icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитидаги нутқи

16.09.2026

Ҳурматли Ли Чжэ Мён Жаноби Олийлари!

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Гўзал Сеул шаҳрида яна бир бор бўлиб турганимдан ғоят мамнунман. Ушбу мегаполисга ташриф буюрар эканман, унинг жадал тараққиёти ва бетакрор қиёфаси мени ҳар сафар ҳайратга солади.

Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён Жаноби Олийларига тарихдаги биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммити юксак даражада ташкил этилгани ва самимий меҳмондўстлик учун билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.

Ушбу ноёб ҳамкорлик платформасининг муҳимлиги ҳақида билдирилган фикрларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Корея Республикаси стратегик жиҳатдан узоқни кўзлаб иш тута олишини намойиш этган ҳолда, Марказий Осиё тимсолида яқин ва ўзаро манфаатли шериклик учун улкан салоҳиятни 2007 йилдаёқ биринчилардан бўлиб кўрди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат асосида барпо этилмоқда. Ҳамкорлигимизнинг мақсадлари мутлақо очиқ, прагматик ва бунёдкорлик хусусиятига эга.

Биз Корея томонининг мамлакатларимизни саноатлаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва барқарор ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратишга қўшаётган салмоқли ҳиссасини самимий қадрлаймиз.

Муҳтарам Президент Жаноблари, Ўзбекистон Корея яриморолида тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш борасида олиб бораётган сиёсатингизни қатъий қўллаб-қувватлайди.

Бизнинг мустаҳкам алоқаларимизнинг илдизлари узоқ асрларга бориб тақалади. Улар Буюк ипак йўлидаги карвон изларидан бошланади. Ушбу мустаҳкам дўстлик замирида нафақат ўзаро манфаат, балки маънавий-ахлоқий қардошлик ҳам мужассам.

Кекса авлодга чуқур ҳурмат, ҳалол меҳнатни қадрлаш, она заминга меҳр ва садоқат каби асосий ҳаётий қадриятлар халқларимиз учун бирдек яқиндир.

Кўпмиллатли Марказий Осиё оиласининг ажралмас қисмига айланган корейс диаспораси халқларимизнинг бирдамлиги ва ўзаро ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин рамзидир.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Бизнинг бугунги кундаги асосий вазифамиз фақат ҳамкорлик бўйича эришилган суръатни сақлаб қолиш эмас, балки бу муваффақиятларни янада юқори сифат билан олдинга боришнинг пойдеворига айлантиришдан иборат.

Марказий Осиё жаҳон бозорларидаги беқарорликка қарамасдан, 6 фоиздан зиёд ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. Умумий ялпи ички маҳсулот ҳажми 500 миллиард доллардан ошди.

Саксон миллион нафардан ортиқ аҳолига эга бўлган мамлакатларимиз ишонч билан Евроосиёнинг “барқарорлик минтақаси” ва “глобал боғлиқлик маркази”га айланиб бормоқда.

Ўз навбатида, Корея Республикаси замонавий технологиялар, инновация ва илм-фанга асосланган ишлаб чиқариш соҳасида дунёдаги етакчи давлатлардан бири ҳисобланади.

Ишончим комилки, ушбу икки қудратли салоҳиятнинг қўшилиши биз учун ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш борасида янги уфқлар очади.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бугун сизлар илгари сурган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, мен ҳамкорликнинг бешта стратегик йўналиши бўйича таклифларимизни билдирмоқчиман.

Биринчи йўналиш ҳамкорлигимизни режалаштиришнинг узоқ муддатли уфқларини шакллантиришни қамраб олади.

Бугунги замонавий дунёдаги глобал ўзгаришлар суръати давлатларнинг унга мослашиш имкониятидан тобора илгарилаб кетмоқда. Сунъий интеллект меҳнат бозори ва бутун бошли саноат тармоқларини ўзгартирмоқда. Иқлим ва сув билан боғлиқ хавф-хатарлар келгуси бир неча ўн йилликлар учун мўлжалланган ечимларни ишлаб чиқишни талаб қилади. Таълим, инфратузилма, технология ва инсон капиталига нисбатан янги талаблар пайдо бўлмоқда.

Бундай шароитда воқеалар ривожини чуқур англаш, тараққиёт борасида пайдо бўлаётган имкониятларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни амалга ошириш учун шароит яратиш қобилияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Ана шу таҳдидларга жавобан “Марказий Осиё – Корея Республикаси: жадал ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик” деб номланган узоқ муддатли концептуал қарашни ишлаб чиқишни таклиф қиламиз. Унинг бош мақсади – келажакда мамлакатларимизга қандай компетенциялар, ишлаб чиқариш қувватлари, инфратузилма, кадрлар ва мутахассислар керак бўлишини олдиндан белгилаб олишдир.

Ушбу ҳужжатдаги вазифаларни амалга ошириш учун Жадал ривожланиш лойиҳалари портфелини шакллантириш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Унга мамлакатларимиз учун янги ўсиш манбалари ва узоқ муддатли имкониятларни яратишга қодир бўлган, катта бурилиш ясайдиган ташаббуслар киритилиши керак.

Рақамли келажак хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам умумий эътиборимиз марказида бўлиши лозим. Кибертаҳдидларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини яратиш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ўта муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Бундай муносабатлар натижасида бизнинг ҳамкорлигимиз ягона стратегик ёндашув ва эртанги кунимизнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда барпо этилади.

Иккинчи соҳа бизнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий имкониятларимизни ягона бизнес мантиғи доирасида бирлаштиришга қаратилган.

Бугунги кунда Марказий Осиё фақат хомашё етказиб берадиган минтақа эмас. Мамлакатларимиз инновацион ва технологик ҳамкорлик учун имкониятларни кенгайтирган ҳолда, қўшимча қийматнинг глобал занжирларига фаол қўшилмоқда.

Бизнинг минтақамиз савдо бўйича хавф-хатар зоналаридан ташқарида жойлашган ишлаб чиқариш майдонларига эга экани ва маҳсулотларга талаб тез ўсиб бораётгани билан Корея Республикаси учун Евроосиёдаги алмаштириб бўлмайдиган ҳамкорга айланиши мумкин.

Биз саноат ва савдо вазирлари учрашувлари платформасини яратиш тўғрисидаги ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу мувофиқлаштирувчи механизмнинг таъсис этилиши ўзаро савдони сезиларли даражада кўпайтириш учун биргаликда самарали ечимларни топиш имконини беради.

Тўсиқларни бартараф этиш, сертификатлаш бўйича тартиб-таомилларни ва маҳсулотларнинг маҳаллий савдо платформаларига ўзаро кириб боришини соддалаштириш юзасидан таъсирчан чора-тадбирларни кўриш муҳимдир.

Аминманки, ушбу қадамлар бизга улкан, аммо тўлиқ эришса бўладиган мақсадни амалга ошириш – 2030 йилга бориб минтақамиз мамлакатларининг Корея билан савдо айланмасини 20 миллиард долларга етказиш имконини беради.

Саноат кооперацияси ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш доирасида Ўзбекистонда “Марказий Осиё – Корея” саноат-технология паркини жойлаштиришга тайёрмиз. Ушбу парк минтақа бозори учун инновацион ишлаб чиқариш базаси бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларни автокомпонентлар, электротехника, машинасозлик, фармацевтика ва кимё саноати маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратиш таклиф этилади.

Бундан ташқари, мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини йўлга қўйишни иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи, деб ҳисоблаймиз.

Келгуси йили Самарқандда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё ва Корея учинчи ҳудудлараро форумида барча мамлакатлардан маҳаллий ҳокимлик ва бизнес вакилларини кўришдан мамнун бўламиз.

Учинчи йўналиш нодир минераллар соҳасидаги ҳамкорликда янги саҳифа очишга қаратилган.

Бу йўналиш Марказий Осиё ва Корея ўртасида стратегик манфаатларнинг ноёб уйғунлигини яратади. Ушбу қимматбаҳо хомашёга бўлган талаб тез ўсиб бораётгани ва унинг Марказий Осиёдаги улкан захираларини ҳисобга олган ҳолда, минтақа жаҳон бозорида етакчи етказиб берувчилардан бирига айланишга қодир. Бу борада Кореянинг илғор технологиялари ва капитали ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин.

Шу муносабат билан биз нодир минераллар бўйича минтақавий инвестициявий альянсни ташкил этишни таклиф этамиз. Мазкур ташаббус минтақада ишлаб чиқаришнинг барча босқичлари – геология-қидирув ва қазиб олишдан тортиб, хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни қамраб оладиган йирик саноат кластерларини ташкил этишга қаратилган.

Ҳамкорлигимизнинг тўртинчи йўналиши “яшил” тараққиёт ва иқлим ўзгаришига мослашиш эҳтиёжларидан келиб чиқади.

Корея, Париж келишуви доирасида, хорижий мамлакатларда иқлимга оид лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган, бизнинг минтақамиз эса “яшил” инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш ва ишончли платформа бўлишга тайёр.

Ушбу имкониятларни бирлаштириш мақсадида Марказий Осиё ва Корея ўртасида иқлим ва углерод ҳамкорлиги бўйича форматни ишга туширишни таклиф этамиз.

Биз иқлим, энергетик ўтиш ва ҳаво сифати бўйича қўшма ташаббусни олқишлаймиз. Умид қиламизки, бу Корея технологиялари трансферига, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг даврий ва кам углеродли иқтисодиётга муваффақиятли ўтишига ёрдам беради.

Бешинчи йўналиш фундаментал аҳамиятга эга бўлиб, ёш авлод салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича биргаликда ишлашни назарда тутади.

Марказий Осиё – алоҳида демографик энергияга эга бўлган минтақа бўлиб, аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Aйнан ёш авлод мамлакатларимизнинг рақобатбардошлигини белгилайди.

Биз муҳандислик, технология ва рақамли соҳалардаги мутахассисларга талаб ортиб бораётган вазиятга дуч келмоқдамиз.

Биз учун ёш авлод келгусида илғор билимлар, кўникмалар ва халқаро тажрибадан фойдаланиш имконига эга бўлган ҳолда, замонавий технологик иқтисодиётнинг бир қисмига айланиши жуда муҳимдир.

Шу муносабат билан инсон капиталини ривожлантириш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни шакллантиришни таклиф этамиз. Бу ҳамкорлик “буюртма – ўқитиш – бандлик” деган аниқ тамойилга асосланиши керак.

Биз истиқболни Корея бизнесининг кадрларга бўлган эҳтиёжларини минтақамизнинг таълим соҳасидаги салоҳияти билан бевосита боғлашда кўрмоқдамиз. Бундай ёндашув кўплаб истеъдодли ёшлар учун касбий ривожланиш учун йўл очади ва қўшма лойиҳаларимиз бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлашни кафолатлайди.

Айниқса, сунъий интеллект технологияларини биргаликда ишлаб чиқиш ва жорий этиш, минтақада кенг қамровли технологик база ва кўникмаларни яратишда ёшларнинг алоҳида ўрни ва ролига талаб катта.

Президент Ли Чжэ Мён Жаноби Олийларининг “Ўхшаши йўқ Корея” доктринасини ушбу кенг кўламли жараён учун Марказий Осиёдаги асосий таянч майдонлардан бирига айлантиришни таклиф этамиз.

Қадрли дўстлар!

Биз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан ҳамкорлигимизни кенгайтира оламиз, уни янги лойиҳалар билан тўлдириб, мавжуд улкан салоҳиятдан мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлида фойдалана оламиз, деб ишонаман.

Сўзимнинг якунида Ўзбекистон келгуси йилда Корея Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги ва корейс диаспорасининг минтақамизда яшай бошлаганининг 90 йиллигига бағишланган байрам тадбирларини энг юқори даражада ўтказишга тайёр эканини таъкидламоқчиман.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo