15.05.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Туркистон шаҳрининг тарихий-маданий марказида бўлди.
Олий мартабали меҳмонлар Марказий Осиёдаги ислом меъморчилигининг ёрқин ёдгорликларидан бири, Қозоғистоннинг бош маънавий маркази бўлган Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилдилар.
XIV аср охирида Амир Темур фармойишига биноан барпо этилган ушбу мақбара бугунги кунда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлиб, Марказий Осиёдаги ўрта аср ислом меъморчилигининг энг ноёб ва муҳташам намуналаридан бири ҳисобланади. Унинг қурилиши 1389-1391 йилларда бошланиб, XIV аср охирига қадар давом этган. Мажмуани бунёд этишда Мовароуннаҳр усталари, шунингдек, бошқа ҳудудлардан келган меъмор ва наққошлар қатнашган.
Етакчилар буюк сўфий шоир ва мутафаккир хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
Шунингдек, делегациялар раҳбарлари “Ҳазрат Султон” музей-қўриқхонасининг ташрифлар маркази билан танишди. Бу ерда зиёратчилар ва меҳмонларни қабул қилиш, кўргазмалар ташкил этиш ҳамда Туркистоннинг бой тарихий-маданий меросини намойиш қилиш учун замонавий шароитлар яратилган. Марказда ўрта асрлар даврига оид ноёб меросни сақлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган доимий музей экспозицияси – “Ноёб экспонатлар зали” алоҳида ўрин тутади.
Экспозицияда Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси билан боғлиқ нодир тарихий ёдгорликлар, жумладан, XIV-XV асрларга мансуб осори атиқалар, ўрта асрлар меъморий ва амалий безак санъати ҳамда кулолчилик намуналари ўрин олган. Мақбаранинг асл эшиги, Хожа Аҳмад Яссавий қабри устидаги ёпинчиқ, Амир Темур томонидан ҳадя қилинган бронза шамдонлар, шунингдек, Туркистоннинг қадимий тарихини очиб берувчи археологик ва керамик топилмалар шулар жумласидан.
Бундай ёдгорликлар ва маданий лойиҳалар маънавий меросни асраб-авайлаш, тарихий хотирани мустаҳкамлаш, муштарак илдизлар, эътиқод ва анъаналар билан боғланган қардош халқларимизни янада яқинлаштиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.


