icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Муҳташам илмий-маърифий ва туризм мажмуаси бутун Фарғона ривожида янги даврни бошлаб беради

27.04.2026

Марғилон шаҳрида “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари Фарғона аҳлини ушбу тарихий воқеа билан самимий табриклаб, мажмуа нафақат Марғилон, балки бутун Фарғона водийси маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда Фарғона вилоятини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури изчил амалга оширилмоқда. Қўқонда аэропорт қайта тикланди, Марғилон ва бошқа шаҳар-туманларда замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, таълим, тиббиёт ва маданият масканлари, IT-парклар, “Янги Ўзбекистон” турар жой массивлари барпо этилмоқда.

Бу ишлар аҳоли учун қулай меҳнат ва турмуш шароитини яратиш, инсон қадрини улуғлаш ва ҳудудларга Янги Ўзбекистон руҳини олиб киришга хизмат қилмоқда.

Президентимиз Фарғона вилояти сўнгги йилларда нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсдаги йирик тадбирларга ҳам мезбонлик қилаётганини таъкидлади. Қўқонда халқаро ҳунармандчилик фестивали, Риштонда кулолчилик анжумани ўтказилиши яхши анъанага айланган. Марказий Осиё мамлакатларининг ҳудудлараро ҳамкорлик форумлари ҳам Фарғонада муваффақиятли ташкил этилмоқда.

Сўнгги йилларда миллий меъморчилик ечимлари асосида, тарихий ва замонавий анъаналарни уйғунлаштирган йирик туризм мажмуалари барпо этилмоқда. Самарқандда “Буюк ипак йўли” ва Имом Бухорий мажмуалари, Хоразмда “Арда Хива” халқаро туризм маркази ишга туширилди. Тошкентда очилган Ислом цивилизацияси маркази ҳам бу борада улкан қадам бўлди.

Ушбу марказ экспозициясида Фарғона тарихига алоҳида ўрин ажратилгани, тўрт йирик порталдан бири Қўқон портали деб аталгани, Биринчи Ренессанснинг буюк намояндалари – Аҳмад Фарғоний ва Бурҳониддин Марғиноний мероси атрофлича ёритилгани қайд этилди.

Туризм инфратузилмасини ривожлантириш ўз самарасини бермоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга 3 миллионга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрди, туризм экспорти 1,1 миллиард доллардан ошди.

Давлатимиз раҳбари Фарғона заминининг бой маънавий ва маданий меросига алоҳида тўхталди. Увайсий, Нодира, Анбар отин, Дилшод Барно, Гулханий, Муқимий, Фурқат, Завқий, Чархий, Собир Абдулла каби шоир ва адиблар, Азиз Қаюмов, Эркин Воҳидов, Худойберди Тўхтабоев, Умарали Норматов, Анвар Обиджон каби олим ва ижодкорлар халқимиз маънавий хазинасига улкан ҳисса қўшгани таъкидланди.

Ўзбек санъати ва маданияти равнақига Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комилов, Муҳиддин Қориёқубов, Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов каби улуғ санъаткорлар беқиёс ҳисса қўшгани қайд этилди.

Президентимиз санъат аҳлининг меҳнати ва истеъдодини қадрлаш, уларнинг ижодий меросини келажак авлодларга етказиш борасида катта ишлар режалаштирилаётганини билдирди. Шерали Жўраев ва Фаррух Зокиров мактаблари ташкил этилгани, келгусида фарғоналик устоз санъаткорларнинг ҳам маҳорат мактаблари очилиши маълум қилинди.

Давлатимиз раҳбари “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуаси Фарғона ривожида янги даврни бошлаб беришини қайд этди.

Миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган 35 гектарлик мажмуа Ислом ҳуқуқшунослиги институти, мақом театри, очиқ амфитеатр, ўлкашунослик музейи, адиб ва санъаткорлар хиёбони, ҳунармандлар маркази, меҳмонхона ва сервис шохобчаларини ўз ичига олади.

Мажмуа Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, ҳудуднинг қадимий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

Президентимиз бу муҳташам обида Янги Ўзбекистон мўъжизалари қаторидан муносиб ўрин эгаллаб, Фарғона вилоятининг ташриф қоғозларидан бирига айланишига ишонч билдирди.

– Биз ушбу мажмуани айнан Марғилон шаҳрида барпо этганимиз замирида жуда чуқур тарихий ва ҳаётий ҳақиқат мужассам. Бу табаррук шаҳар кўплаб илм ва маърифат эгаларини вояга етказган. Тарихий манбаларда айтилишича, мазкур қутлуғ маскан “Маърифат аҳлининг ватани” деган юксак шарафга сазовор бўлган.

Биз ана шундай қудратли маънавий меросимизга таяниб, Марғилон, бутун Фарғона тарихининг шон-шараф китобига янги саҳифалар битмоқдамиз. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари мажмуани бунёд этишда иштирок этган олим ва лойиҳачилар, муҳандис ва қурувчилар, ишчи-хизматчилар ҳамда ушбу эзгу ишга ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорлик билдирди.

Маросим катта концерт дастури билан давом этди. Фольклор-этнографик жамоалар ҳамда санъаткорларнинг чиқишлари, миллий ўйин ва аскиялар барчага завқ-шавқ улашди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo