icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Президенти шаҳарларни барқарор ривожлантириш борасида қатор ташаббусларни илгари сурди

18.05.2026

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 май куни Бокудаги Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси доирасида бўлиб ўтган Етакчилар саммитида иштирок этди.

Тадбирда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Сербия Президенти Александр Вучич, Болгария Президенти Илияна Йотова, Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури ижрочи директори Анаклаудия Россбах ҳамда қатор бошқа хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда молиявий институтлар вакиллари қатнашди.

Форумда шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш, шаҳар муҳити сифатини ошириш, иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда уй-жой қурилишини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида форумнинг “Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар” мавзуси жадал урбанизация шароитида бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Таҳлилларга кўра, XXI аср ўрталарига бориб, сайёрамиз аҳолисининг қарийб 70 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади.

Давлатимиз раҳбари урбанизация жараёнларининг жадаллашуви ижтимоий муаммоларни ҳам кучайтириб бораётганини қайд этди. Бугун дунёда қарийб 3 миллиард инсон бирламчи яшаш шароитларидан маҳрум, уларнинг бир миллиарддан зиёди норасмий турар жойлар ва харобаларда кун кечирмоқда, 300 миллиондан ортиқ одам эса умуман бошпанага эга эмас. Иқлим ўзгаришлари, таҳликали халқаро вазият ва иқтисодий инқирозлар глобал миграциянинг янги тўлқинларини пайдо қилиб, шаҳарлар юкламасини қўшимча равишда оширмоқда.

– Оддий қилиб айтганда, урбанизация жараёнлари глобал барқарорлик ва хавфсизликка тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи жиддий омилга айланмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз шаҳарларни барқарор ривожлантириш Янги Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга масалалардан бири эканини таъкидлади. Яқин 15 йил ичида мамлакатимиз аҳолиси 38 миллиондан 50 миллион нафарга, урбанизация даражаси эса 51 фоиздан 65 фоизга етиши кутилмоқда.

Шу муносабат билан мамлакатимизда шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва уй-жой қурилишини кенг кўламда ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда. Охирги ўн йилда қурилаётган уй-жойларнинг йиллик сони 10 баробар ошиб, 2025 йилда 238 мингта хонадонга етди, 2030 йилда эса бу кўрсаткич яна 1,5 баробар ошади. Аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш дастурларига ҳар йили бюджетдан қарийб 2 миллиард доллар маблағ ажратилмоқда.

Норасмий турар жойлар муаммосини ҳал қилиш учун 2024 йилда алоҳида қонун қабул қилиниб, 100 мингга яқин уйга ҳужжат расмийлаштириб берилди. Бундан ташқари, мамлакатимизда эскирган уй-жойларни янгилаш бўйича реновация дастури амалга оширилиб, янгиланган хонадонлар улушини 15 фоиздан 60 фоизга етказиш назарда тутилган.

Ушбу жараёнларни самарали бошқариш мақсадида Урбанизация миллий қўмитаси ташкил этилди.

Шаҳарларнинг экологик барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Яшил макон”, “Тоза ҳаво” дастурлари доирасида шаҳарларда яшиллик даражасини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.

Давлатимиз раҳбари ҳудудларни ободонлаштириш ва аҳоли турмуш сифатини оширишда маҳалла институти муҳим ўрни тутишини ҳам алоҳида таъкидлади.

“Янги Тошкент” мегалойиҳасига алоҳида тўхталиб ўтилди. Унда “яшил”, “ақлли”, “хавфсиз”, “15 дақиқали” шаҳар тамойиллари тўлиқ ҳисобга олинган. Биринчи босқичнинг ўзида қиймати 25 миллиард доллардан ортиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошланган.

– Энг муҳими, бу каби лойиҳалар нафақат пойтахтда, балки “Янги Ўзбекистон” массивлари номи остида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилмоқда. Ҳозиргача 61 та ана шундай массив бунёд этилди, 2030 йилга бориб эса уларнинг сони 100 тага етади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида бир қатор халқаро ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари кичик ва ўрта шаҳарларни уйғун ривожлантириш мақсадида “мутаносиб урбанизация” тамойилларини кенг жорий этишга чақирди.

Халқаро “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси”ни ташкил этиш ташаббуси билдирилди. Тузилма шаҳар бошқарувини рақамли трансформация қилиш соҳасида технологиялар, стандартлар ва энг яхши тажрибалар билан алмашиш учун платформа вазифасини бажаради.

Ёшлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини сифатли ҳамда арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида 2027 йилда Самарқанд шаҳрида уй-жой қурилишига молия ва инвестицияларни жалб этишдаги янгича ёндашувлар юзасидан халқаро форум ўтказиш таклиф қилинди.

Экологик барқарор шаҳарларни ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида БМТ-Ҳабитатнинг “Яшил шаҳар” халқаро мукофотини таъсис этиш ҳам яна бир муҳим ташаббус бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини 2030 йилда Янги Тошкент шаҳрида ўтказишни ва унинг бош мавзусини “Шаҳарларнинг барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни” деб номлашни таклиф қилди.

Саммит доирасида бошқа хорижий делегациялар раҳбарлари ҳам сўзга чиқди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo