icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида

02.04.2026

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Миллий суверенитет ва давлат мустақиллиги ҳар қайси мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий тараққиётининг энг асосий шарти ва гаровидир. Бу ҳал қилувчи омиллар давлатнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши, халқнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, унинг барча манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Бизнинг миллий мустақиллигимиз мард ва матонатли халқимизнинг қатъий иродаси, истиқлол йўлида курашган фидойи аждодларимиз орзу-умидларининг рўёби бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу ишларимизнинг мустаҳкам асоси, келажак авлодларимиз учун безавол етказишимиз шарт бўлган буюк ва муқаддас қадриятдир.

Мамлакатимизнинг миллий суверенитети ва давлат мустақиллиги ғояларининг сиёсий-ҳуқуқий кафолатларини ўзида мужассам этган янги таҳрирдаги Конституциямиз ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосидаги тараққиёт йўлимиз инсон қадр-қимматини юксалтириш, кўп миллатли жамиятимизда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, унинг мудофаа қобилиятини кучайтириш, минтақада яхши қўшничиликни ривожлантириш ҳамда Ватанимизнинг халқаро обрў-эътиборини оширишда мустаҳкам таянч бўлиб келмоқда.

Миллий истиқлолимизнинг давлатчилигимиз тарихи, ҳозирги ва келажак ҳаётимиз учун беқиёс аҳамиятини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини Янги Ўзбекистоннинг бугунги улкан салоҳияти ва жаҳон майдонидаги нуфузига мувофиқ юксак даражада, муносиб нишонлаш мақсадида қарор қиламан:

1. Қуйидагилар:

(а) “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ғоявий-бадиий концепция ва дастур 1- ва 2-иловаларга мувофиқ;

(б) Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича республика комиссияси таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Республика комиссияси (А. Арипов):

(а) мустақилликнинг 35 йиллигини Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоят ва туман (шаҳар) марказларида, барча маҳаллалар, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, вазирлик ва идоралар тизимида муносиб нишонлаш мақсадида концепциянинг мазмуни
ва асосий йўналишларига мувофиқ чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш ва ижро этишни таъминлаш.

Бунда қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш:

(i) Янги Ўзбекистондаги амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида юзага келган улкан имконият ва ютуқларни кенг ёритиш;

(ii) мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор суръатларда жадал ривожланиб бораётганлиги натижасида фуқароларимизнинг турмуш фаровонлиги ортиб бораётганлигини кўрсатиб бериш;

(iii) юртимизнинг тинчлиги ва чегаралар дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ёритиш;

(iv) истиқлол туфайли миллий қадриятлар, давлатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича эришилган ютуқ ва натижалар аҳамиятини таъкидлаш;

(v) нуронийлар, хотин-қизлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам манфаатларини таъминлашга, ёшларнинг “Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари” сифатида билим ва касб эгаллашлари, тадбиркорлик ташаббуслари ва истеъдодларини рўёбга чиқаришга зарур шароитлар яратилганлигига урғу қаратиш;

(vi) миллатлараро дўстлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини сақлаш ва кучайтиришни барча фуқароларнинг муқаддас бурчи сифатида тарғиб қилиш;

(vii) байрам тадбирларига барча ёшлар, ижтимоий ва этник гуруҳлар ҳамда ватандошларнинг фаол жалб этилишини таъминлаш;

(б) илм-фан, таълим, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, спортчилар, жамоатчилик вакилларидан иборат бадиий-ижодий гуруҳлар тузиш ҳамда улар иштирокида апрель – сентябрь ойлари давомида республика бўйлаб кенг кўламдаги маънавий-маърифий тадбирлар ва ижтимоий лойиҳаларни ўз ичига олган “Мустақиллик тўйи” (фестивали) тадбирларини ўтказиш;

(в) Тошкент шаҳрида ўтказиладиган асосий байрам тадбирига тайёргарлик кўришда таниқли сценарист ва режиссёрлар, шоир ва ёзувчилар, хонанда ва бастакорлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочиларни жалб этиш;

(г) мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида мамлакатимизнинг йирик саноат, маданият, таълим ва спорт муассасаларининг тантанали очилиш маросимларини юқори савияда ташкил этиш чораларини кўрсин.

3. Белгилансинки, Маданият вазирлиги Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган асосий байрам тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича масъул ташкилот ҳисобланади.

4. Бадиий академия, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази 2026 йил 1 июнга қадар миллий мустақиллик ва суверенитет ғояларини, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қиёфасини ўзида акс эттирган “Ватан фидойилари” рамзий монументининг эскиз лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Ушбу монумент Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туман ва шаҳарларда 2026–2030 йилларда барпо этилаётган умуммиллий бирдамлик боғларининг марказий қисмида ўрнатилиши ҳисобга олинсин.

5. Республика Маънавият ва маърифат маркази Янги Ўзбекистон тараққиёти тадқиқотлари институти, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижалари ва эришилган ютуқларга бағишланган “Мустақиллик зафарномаси” махсус китоб-альбомини тайёрласин.

6. Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази 2026 йил апрель ойидан ижтимоий тармоқларда #Mustaqillik35, #Uzb35 хештеглари остида тарғибот акцияларини (флешмоблар, подкастлар, викторина ва бошқалар) бошласин.

7. Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий медиа бирлашмаси 2026 йил апрель ойидан бошлаб “35 йиллик Истиқлол йилномаси” рукнида мустақиллигимизнинг тарихий босқичлари, эришилган ютуқлар ва бунёдкорлик ишларини ёритувчи туркум ҳужжатли фильмлар, кўрсатувлар тайёрлаш ва телеканалларда намойиш этилишини таъминласин.

8. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Адлия вазирлиги ҳамда Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг 2026 йил август ойида Тошкент шаҳрида “Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

9. Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита “Ватандошлар” жамоат фонди, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда 2026 йил август–сентябрь ойларида хориждаги ватандошлар ва ўзбек диаспораси вакиллари иштирокида “Мустақил Ўзбекистон – ғурурим, ифтихорим” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этсин.

10. Марказий банк 2026 йил 1 сентябрга қадар “Мустақилликнинг 35 йиллиги” эсдалик олтин тангасини зарб этиш чораларини кўрсин.

11. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Транспорт вазирлиги 2026 йил 1 майга қадар тегишлича янги ташкил этилган маҳаллалардан ҳамда темир йўл станцияларидан бирига “Мустақилликнинг 35 йиллиги” номини бериш бўйича таклифларни киритсин.

12. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

(а) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан;

(б) Тошкент шаҳрида – Республика комиссияси томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади.

13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлигига юртимиз мустақиллиги, Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш йўли ва халқимизнинг бирдамлиги ҳақида туркум материаллар тайёрлаш ва тарқатиш тавсия этилсин.

14. Республика комиссияси мазкур қарор ижросини назорат қилиш, ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб бориш, зарур ҳолларда, қўшимча чора-тадбирлар кўришни таъминласин.

15. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.Мирзиёев

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo