icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари самарали музокаралар якунларини сарҳисоб қилдилар

30.07.2026

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.

Мамлакатимиз етакчиси Қирғизистонга бу галги давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон – Қирғизистон кўп қиррали ҳамкорлигида янги саҳифани очганини таъкидлади.

Ушбу саммитга биргаликда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилгани қайд этилди. Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес форум, ректорлар ва таҳлилий марказлар вакилларининг учрашувлари муваффақиятли ўтказилди. Айни пайтда Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида турли тадбирлар ўтмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Президентимиз қардош Қирғизистонни 2027-2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани муносабати билан самимий табриклади. Бу мамлакат ва бутун Марказий Осиёнинг нуфузи юксалаётганининг эътирофидир.

Бугунги музокаралар ҳар доимгидек очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Давлат раҳбарлари икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларнинг барча жабҳаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Бош вазир ўринбосарларининг савдо-иқтисодий соҳадаги аниқ режаларни ўз ичига олган ахборотларини тингладилар.

Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши саммитнинг энг муҳим натижаси бўлди.

Ушбу ҳужжат икки томонлама шерикликни давлатлараро алоқаларнинг энг юқори даражасига олиб чиқади.

– Энди бизнинг асосий вазифамиз – ҳамкорлигимизни мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлигига хизмат қиладиган янги мазмун, лойиҳа ва ташаббуслар билан бойитиш, – деди давлатимиз раҳбари.

Икки давлат Президентлари раислигида Давлатлараро кенгашни тузиш бўйича келишувга эришилди. Бу иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилашнинг асосий механизми бўлади.

Шу билан бирга, томонлар бундан буён ҳам сиёсий мулоқотни ривожлантириш, минтақавий ва халқаро майдонларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва позицияларни яқиндан мувофиқлаштиришга тайёр эканлигини тасдиқладилар.

Янги иқтисодий кун тартибини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 баробарга ошиб, ўтган йил якуни билан 1,2 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилди. Жадал ўсиш суръатлари сақланиб қолаётганини инобатга олиб, ушбу кўрсаткични 3 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Етакчилар саноат кооперациясининг янги ўсиш нуқталарини, энг аввало, икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдирувчи соҳаларда яратишга алоҳида тўхталдилар.

Бу борада кеча бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида энергетика, электротехника, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик соҳаларида янги лойиҳалар келишилди. Шунингдек, хомашё ресурсларини биргаликда қазиб олиш бўйича аниқ режалар белгиланди.

Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма Тараққиёт фонди салоҳиятидан самарали фойдаланилади.

Икки мамлакатнинг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлиги ва транзит салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш ишлари жадал давом этаётгани қайд этилди.

Мазкур темир йўли бўйлаб савдо-логистика инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш, савдо ва транспорт жараёнларига рақамли ечимларни фаол жорий этиш, автоташувчилар учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди.

Сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлик тасдиқланди. Қамбарота ГЭС-1ни қуриш тўғрисидаги битимни имзолаш жараёни тезлаштирилади.

Икки мамлакат ҳудудларининг салоҳиятидан фаол фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Йил якунига қадар Ўзбекистонда янги форматдаги биринчи Ҳудудлар форуми ўтказилади.

Маданият, таълим, илм-фан, ёшлар сиёсати ва туризм соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттиришга тайёрлик тасдиқланди.

Етакчилар Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини ҳам атрофлича муҳокама қилдилар.

Якунда Президент Шавкат Мирзиёев ушбу саммитда эришилган келишувлар қардош халқлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo