20.03.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 март куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида етакчилар бир-бирларини муборак Рамазон ҳайити ва баҳорий Наврўз айёми муносабати билан дилдан қутлаб, икки мамлакатнинг қардош халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва бардавом равнақ тиладилар.
Давлатимиз раҳбари Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга ҳам самимий табрикларини йўллади.
Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Барча даражаларда самарали мулоқотлар давом этмоқда. Товар айирбошлаш ҳажмининг барқарор ўсиши, шу жумладан тайёр маҳсулотларни етказиб бериш орқали таъминланмоқда. Яқинда ишга туширилган “Шовот-Тошҳовуз” савдо зонасининг самарали фаолияти ҳам ўзаро савдонинг ошишига хизмат қилмоқда.
Юк ташишлар ҳажми, шу жумладан Туркманбоши порти орқали изчил ортиб бормоқда. Энергетика, саноат, сув хўжалиги ва транспортда кооперация кенгайиб бормоқда, Парламентлараро, ҳудудлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёда юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Барқарор тинчликка эришишнинг ягона йўли вазиятни сиёсий-дипломатик чоралар билан ҳал этиш экани таъкидланди.
Жорий йилда кўзда тутилган кўп ва икки томонлама тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.


