07.04.2026
Давлат ва жамоат арбоби Вячеслав Аркадьевич Голишев шу йил 7 апрель куни 75 ёшида вафот этди.
Вячеслав Голишев 1951 йил 4 майда Россия Федерациясининг Омск шаҳрида туғилди. 1972 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тугатиб, иқтисодчи мутахассислигини олди. 1980 йилда М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети аспирантурасини тамомлади ва номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Меҳнат фаолиятини матбаа соҳасида иқтисодчи сифатида бошлаб, кейинчалик Тошкент халқ хўжалиги институти, Ўзбекистон Давлат режа қўмитаси ҳузуридаги Иқтисодиёт ва нормативлар илмий-тадқиқот институти ҳамда республика партия ва давлат органларида турли лавозимларда ишлади.
1992-1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жаҳон муаммолари институти директори ўринбосари, Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатди. В.А.Голишев 2005-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт вазири, иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари комплекси раҳбари лавозимларида меҳнат қилиб, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашнинг муҳим йўналишларига раҳбарлик қилди.
Давлат бошқаруви соҳасидаги фаол ва ташаббускор ходим сифатида кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб, ўзининг бой тажрибаси, чуқур билим ва салоҳияти, фидойилик ва ватанпарварлик фазилатларини намоён этди. Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатига оид давлат дастурлари ва концептуал ҳужжатларни ишлаб чиқишда бевосита қатнашди.
Бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига сайланди, парламентаризм, мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг қонунчилик базасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди.
Янги авлод иқтисодчи кадрларини тайёрлаш борасида ҳам фаол иш олиб борди.
Вячеслав Голишевнинг мамлакатимиз ва халқимиз олдидаги улкан хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи” фахрий унвони, “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.
Давлат ва жамоат арбоби, иқтисодиёт соҳасидаги йирик олим ва мутахассис, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Вячеслав Аркадьевич Голишевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш. Мирзиёев, Т. Норбоева, Н. Исмоилов,
А. Арипов, Ш. Аюпов, С.Турдиев


