07.07.2026
Президент Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини жорий этиш, стартаплар экотизимини ривожлантириш ҳамда телекоммуникация соҳасида тадбиркорлик муҳитини яхшилаш юзасидан тақдимот билан танишди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда рақамли давлат хизматларини кенгайтириш, давлат идоралари фаолиятига замонавий ахборот тизимларини жорий этиш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайликларни ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Бунинг натижасида Ўзбекистон БМТнинг “Электрон ҳукумат” рейтингида 24 поғона юқорилади. 2030 йилга қадар мамлакатимизни ушбу йўналишда кучли 30 та давлат қаторига киритиш мақсад қилинган.
Жорий йилда рақамли хизматлар сони 880 тага, улардан фойдаланувчилар сони эса 15,5 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Таққослаш учун, 2024 йилда рақамли хизматлар сони 525 та, фойдаланувчилар сони 4 миллион нафар бўлган.
Қолаверса, давлат бошқарувида маълумотлар базалари ва ахборот тизимлари турли идоралар кесимида тарқоқ ҳолда шакллангани, уларни таҳлил қилиш ва қарор қабул қилиш жараёнларида ягона ёндашув етишмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини босқичма-босқич жорий этиш таклиф қилинди. Мазкур тизим орқали ҳудуд иқтисодиёти, инвестиция, экология, хавфсизлик масалалари, аҳолини қийнаётган муаммолар, маҳаллаларнинг фаровонлик даражаси, фазовий маълумотлар, объектлар ва харита қатламлари ягона платформада акс эттирилади.
Платформа сунъий интеллект технологиялари асосида маълумотларни таҳлил қилиш, ҳудудлар кесимида муаммоларни барвақт аниқлаш, қарорлар ижросини мониторинг қилиш, ресурсларни тўғри йўналтириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари жорий йилда ушбу рақамли бошқарув тизимини пойтахтда, келгуси йилдан эса барча ҳудудларда жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.
Тақдимотда товар ва хизматларни ягона миллий таснифлаш тизимини ишга тушириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ҳозирда божхона, солиқ, статистика ва бошқа идоралар турли товар классификаторларидан фойдаланмоқда. Бу эса бизнес харажатларининг ортиши, ҳисоботлар аниқлиги пасайиши ва идоралараро маълумот алмашинувида қийинчиликларга сабаб бўлмоқда.
Ягона миллий таснифлаш тизими жорий этилса, тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик жараёнлар қисқаради, давлат идоралари ўртасида маълумот алмашинуви соддалашади, статистик ҳисоботларнинг аниқлиги ошади.
Шунингдек, миллий навигация тизимини яратиш таклифи билдирилди. Бугунги кунда мамлакатимизда мазкур йўналишда асосан хорижий платформалардан фойдаланилаётгани қайд этилди. Миллий навигация тизими геомаълумотларни ягона стандарт асосида шакллантириш, транспорт, логистика, тезкор хизматлар, шаҳарсозлик ва давлат хизматларини сифатли ташкил этишга хизмат қилади.
Тақдимотда АТ соҳаси экспорти ва стартаплар экотизимини ривожлантириш режалари ҳам кўриб чиқилди. 2030 йилгача АТ экспортини 5 миллиард долларга етказиш, 5 мингта фаол стартап ташкил этиш ва 2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган.
Халқаро “StartupBlink” рейтингида Ўзбекистон 31 поғона юқорилаб, дунёдаги энг тез ўсаётган стартап экотизим сифатида баҳолангани, Тошкент шаҳри Марказий Осиё шаҳарлари орасида 1-ўринни эгаллагани, Самарқанд ва Фарғона илк бор дунёнинг ТОП-1000 стартап шаҳарлари рейтингига киргани қайд этилди.
Бу борада “Talent Hub” дастури ишга туширилиши белгиланган. У орқали хорижий мутахассислар ва инвесторларга масофадан корхона, банк ҳисобрақами ва халқаро карта очиш имконияти яратилади. IT-Park резидентларининг ходимлари учун солиқ имтиёзларини 2040 йилгача узайтириш, “IT visa” ва “Zero Risk” дастурларини кенгайтириш таклиф қилинди.
Шунингдек, АТ экспортчи корхоналарига ойлик иш ҳақи харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш, халқаро сертификатлаш харажатларини компенсация қилиш, хорижий буюртмачилар ва мутахассисларни жалб этиш учун релокация харажатларини қисман қоплаш каби қўллаб-қувватлаш механизмлари кўзда тутилмоқда.
Бухоро ва Фарғонада 20 тадан ортиқ стартаплар учун акселерация дастурини ташкил этиш, стартапларни йирик халқаро бозорларга олиб чиқиш бўйича ҳам таклифлар тақдим этилди.
Йиғилишда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда аҳоли яшаш масканларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш даражаси 41 фоиздан 98 фоизга етди, умумий интернет ўтказиш қобилияти 65 баробар ошди.
Шу билан бирга, маҳаллий тадбиркорлар учун телекоммуникация хизматларини кўрсатиш ҳали етарлича жозибадор эмаслиги, олис ҳудудларда симли интернетдан фойдаланувчилар улуши жуда пастлиги кўрсатиб ўтилди.
Соҳада бизнес муҳитини яхшилаш мақсадида телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаш ва қуриш бўйича мавжуд 2 та лицензия турини биттага бирлаштириш, лицензия бериш муддатини 25 иш кунидан 10 иш кунига қисқартириш таклиф қилинди.
Кўп қаватли уйларни юқори тезликдаги интернетга уланиш технологияси асосида лойиҳалаш ва қуриш талаби жорий этилади. Бу янги уй-жойларда оптик толали интернет инфратузилмасини аввалдан ҳисобга олиш, аҳолига сифатли рақамли хизматлар кўрсатиш имконини беради.
Соҳада ўзи ишини бошламоқчи бўлган ёшлар учун “Келажак тадбиркори” дастури доирасида 2 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 15 фоиз ставкада 530 миллион сўмгача кредитлар ажратиш таклиф қилинди. Олис ва чекка ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлар учун имтиёзли тариф режалари ишлаб чиқилади.
Президентимиз таклифларни маъқуллаб, давлат идоралари маълумотларини интеграция қилиш, рақамли хизматлар сифатини ошириш, киберхавфсизлик ва шахсий маълумотлар ҳимоясини таъминлаш, соҳада хусусий сектор учун янада қулай муҳит яратиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.


