06.07.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва муҳожирлар масалалари бўйича вазири Айман Ҳусайн Сафадий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Суҳбат аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг самимий саломи ва тилакларини етказди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Иордания ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўтган йили Самарқандда олий даражада ўтган сермаҳсул музокаралар икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очгани мамнуният билан қайд этилди.
Эришилган келишувлар доирасида жорий йилда парламентлараро дўстлик гуруҳлари тузилди, Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг илк йиғилиши ўтказилиб, Ишбилармонлар кенгаши таъсис қилинди, шунингдек, ҳаво қатновлари йўлга қўйилди.
Келгусида сиёсий мулоқотларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.


