31.07.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 июль куни Қирғизистон Республикасининг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди.
Тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашдилар.
Давлат раҳбарлари Марказий Осиё ва Озарбайжон мамлакатлари ва халқларининг барқарор ривожланиши, иқтисодий тараққиёти, хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фаровонлигини юксалтиришга доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Ўзбекистон етакчиси сўзининг аввалида норасмий саммитни ўтказиш ташаббуси ва Иссиқкўл соҳилидаги илиқ қабул учун Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровга самимий миннатдорлик билдирди.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга ҳам Маслаҳат учрашувлари форматида самарали раислик қилаётгани учун ташаккур изҳор этилди.
Минтақа мамлакатлари мустақиллигининг 35 йиллик байрамларини нишонлаш арафасида ҳар бирининг давлатчиликни барпо этиш, иқтисодий ўсиш ва миллий тикланиш борасида эришган муваффақиятларига юксак баҳо берилди.
– Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида илгари тарқоқ бўлган Марказий Осиё бугунги кунда тараққиётнинг умумий мақсадлари йўлида бирлашмоқда, – деди Президентимиз.
Мамлакатимиз етакчиси мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган халқаро воқеликни таҳлил қилар экан, учрашув иштирокчиларини қатъият билан ҳаракат қилиш ва ўзаро мувофиқлашувни янада кучайтиришга чақирди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилиши ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги – макроминтақавий даражага олиб чиқмоқда.
– Биз учун Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва яқин қўшнимиз – Афғонистонни бирлаштирувчи ягона тараққиёт маконини шакллантириш борасида тарихий имконият очилмоқда, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Президентимиз Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасида барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ва яхши қўшничилик учун мустаҳкам замин яратиш мақсадида минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича нуқтаи назарини баён қилди.
Аввало, минтақавий ҳамкорликнинг барқарор архитектурасини шакллантиришга ўтиш муҳимлиги таъкидланди. Унинг тузилиши ҳамкорликнинг самарали институтлари, тармоқ идораларининг яқин муносабатлари, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри алоқалари ҳамда ривожланишнинг асосий йўналишларидаги узоқ муддатли қўшма дастурларга таяниши зарур.
Минтақанинг халқаро субъект сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш учун давлатлараро ташкилотлар ва “Марказий Осиё плюс” форматлари доирасида ўзаро мувофиқлаштирувни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ва транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, узлуксиз саноат-технологик занжирларни кенгайтириш, умумий рақамли хизматларни ривожлантириш ҳамда инвестиция платформаларини ишга тушириш бўйича келгуси қадамларни пухта ишлаб чиқиш талаб этилади.
Марказий Осиёни кадрлар салоҳияти, сунъий интеллект технологиялари, дата-марказлар ва энергетика қувватларини бирлаштирган яхлит инфратузилмани яратиш орқали таълим, илм-фан ва инновациялар бўйича рақобатбардош хабга айлантириш масаласи истиқболли вазифалар қаторида кўрсатиб ўтилди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар доим минтақавий кун тартибининг устувор йўналиши бўлиб келгани ва шундай бўлиб қолиши алоҳида таъкидланди. Ягона табиий маконимизда юзага келаётган таҳдидлар чегара билмайди, шундай экан уларга жавоб чоралари ҳам умумий бўлиши керак.
– Жорий йилги ёзнинг аномал даражада иссиқ келиши иқлим ўзгариши аллақачон иқтисодиёт, сув ва энергетика хавфсизлиги, одамларнинг саломатлиги ва ҳаёт сифатига тўғридан-тўғри таъсир қиладиган омилга айланиб бораётганини яна бир бор кўрсатди. Ана шундай янги хавф-хатарларга биргаликда мослашиш бўйича узоқ муддатли ечимларни топиш муҳимдир, – деди давлатимиз раҳбари.
Ҳамкорликнинг ўзгармас устувор йўналишлари орасида гуманитар алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди. Минтақа халқлари асрлар давомида ёнма-ён яшаган, савдо-сотиқни ривожлантирган, билим ва маданий анъаналар билан ўзаро алмашган. Ҳамкорлик чуқурлашгани сари ҳамжиҳатлик туйғуси ҳам мустаҳкамланмоқда.
– Умумминтақавий ўзига хослик халқларимизнинг миллий ўзлиги сақланган ҳолда босқичма-босқич шаклланмоқда. Ишончим комил, ушбу соҳадаги ишларнинг моҳияти сифат жиҳатидан ўзгариши халқларимиз ўртасидаги бирлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тушуниш туйғусини мустаҳкамлайди, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Ўзбекистон Президенти нутқининг якунида умумий кучимиз – бирлик, ўзаро ишонч ва биргаликдаги яратувчанликка қатъий интилишда эканини яна бир бор таъкидлади.
Тадбирда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон етакчилари ҳам сўзга чиқиб, минтақавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари юзасидан ўз қарашларини баён қилдилар.
Саммит якунида Чўлпонота декларацияси қабул қилинди.


