07.10.2026
Ҳурматли халқаро анжуман иштирокчилари!
Қадрли меҳмонлар!
Дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатидан таниқли олим ва экспертлар, тадбиркорлар, шунингдек, кўплаб халқаро ташкилотлар вакиллари ушбу форумларда иштирок этаётгани уларга бўлган эътибор ва қизиқиш катта эканидан далолат беради.
Азиз дўстлар!
Ўзбек деҳқонлари пахтачилик бўйича улкан тажрибага эга. Кейинги йилларда амалга ошираётган туб ислоҳотларимиз туфайли бу соҳа янги босқичга кўтарилди. Изланувчан олимларимиз томонидан ғўзанинг 300 га яқин эртапишар нави яратилди. Пахта экиш, парваришлаш, йиғиб олиш жараёни тўлиқ механизациялаштирилди. Бугунги кунда замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳисобига деҳқон-фермерларимиз гектаридан 100 центнергача пахта ҳосили олмоқда.
Халқаро пахта куни Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ва мамлакатимизни ишончли ҳамкор сифатида танитишга хизмат қилади, албатта.
Ҳозирги вақтда иқлим ўзгариши, сув танқислиги, қурғоқчилик каби муаммолар билан бирга логистика занжиридаги узилишлар ҳам озиқ-овқат нархининг ошишига олиб келмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича 645 миллиондан ортиқ одам очликдан азият чекмоқда. Халқаро экспертларнинг қайд этишича, тегишли чора-тадбирлар кўрилмаса, 2028 йилда бу рақам 1 миллиардга етиши мумкин.
Инсоният келажагига таҳдид солаётган бундай хатарларни бартараф этиш кўп қиррали шериклик ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларга боғлиқ. Денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар учун юқори транспорт харажатлари ва транзит мамлакатлардаги муаммолар жиддий ғов бўлиб қолмоқда. Бундай қийинчиликлар озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам таъсир кўрсатади, албатта. Шу боис, биз озиқ-овқат маҳсулотлари логистикаси ва савдосининг тўлиқ эркинлиги ҳамда озиқ-овқат етказишни тартибга солувчи қоидаларни соддалаштириш тарафдоримиз.
Биз 2030 йилгача озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2 баробар, экспорт ва қўшилган қийматни 3 карра ошириш бўйича катта марра олганмиз. Бу мақсадларга эришиш учун халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш ниятидамиз.
Марказий Осиёдан бошлаб, денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар ва транзит ҳамкорларни боғлайдиган озиқ-овқат ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш зарур. Шунингдек, халқаро молия институтлари ва хусусий инвесторларни озиқ-овқатни қайта ишлаш, совиткичли сақлаш ва ташиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга чақирамиз.
Қадрли меҳмонлар!
Ушбу форум иштирокчилар томонидан билдирилган янги ташаббус ва стратегияларни рўёбга чиқариш, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш йўлида муҳим қадам бўлади, деб ишонаман.
Анжуманлар фаолиятига ва барча иштирокчиларга муваффақият тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти


