04.03.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат давомида Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ва зиддиятлар минтақавий барқарорлик ва тинчликка жиддий таҳдид солаётгани таъкидланди. Муқаддас Рамазон ойида мусулмон уммати ўртасидаги келишмовчиликни кучайтирадиган номақбул ҳаракатлардан чуқур хавотир ифода этилди.
Давлат суверенитети, тинчлиги ва осойишталигига хавф солувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш минтақа давлатларининг умумий манфаатларига хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Қатарда бўлиб турган фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни Ватанига қайтариш бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда яратилган шароит учун Амир Аъло Ҳазратларига чуқур миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида Қатар Амири ҳозирги синовли кунларда Ўзбекистон Президентига дўстона мулоқоти, доимий равишда қўллаб-қувватлаб келаётгани, билдирган самимий бирдамлик сўзлари, икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга қаратаётган катта эътибори учун алоҳида ташаккур изҳор этди.


