади.
Президентимиз ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда маҳаллаларнинг ихтисослашувини янада чуқурлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Бугунги кунда 903 та “оғир” маҳаллада 100 минг гектар томорқа ва ижара ерлари мавжуд. Агар ҳокимлар “маҳалла еттилиги” билан биргаликда сув таъминотини яхшилаб, уруғ-кўчат билан таъминлаб, ихтисослашувни тизимли йўлга қўйса, аҳоли даромади ва турмуш шароитида кескин ўзгариш қилиши мумкинлиги таъкидланди.
Маҳаллаларда ихтисослашувни рағбатлантириш мақсадида қўшимча молиявий механизмлар жорий этилади. Хусусан, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари учун сертификатланган кўчатларни харид қилиш харажатининг 50 фоизи бюджет ҳисобидан қоплаб берилади. Мева турига қараб, “шпалер”лар учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади. Томорқада томчилатиб суғоришни жорий қилганларга ҳар 1 сотих учун 160 минг сўм компенсация тўланади.
Агар уста деҳқонлар маҳалладаги ҳар 10 та хонадонда экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйса, 2 миллион сўм, агар буни томорқаси бор хонадонларнинг камида 30 фоизида амалга оширса, қўшимча равишда 75 миллион сўмдан мукофот олади.
Шунингдек, жорий йилда 2 минг гектар ўрмон ерлари 4 минг камбағал оилага 50 сотихдан тутзор барпо этиш учун 10 йилга бепул ажратилади. Пиллачилик кооперациясини ташкил этиш учун эҳтиёжманд оилаларга 4 миллион сўмдан субсидия, уйида пилла етиштириш истагида бўлганларга эса хонадонни жиҳозлаш ва ускуна хариди учун 20 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади.
Йиғилишда жорий йилда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм кредит ажратилиши белгилангани қайд этилди.
– Очиғини айтиш керак, ҳозир банклар барча туман ва шаҳарларга бир хил шартда кредит таклиф қиляпти. Лекин Олмазор билан Бўзатовнинг имконияти ва шароити бир хил эмас. Шу боис, 37 та “оғир” туманда “оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида кредитлар 12 фоиздан берилади, – деди Президентимиз.
Барча туманларда “оилавий тадбиркорлик” бўйича имтиёзли кредитнинг энг юқори миқдори 1,5 баробар оширилиб, 50 миллион сўмга етказилади. Импорт қилинган ва сертификатланган наслий чорва учун 100 миллион сўмгача, уй меҳмонхонаси, кичик музлаткич, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш минитехнологиялари учун эса 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.
Чегара ва анклав ҳудудда жойлашган 563 та маҳалладаги тадбиркорлик лойиҳаларининг кредит миқдори 1 миллиард сўмгача оширилади. Бу мақсадда “оилавий тадбиркорлик” дастурларига режалаштирилган 3,6 триллион сўмга қўшимча равишда яна 2 триллион сўм ресурс йўналтирилади.
Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш учун жорий йил банклар томонидан жами 17 триллион сўм кредит ажратилади. Бунда маҳсулот етиштиришга олинган кредитнинг 4 фоизи, уни қайта ишлаш лойиҳаларида эса 6 фоизи компенсация қилиб берилади.
Ҳоким ёрдамчиларининг ишини “лойиҳавий ёндашув” асосида ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.
Ҳар бир туман кесимида “лойиҳавий ёндашув” асосида амалга ошириладиган лойиҳалар портфели шакллантирилади. “Оғир” маҳаллалардаги бўш ер участкалари ва давлат объектларининг бошланғич нархини 2-3 баробарга пасайтириб, уларни сотувга чиқариш амалиёти жорий этилади.
Иш ўрни яратиш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича энг яхши натижа кўрсатган 100 та “оғир” маҳаллага 1 миллиард сўмдан қўшимча маблағ ажратилади. Мазкур маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари Хитой, Туркия, Корея ва Малайзия каби давлатларга бир ойлик малака ошириш курсларига юборилади.
Мисол сифатида Олмазор туманидаги “Кайковус” канали бўйлаб амалга ошириладиган лойиҳа келтирилди. Ушбу каналнинг 2 километр қисми “Эски шаҳар” ҳудудидаги 8 та маҳалладан ўтади. Энди мазкур маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ягона “лойиҳа гуруҳи”га бирлашиб, яхлит концепция асосида канал бўйида савдо, сервис ва дам олиш инфратузилмасини ривожлантириш ишларини амалга оширади.
Худди шу тартибда туризм, таълим, тиббий хизматлар, реновация, кўл бўйлари ва гавжум кўчалар бўйича ҳам ҳоким ёрдамчиларидан иборат махсус “лойиҳа гуруҳлари” ташкил этилади.
“Маҳалла еттилиги” фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича пойтахтда йўлга қўйилган тажриба эндиликда барча туман ва шаҳарларда ҳам жорий этилади. Бундан буён ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси маҳалла раиси тақдимномаси асосида туман ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва озод қилинади.
Давлатимиз раҳбари яна бир муҳим масалага эътибор қаратди. Мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича кенг кўламли тадбир бошлангани қайд этилди.
Ҳозирга қадар жами 7 миллион 613 минг хонадондан 4 миллион 776 мингтаси рўйхатдан ўтган. Бироқ ушбу жараён Тошкент шаҳри, Фарғона, Сурхондарё, Бухоро ва Тошкент вилоятида суст кечаётгани кўрсатиб ўтилди.
– Бу каби муҳим тадбир мамлакатимизда сўнгги 37 йил ичида биринчи марта ўтказилмоқда. Рўйхатга олиш ҳар бир маҳалла ва ҳар бир оиланинг реал ҳолатини аниқлаш, келгуси режаларни шу асосда белгилаш, энг муҳими, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган самарали механизмларни жорий этишга хизмат қилади, — деди Президентимиз ва барча юртдошларимизни рўйхатга олиш тадбирида фаол иштирок этишга чақирди.
Йиғилишда туман ҳокимлари, маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчиларининг ҳисоботлари ҳамда таклифлари тингланди.


