21.04.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесусни қабул қилди.
Ушбу нуфузли ташкилот билан миллий соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда ЖССТ билан ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар ташкилотнинг эксперт-маслаҳат кўмаги ҳамда унинг халқаро стандартлари ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда.
Ҳамкорлик доирасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган бир қатор стратегик ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Малакали тиббиёт ходимлари тайёрланмоқда, бирламчи тиббий-санитар ёрдам, диагностика ва касалликлар профилактикаси тизимлари такомиллаштирилмоқда, давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилмоқда.
ЖССТ бош директори мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, аҳолининг тиббиёт хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, умр кўриш давомийлигини узайтириш, оналар ўлимини камайтириш ва рақамли тиббиётни ривожлантириш борасида эришилган салмоқли натижаларни алоҳида эътироф этди.
Учрашув якунида фармацевтика соҳасини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасида рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш каби устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда қўшма тадбир ва тадқиқотлар ўтказиш юзасидан келишувларга эришилди.


