25.06.2026
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ФармониВатанимиз истиқлолининг миллий давлатчилигимиздаги роли ва Янги Ўзбекистонимизнинг бугунги ва келгуси тараққиётидаги аҳамиятини чуқур англаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигини мамлакатимизнинг улкан салоҳияти ва жаҳон майдонидаги юксак нуфузига муносиб тарзда нишонлаш учун ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Мустақиллик – мард ва олижаноб халқимизнинг қатъий иродаси, истиқлол йўлида кураш олиб борган фидойи аждодларимизнинг жасорати ва матонати билан қўлга киритилган, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу ишларимизнинг асоси, келажак авлодларимиз учун безавол етказишимиз шарт бўлган буюк ва муқаддас қадриятдир.
Айнан истиқлол туфайли янгиланган конституциямиз ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосидаги тараққиёт йўлимиз юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инсон қадр-қимматини улуғлаш, жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, буюк тарихимиз ҳамда миллий урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, минтақамизда яхши қўшничилик муносабатларини қарор топтириш, мамлакатимизнинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Шунинг учун ҳам амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ортмоқда, онгу тафаккури ва дунёқараши янгиланмоқда.
Бу борадаги ишларимизни изчил давом эттириш ва янги босқичга кўтариш, шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудрати ва салоҳияти, жаҳон майдонидаги нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган, ўзининг кўп йиллик фидокорона меҳнати, юксак касбий маҳорати ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган ватандошларимизни муносиб тақдирлаш мақсадида:
1. “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони таъсис этилсин.
2. “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонининг Низоми ва тавсифи 1- ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари ҳамда уларнинг гувоҳномалари белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.
4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.Мирзиёев


