04.02.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг таклифига биноан 5-6 февраль кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.
Дастурга мувофиқ, Исломободда Покистон Президенти Асиф Али Зардорий, Бош вазир Шаҳбоз Шариф, Мудофаа кучлари Олий Бош қўмондони – Қуролли Кучларнинг қуруқликдаги қўшинлар қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир билан музокаралар ҳамда Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари олий даражадаги мулоқотлар кун тартибининг марказида бўлади.
Сиёсий мулоқотни кенгайтириш, икки мамлакат ҳукуматлари, парламентлари, ишбилармон доиралари ҳамда ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим жиҳатлари ҳар томонлама кўриб чиқилади.
Томонлар товар айирбошлашни оширишга, саноат, транспорт ва инфратузилма, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суришга ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратадилар.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Музокаралар якунида Қўшма декларация ва устувор соҳалар бўйича келишувларнинг салмоқли тўплами имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Президенти икки мамлакат етакчи ишбилармон доиралари вакилларининг қўшма бизнес форумида ҳам иштирок этади.


