22.07.2026
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи давомида А-373 ва Тошкент катта халқа йўллари кесишмасида барпо этилган янги йўл ўтказгични кўздан кечирди.
Мазкур иншоот транспорт оқимини самарали ташкил этиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, тирбандликларни камайтириш ҳамда Тошкент шаҳри билан Нурафшон ўртасидаги қатнов вақтини 10-15 дақиқага қисқартиришга хизмат қилади.
Бектемир ва Ўрта Чирчиқ туманлари туташган ҳудудда 14,1 гектар майдонда барпо этилган лойиҳанинг қиймати 240 миллиард сўмни ташкил этди. Объект таркибида узунлиги 66 метр, кенглиги 46 метр бўлган кўприк, 450 метрлик ер ости автомобиль йўли, иккита ортга қайрилиш йўлаги, тўртта ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги ва 950 метрлик айлана ҳалқа йўли қурилди. Шунингдек, 9,5 километр пиёда ва велойўлаклар, саккизта жамоат транспорти бекати, 240 та ташқи ёритиш чироғи ҳамда 6 километр йўл тўсиқлари барпо этилди.
Янги объектнинг ишга туширилиши натижасида йўналишнинг кунлик ўтказувчанлик қуввати бир неча баробарга ошиб, 130 мингта автотранспорт воситасига етади. Бу эса пойтахт ва Тошкент вилояти ўртасидаги транспорт алоқаларини янада яхшилаш, тирбандликларни бартараф этиш ҳамда аҳоли учун қулай ҳаракатланиш шароитини яратишга хизмат қилади.
Президентимизга лойиҳанинг техник ечимлари, транспорт оқимини бошқариш имкониятлари ҳамда келгусида Тошкент – Нурафшон йўналишида тезюрар автобуслар тизимини (BRT) йўлга қўйиш бўйича режалар ҳақида ҳам ахборот берилди.


