15.09.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида “Lotte Group” раиси Шин Дон Бинни қабул қилди.
Ўзбекистон етакчиси компания Кореянинг мамлакатимиздаги энг йирик инвесторларидан бири эканини, кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик олиб борилаётганини таъкидлади. Устюрт газ-кимё мажмуаси муваффақиятли фаолият юритаётгани алоҳида қайд этилди.
Юртимизда Кореянинг илғор технологиялари асосида девелоперлик лойиҳаларини амалга ошириш масалалари ҳамда мис фольгаси ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Президентимиз компаниянинг мамлакатимиздаги туризм марказларини бошқариш ва меҳмонхона бизнесида хизматлар сифатини ошириш борасидаги режаларини қўллаб-қувватлади.
Якунда икки томонлама лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини мониторинг қилиб бориш мақсадида ишчи гуруҳ тузиш юзасидан келишувга эришилди.


