Ҳиндистон Бош вазирини тантанали кутиб олиш маросими бўлди
30.08.2026
Кўксарой қароргоҳида давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турган Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модини тантанали кутиб олиш маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф этди.
Икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлат мадҳиялари янгради.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Биргаликда суратга тушиш маросимидан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.


