18.06.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Ўмон Султонлиги иқтисодиёт вазири Хамис бин Сайф ал-Жабрий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг самимий саломини етказди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳалардаги ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашишди.
Сўнгги йилларда алоқаларимиз фаоллашгани, товар айирбошлаш ҳажми ўсгани қайд этилди. Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси иштирокида муҳим лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда. Кейинги ойдан пойтахтларимиз ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади.
Шу йил Масқат шаҳрида Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишиб олинди.
Мулоқотда транспорт, логистика, геология, электрон тижорат, рақамли инфратузилма ва бошқа йўналишларда истиқболли лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.


