icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига

01.09.2026

Азиз фарзандларим!

Қадрли устоз ва мураббийлар!

Ҳурматли ота-оналар!

Барчангизни Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик қутлуғ байрамига уйғун ва ҳамоҳанг ҳолда ўтаётган Билимлар куни билан чин дилдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қувончли айёмда беғубор нигоҳларида ҳайрат ва ҳаяжон учқунлари порлаб, катта орзу-интилишлар билан мактаб остонасига қадам қўяётган 800 минг нафарга яқин ўғил-қизларимизга, ота-оналар ва педагоглар жамоатчилигига ўзимнинг эзгу тилакларимни билдираман.

Янги ўқув йили мамлакатимизнинг бутун таълим тизимида, мактаб, лицей, техникум ва олийгоҳларимиз ҳаётида янги маърифий юксалиш йили бўлсин!

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Кейинги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли Янги Ўзбекистон мактаблари бутунлай янгича қиёфа касб этиб, таълим сифати такомиллашиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз.

Ана шундай муҳитда улғайиб, камолга етаётган, ўқиш, касбий таълим, “Ай-ти”, ижодий изланишлар, спорт, жамоат ишларида дастлабки ютуқлари билан ота-оналар ва устозларни хурсанд қилаётган ўғил-қизларимиз – бизнинг нурли келажагимиз, олтин фондимиздир.

Бундай билимли, зукко, тиришқоқ ва интилувчан, сафлари йил сайин кенгайиб бораётган фарзандларимиз тимсолида биз Учинчи Ренессанс ниҳолларини кўрамиз. Уларнинг ҳар бирини гуркираб ўсадиган азим дарахт, ёруғ истиқболимиз устунлари этиб тарбиялаш – муқаддас вазифамиздир.

Ҳеч шубҳасиз, бундай улуғ мақсадларга етишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қиладиган таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга биз бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратамиз. Мактаб бағридан катта ҳаётга йўлланма оладиган фарзандларимиз пухта билим билан бирга, албатта камида битта замонавий касб-ҳунарни эгаллаб чиқиши учун барча шароитларни яратамиз. Бунинг учун ҳудудларда “Касблар шаҳарчалари”ни яратиб, замонавий тажриба ҳамда илғор мутахассисларни жалб этамиз.

Азиз фарзандларим, сизларга бахтли ва саодатли ҳаёт эшикларини очадиган калит ҳам, умр йўлларингизда пайдо бўладиган мураккаб саволларнинг ечими, синов ва машаққатларни енгиб ўтишнинг кафолати ҳам фақат билим, билим ва билимдир. Гўзал ёшликнинг ҳар бир дақиқасини қадрлаб, янги илм, ғоя ва инновацияларни, касб ва ҳунарларни, она тилимиз, бой тарихимиз ва маданиятимиз асосларини пухта эгалланг. Жаҳон тарихи ва хорижий тилларни ҳам астойдил ўрганинг. Изланиш ва ҳаракатдан ҳеч қачон тўхтаманг.

Аждодларимиздан мерос бўлган табаррук заминимизни бутун қалбингиз, юрагингиз билан севинг, халқимиз ва Ватанимизга чексиз садоқат туйғулари билан яшанг!

Шу йўлда меҳрибон устозларингиз, ота-оналарингизни энг яқин дўст ва маслаҳатчи деб билинг!

Сизларга янги ўқув йилини аъло баҳолар билан бошлаб, ҳар бир ўқув чорагини муваффақиятли якунлашни, сиҳат-саломатлик, омад ва зафар ёр бўлишини тилайман.

Билимлар байрами барчангизга муборак бўлсин, азиз фарзандларим!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo