27.04.2026
Ҳурматли фестиваль қатнашчилари!
Муҳтарам меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар, санъат мухлислари!
Сиз, азизларни Жайҳун соҳилида, Шарқ гавҳари бўлмиш кўҳна Хива шаҳрида ўтказилаётган мусиқа ва санъат байрами – “Лазги” III халқаро рақс фестивалининг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Фурсатдан фойдаланиб, ЮНЕСКО, ТУРКСОЙ каби нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакилларига, хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, таниқли санъат арбоблари, олим ва мутахассисларга, барча иштирокчиларга ўзимнинг чуқур ҳурматимни изҳор этаман.
Ушбу анжуманга мезбонлик қилаётган қадимий ва бетакрор Хоразм аҳлини алоҳида қутлаб, эзгу тилакларимни билдираман.
Мана шундай шукуҳли баҳор кунларида, боқий ва безавол “Лазги” садолари остида ўтаётган бу гўзал байрам барчамизга муборак бўлсин!
Қадрли анжуман иштирокчилари!
Уч минг йилдан зиёд шонли тарих ва маданиятга эга бўлган халқимиз қалбини, унинг нафис туйғуларини ҳайратланарли даражада нозик ҳаракатлар орқали ифода этадиган ноёб санъат дурдонаси – “Лазги” номи билан аталадиган халқаро рақс фестивали турли элу элатлар ўртасида самарали маданий мулоқот майдонига айланиб бораётгани барчамизни албатта хурсанд қилади.
“Лазги” эзгулик ва гўзаллик, тинчлик ва дўстлик ғояларини асрлар давомида тараннум этиб келаётган, Хиванинг муаззам миноралари каби юксаклик ва улуғворлик тимсоли бўлган мумтоз мусиқий обидадир.
Айнан ана шундай беназир хусусиятларига кўра, мазкур нодир асар 2019 йилда ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатидан муносиб жой эгаллади ва халқаро миқёсда тобора юксак қадр-қиммат касб этиб бормоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Миллий балети гуруҳи томонидан “Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси” балети жаҳондаги нуфузли саҳналарда муваффақиятли намойиш этиб келинаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Ҳозирги вақтда Янги Ўзбекистонда маданият ва санъат ривожига устувор аҳамият берилмоқда. Хусусан, миллий рақс санъатини юксалтириш, соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, хореография соҳасида замонавий таълим тизими йўлга қўйилгани, машҳур “Баҳор” ансамбли фаолияти қайта тиклангани, “Лазги” ансамбли ва бошқа ижодий жамоалар қўллаб-қувватланаётганини таъкидлаш лозим.
“Лазги” халқаро рақс фестивали мамлакатимизнинг маданий дипломатиясида муҳим ўрин тутадиган стратегик платформадир. Ушбу анжуман халқаро маданий бренд сифатида шаклланиб, унинг географияси ва иштирокчиларининг сони йил сайин ортиб бораётгани, бугунги фестивалда дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан юзлаб санъаткорлар, рақс жамоалари, олим ва экспертлар иштирок этаётгани диққатга сазовордир.
Биз ёшлар ўртасида мумтоз санъатимизга қизиқишни янада ошириш, уларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришда “Лазги” рақсидан маҳорат ва тажриба мактаби сифатида фойдаланишни давом эттирамиз.
Ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётган халқаро фестивалнинг нуфузи келгусида янада юксалиб, у жаҳон маданий ҳаётида муносиб ўрин эгаллайди деб ишонаман.
Сизларни бугунги санъат ва маданият байрами билан яна бир бор қутлар эканман, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, санъат оламида янги ютуқ ва зафарлар, анжуман ишига эса муваффақиятлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти


