04.11.2026
Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт тармоқларида учувчисиз авиация тизимларидан фойдаланишни кенгайтириш ва соҳани тартибга солишга доир тақдимот билан танишди.
Бугунги кунда дунёда учувчисиз авиация технологиялари жадал ривожланиб, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, шаҳарсозлик ва хизмат кўрсатиш каби кўплаб соҳаларда кенг қўлланилмоқда. Дронлардан фойдаланиш ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, харажатларни қисқартириш, ресурсларни тежаш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим омилга айланмоқда.
Хусусан, қишлоқ хўжалигида экин майдонларини кузатиш, уларга ишлов бериш ва ҳосилдорликни мониторинг қилиш, саноатда ишлаб чиқариш жараёнлари ва инфратузилма объектларининг ҳолатини назорат қилиш, шаҳарларда транспорт оқимини кузатиш ва кўчаларда ҳаракатни ташкил этишда ушбу технологиялардан фойдаланиш катта имкониятлар очади.
Маълумотларга кўра, глобал дрон бозори йилига 10-15 фоиз суръат билан ўсиб бормоқда. Ушбу технологияларни иқтисодиёт тармоқларига кенг жорий этиш мамлакатимизда ҳам иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, юқори малакали мутахассисларга талабни ошириш ва янги технологик йўналишларни ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.
Шу муносабат билан тақдимотда Ўзбекистонда учувчисиз авиация тизимларидан фуқаролик мақсадларида фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, соҳада тадбиркорлик ва инвестиция фаолияти учун қулай шароитлар яратишга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, учувчисиз авиациядан фойдаланишни кенгайтириш парвозлар хавфсизлиги ва фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлайдиган замонавий тартибга солиш механизмларини ишлаб чиқишни талаб этади.
Бугунги кунда дронлардан фойдаланишнинг ягона қоидалари, уларни ҳисобга олиш ва парвозларни мувофиқлаштириш, етказилган зарарни қоплаш ҳамда суғурталаш механизмларини такомиллаштириш зарурати мавжуд.
Шу мақсадда учувчисиз авиация воситалари ҳақидаги маълумотларни бирлаштирувчи ягона рақамли ахборот тизимини шакллантириш, парвоз ҳудудларини аниқ белгилаш ва улардан фойдаланиш тартибларини жорий этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Тақдимотда ушбу янги йўналиш учун малакали кадрлар тайёрлаш ва инновацион экотизимни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Хусусан, келгуси ўқув йилидан Транспорт университетида учувчисиз авиация тизимлари бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш, таълимни амалий машғулотлар билан уйғунлаштириш, ёшларнинг замонавий авиация технологияларига қизиқишини қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан мутасаддиларга илғор хорижий тажриба асосида учувчисиз авиация тизимларини иқтисодиёт тармоқларига кенг жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.


