icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишидаги нутқи

04.05.2026

Ҳурматли Масато Канда Жаноблари!

Ҳурматли банк бошқарувчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Сизларни Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишида кўриб турганимдан беҳад мамнунман. Бундай нуфузли анжуманнинг юртимизда ўтказилаётгани бизга албатта ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Бир неча минг йиллик тарихга эга, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган диёримиз қадимдан Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғловчи марказ бўлиб келган. Бу ерда азалдан дунё тамаддуни, илм-фан ва савдо йўллари туташган.

Буюк тарих ва ёрқин келажакни ўзида мужассам этган Янги Ўзбекистон эндиликда халқаро миқёсдаги долзарб масалалар муҳокама этиладиган йирик масканга айланиб бормоқда. Ишончим комилки, Самарқанд анжумани илғор фикр ва янги ташаббусларни илгари суришга, муҳим қарорлар қабул қилишга хизмат қилади.

Янги Ўзбекистонга хуш келибсиз!

Азиз меҳмонлар!

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиёти мутлақо янги ривожланиш даврини бошдан кечирмоқда. Биз 2016 йилдан буён иқтисодиётни эркинлаштириш, инвесторлар учун жозибадор муҳит яратиш, глобал қўшилган қиймат занжирида фаол қатнашиш, ҳудудларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини тубдан янгилаш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича катта ислоҳотларни олиб боряпмиз.

Тарихан қисқа вақт ичида меҳнаткаш ва бунёдкор халқимиз билан мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтдик. Сўнгги йилларда иқтисодиётимизга 150 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилиб, минглаб замонавий корхоналар ишга туширилди. Биргина энергетика соҳасида 35 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ҳисобига электр ишлаб чиқаришни 1,5 баробар ошириб, 87 миллиард киловатт-соатга етказдик. Бу даврда товар ва хизматлар экспорти 3 карра ўсди, иқтисодиётимиз ҳажми эса 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларга етди.

Бундай ижобий натижалар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. 2020 йилдан буён Ўзбекистон суверен кредит рейтингларида  ўз ўрнини барқарор ошириб бормоқда. Иқтисодий эркинлик индексида бу йил юртимиз 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди. Глобал беқарорлик шароитида ҳам иқтисодиётимиз биринчи чорак якуни бўйича 8,7 фоизли ўсишга эришди.

Энг муҳими, ислоҳотларимизда ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётини яхшилашга асосий эътиборни қаратдик. Биз ўтган даврда 8,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли даромадини ошириб, камбағаллик даражасини қарийб 35 фоиздан бугунги кунда 5,8 фоизга туширишга эришдик. Ўзбекистон охирги ўн йилда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда энг катта ижобий ўзгариш қилган бешта давлатдан бири бўлди.

Биз 2030 йилга қадар Ўзбекистонда барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш орқали иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш ниятидамиз. Натижада даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига киришни ҳамда камбағалликка тўлиқ барҳам беришни мақсад қилганмиз.

Яқин кунларда 13 та стратегик йирик корхоналар активларини ўз ичига олган Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоиз улушини халқаро фонд бозорига чиқарамиз. Аминманки, бундай муҳим қадам ҳамкорларимизнинг юртимиз инвестиция муҳитига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қадрли дўстлар!

Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларда Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг ўрнини алоҳида эътироф этамиз. Ишончли стратегик шеригимизга айланган Банк билан ҳозирги кунга қадар қарийб 16 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Айниқса, Осиё тараққиёт банки мамлакатимиздаги қайта тикланувчи энергетика, қишлоқларда уй-жой қурилиши ва Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорлик йўналишларида илк кунлардан елкадош бўлганини юксак қадрлаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бизни доимо қўллаб-қувватлаб келаётгани учун Осиё тараққиёт банки Президенти Масато Канда жанобларига ҳамда Банк Бошқарувчиларига шахсан ўзим ва бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдираман.

Шу билан бирга, яқин ҳамкорлик учун Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молия институтлари раҳбариятига, шунингдек, барча хорижий шерикларимизга алоҳида ташаккур изҳор этаман.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Биз Осиё тараққиёт банки билан камбағалликни қисқартириш, инсон капиталини ривожлантириш, замонавий инфратузилма барпо этиш каби муҳим йўналишларда яқин ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ режаларни белгилаб олдик. Куни кеча Банк билан 12 миллиард долларлик янги ҳамкорлик дастурини имзоладик.

Барчангиз яхши хабардорсиз, бугунги таҳликали замонда жаҳон иқтисодиётида мураккаб ўзгаришлар рўй бермоқда, янги технологиялар жадал кириб келяпти. Барқарор тараққиётни таъминлаш учун Банк билан ҳамкорликда янги механизм
ва таъсирчан ёндашувларни жорий этишни даврнинг ўзи биздан талаб этмоқда.

Биринчидан, бугун рақамли технология ва сунъий интеллект деярли барча соҳаларни мутлақо янги форматга олиб чиқмоқда.

Жаҳон савдо ташкилоти прогнозларига кўра, 2040 йилга бориб, сунъий интеллект ҳисобига халқаро савдо айланмаси қўшимча 40 фоизга ошади.

Биз ахборот технологияларини ривожлантиришга жиддий киришганмиз. Ўзбекистонда инновация ва билимларга асосланган Сунъий интеллект хабини ташкил қилишни бошладик. Иқтисодиёт тармоқларида 200 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳалари устида ишлаяпмиз. Ҳудудларда дата марказлар, супер компьютерлар ва сунъий интеллект лабораторияларини кўпайтириш, “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари”ни тайёрлаш бўйича дастурларни амалга оширяпмиз.

Бу йўналишларда Осиё тараққиёт банки ҳамда АҚШ, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Корея ва Хитойдаги ҳамкорларимиз бизга яқиндан ёрдам бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Албатта, таълим, тиббиёт, сув хўжалиги, экология, озиқ-овқат хавфсизлиги каби аҳолининг бирламчи эҳтиёжи учун энг зарур бўлган йўналишларда ҳам очиқ сунъий интеллект моделларидан фойдаланиш талаб этилмоқда.

Бунинг учун Осиё тараққиёт банки шафелигида Ривожланаётган мамлакатларда сунъий интеллект кўламини ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Шунингдек, Банкнинг “Осиё учун рақамли магистраль” ташаббусига қўшилишимизни маълум қиламиз ҳамда Тошкентда унинг минтақавий мувофиқлаштириш марказини очиш таклифини илгари сурамиз.

Иккинчидан, рақамли технология ва сунъий интеллектнинг ривожланиши, ўз навбатида, энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжни кескин оширмоқда.

Халқаро энергетика агентлиги таҳлилларига кўра, 2030 йилга бориб, дата марказларнинг электр энергиясига бўлган талаби ҳозиргидан 2-3 карра ошади. Бундай шароитда инвесторларга арзон, ишончли ва “яшил” энергия таклиф қилган давлатларгина глобал бозорда рақобатбардош бўла олади.

Биз бу борада дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда 5 минг 600 мегаваттли йирик шамол ва қуёш электр станцияларини ишга тушириб, генерацияда “яшил” энергия улушини 30 фоизга етказдик. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 54 фоизга олиб чиқишни режа қилганмиз.

Умуман олганда, минтақамизнинг қайта тикланадиган энергия генерацияси бўйича жуда катта салоҳияти бор. Тоза энергия экспортини кенгайтириш учун Марказий Осиё – Европа “яшил” энергетика коридорини яратишда Осиё тараққиёт банки кўрсатаётган ёрдамни миннатдорлик билан таъкидлаймиз. Минтақа давлатлари Банк билан ҳамкорликда қисқа муддатларда ушбу “энергетик артерия” лойиҳасини бошлашига ишонамиз.

Учинчидан, ўзаро боғлиқ транспорт тизими ва логистика йўлаклари барқарорлигини таъминлаш энг долзарб масалага айланмоқда.

Жаҳондаги зиддиятлар оқибатида логистика коридорлари ўзгариши ҳозирнинг ўзида Марказий Осиё давлатлари учун юк ташиш харажатининг 30 фоизгача ошишига, етказиб бериш муддатлари эса бир неча ҳафта кечикишига сабаб бўлмоқда.

Хабарингиз бор, Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари бошланган. Ушбу янги транспорт йўлаги ҳисобига бутун минтақанинг транзит салоҳияти сезиларли даражада ошади. Маҳсулотларни етказиб бериш муддати 10 кунгача қисқаради, йилига 15 миллион тоннагача юк ташиш имконияти яратилади.

Бу борада Банкнинг Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида “Рақамли божхона ва логистика альянси”ни ташкил этишни таклиф этамиз. Бунинг натижасида божхона тартибларини уйғунлаштириш, ҳужжатлар айланишини рақамлаштириш, чегара орқали юк ташишларни енгиллаштириш имконияти яратилади.

Тўртинчидан, Банк иштирокида хусусий сектор билан ҳамкорликни янада кучайтиришдан манфаатдормиз.

Айниқса, ҳозирги технологиялар асрида критик минераллар учун рақобат кун сайин авж олаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Халқаро экспертларнинг хулосаларига кўра, 2040 йилга бориб, саноат учун муҳим минералларга талаб 6 баробар ошади. Бу – янги имконият. Ўзбекистон мис, вольфрам, молибден, магний, графит, ванадий, титан ва бошқа минералларнинг катта захирасига эга. Биз бу салоҳиятни ишга солиш мақсадида кореялик ҳамкорларимиз билан R&D маркази фаолиятини йўлга қўйдик. Тошкент ва Самарқанд вилоятларида “Келажак металлари технопарки”ни бунёд этмоқдамиз. АҚШ, Хитой, Туркия каби давлатларнинг йирик компаниялари билан қиймати 1,6 миллиард долларлик 70 дан зиёд лойиҳани бошлаганмиз.

Биз нафақат фойдали минералларни қазиб олиш, балки уларни чуқур қайта ишлаш орқали иқтисодиёт ривожига янги туртки беришни мақсад қилганмиз. Осиё тараққиёт банкининг “Критик минералдан – ишлаб чиқаришга” дастурига қўшилиш ва унинг доирасида юқори қўшимча қийматга эга бўлган лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этамиз. Бунда геология-қидирув ишларида замонавий технологиялар ва рақамли ечимларни жорий қилиш, қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнларига экологик стандартларни татбиқ этиш, критик минералларни етказиб беришнинг барқарор занжирларини яратиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Бешинчидан, иқлим ўзгариши ва чўлланиш жараёнлари Марказий Осиё мамлакатлари тараққиёти учун жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Экологик муаммолар оқибатини юмшатиш мақсадида беш йилдан буён “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиб келяпмиз. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар яшил қопламали ҳимоя ўрмонзорларини яратдик. Ўзбекистонда 2030 йилгача яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш бўйича катта марра олганмиз.

Айни пайтда Осиё тараққиёт банки ҳам 2030 йилгача мўлжалланган иқлим соҳасида Ҳаракатлар режасини самарали амалга ошириб келмоқда. Банк ажратаётган йиллик маблағларнинг 50 фоиздан кам бўлмаган қисмини иқлим лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирмоқда.

Ўйлайманки, бундай эзгу саъй-ҳаракатларни Банк ва минтақа мамлакатлари билан биргаликда рўёбга чиқарсак, натижаси янада юқори бўлади. Шу боис, “Марказий Осиё яшил белбоғи” минтақавий лойиҳасини амалга оширишни таклиф этамиз.

Олтинчидан, дунёдаги нотинчлик туфайли миллионлаб туристлар хавфсиз йўналишларни қидирмоқда.

Марказий Осиё зиёрат, маданий, гастрономик, этно, экстремал, тиббиёт каби туризм йўналишларида катта салоҳиятга эга. Бу соҳага алоҳида эътибор қаратиб, зарур инфратузилма, сервис, виза ва транспорт, энг муҳими, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширдик. Бунинг ҳисобига ўн йил ичида Ўзбекистонга хорижий туристлар оқими 6 карра ошиб, 12 миллион нафарга етди.

Яқинда Тошкент шаҳрида очилган Марказий Осиёнинг илм-фан ва маънавий хазинаси сифатида эътироф этилаётган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда барпо этилган буюк аллома Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси юртимизнинг янги дурдоналарига айланди. Бундай мажмуалар қўшни мамлакатларда ҳам бунёд этилмоқда. Шу боис минтақа давлатларини бирлаштирадиган туристик макон – “Марказий Осиё туризм ҳалқаси”ни яратиш ташаббусини илгари сурамиз. Қўшни давлатлар, Осиё тараққиёт банки ва бошқа ҳамкорларимизни туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳалар портфелини шакллантириб, биргаликда молиялаштиришга чақирамиз.

Юқорида айтиб ўтилган барча таклиф ва ташаббусларни биз Осиё тараққиёт банки билан фақат суверен кредитлар доирасида эмас, балки давлат-хусусий шериклик, кафолат инструментлари, аралаш молиялаштириш ва хусусий капитални жалб этиш орқали фаол ҳамкорликда амалга оширишга тайёрмиз. Шу муносабат билан минтақавий лойиҳалар учун Инновацион молиялаштириш платформасини шакллантиришни таклиф этамиз.

Ҳурматли Банк бошқарувчилари!

Ҳозирги кунда жаҳон иқтисодиётида рўй бераётган кескин ўзгаришлар Осиё тараққиёт банкининг кенг минтақамиз ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини таъминлашдаги муҳим ўрнини янада оширмоқда. Бу борада биз Банк Президенти, халқаро молия ва иқтисодий муносабатлар соҳасида катта билим ва тажрибага эга бўлган Масато Канда жанобларининг олиб бораётган самарали ислоҳотларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Қадрли йиғилиш иштирокчилари!

Бугунги анжуманда дунёнинг 100 дан ортиқ давлати, халқаро молия ташкилотлари, етакчи банклар ва компанияларнинг нуфузли экспертларидан иборат 4 мингдан зиёд вакиллар қатнашмоқда.

Самарқанд платформасида илгари суриладиган муҳим таклиф ва ташаббуслар келгусида катта амалий натижаларга, ҳар бир келишув эса аниқ ва фойдали лойиҳаларга айланишига ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни Янги Ўзбекистоннинг гўзал табиати, тарихий обидалари, юртимизнинг замонавий архитектура қиёфаси билан яқиндан танишишга таклиф қиламан.

Сўзимнинг якунида, сизларга мустаҳкам соғлиқ, масъулиятли фаолиятингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo