icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон деҳқон ва фермерлари ҳамда барча қишлоқ хўжалиги ходимларига

04.11.2026

Қадрли ватандошлар!

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, кластер ходимлари, дала меҳнаткашлари!

Сиз, азизларни Янги Ўзбекистон тарихида илк бор 5 миллион тоннадан зиёд юксак пахта хирмони бунёд этиб, рекорд натижага эришганингиз билан самимий муборакбод этаман.

Албатта, сизларнинг фидокорона меҳнатингиз, жасорат ва матонатингиз билан қўлга киритилган бу тарихий ғалаба бутун халқимизнинг ғалабаси. Бу – пахтачилик соҳасидаги Янги Ўзбекистон мўъжизасидир.

Бу ютуқнинг ижодкори сизлар – азамат деҳқон ва фермерларимиз, моҳир агроном, сувчи, механизатор, олим ва мутахассисларимиз, кластер ходимлари, десак, адолатли фикрни айтган бўламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдириб, энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Сизлар билан бутун халқимиз фахрланади, ғурурланади.

Айниқса, иқлим ўзгариши билан боғлиқ қийинчиликлар янада кучайган жорий йилда пахта хомашёсини ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан, соҳанинг ички имкониятлари ҳисобидан юксак сифат билан йиғиб-териб олганингиз таҳсинга муносибдир.

Бу ҳақда гапирганда, беихтиёр пахтачилик эл-юртимизга манфаат эмас, балки азоб-уқубат ва охир-оқибатда “ўзбек иши” деган қуруқ туҳмат олиб келган оғир кунларни эслаймиз. “Ким эдигу ким бўлдик?” деган фикр албатта хаёлимиздан ўтади.

Чиндан ҳам, собиқ совет даврида, хусусан, 1980 йилларда республикамизда пахта етиштириш учун қарийб 2 миллион гектар ер ажратилган, ўртача ҳосилдорлик эса 30 центнердан ошмас, натижада деҳқоннинг косаси оқармас эди.

Мустақилликнинг дастлабки даврида, хусусан, 2000 йилга келиб 1,4 миллион гектар ерга чигит экилиб, Ўзбекистон бўйича жами 3 миллион тонна пахта териб олинган.

Биз кейинги йилларда тармоқни ўта оғир аҳволдан олиб чиқиш учун аввало чигит экиладиган майдонларни 38 фоизга қисқартириб, пахта монополиясига барҳам бердик. Ўқитувчи, талаба ва ўқувчиларни, бюджет ташкилотлари ходимларини дала ишларига жалб этишга чек қўйдик. Соҳани илм-фан ютуқлари, замонавий агротехнологиялар асосида ривожлантиришга устувор аҳамият қаратдик. Бошда бунга ишонмасдан, шубҳа билан қараганлар ҳам бўлди. Аммо танлаган йўлимиз нақадар тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи, бу йилги натижаларимиз яққол тасдиқламоқда.

Ўтган даврда пахтачиликда ҳосилдорлик 2,7 карра ошиб, 21 центнердан 56 центнерга етгани шу борада қандай катта юксалиш йўлини босиб ўтганимизни кўрсатиб турибди.

Сув тежовчи технологияларни кенг жорий этганимиз ҳисобидан сув сарфи 1990 йилларга нисбатан 2 карра камайиб, ҳар бир куб метр сув эвазига олинаётган ҳосил миқдори ошиб бораётгани биз учун ғоят муҳимдир.

Бу йил экиш схемалари ўзгартирилиб, кўчатлар сони 2-3 карра оширилгани, кўсак қурти ва гербицидга чидамли янги биотехнологик навлар жойлаштирилгани ҳам ўзини оқлади. Бу ўзгаришларнинг амалий самарасини қарийб 400 минг гектар ерда ўртача ҳосилдорлик 70 центнерга етгани, салкам 70 минг гектарда 100-110 центнергача ҳосил олингани мисолида яққол кўриш мумкин.

Ҳеч шубҳасиз, бундай ютуқлар қаторида 1 мингга яқин фермер хўжаликлари ва кластерлар ўртача 100 центнерлик ва ундан ҳам юқори марраларни забт этганлари алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда сўз юритганда, 4 мингдан зиёд фермерларимиз ҳосилдорликни ўртача 60-70 центнердан, 2,5 минг нафари эса 80 центнердан оширгани, айниқса, Пахтакор туманидаги Анорбой Эшматов ва Жарқўрғон туманидаги Улуғбек Сўпиев ҳар гектар ердан 110 центнердан ҳосил олишганини мамнуният билан қайд этамиз.

Мингбулоқ туманидаги “Бургут полвон”, Навбаҳор туманидаги “Яҳё бобо”, Боёвут туманидаги “Боёвутлик Ҳумоюн”, Бекобод туманидаги “Отабек Зилола”, Оққўрғон туманидаги “Мурод”, Гурлан туманидаги “Ихлосбек”, Ҳазорасп туманидаги “Якуб Анназар” ҳамда Тупроққалъа туманидаги “Гулчарос Муниса” фермер хўжаликлари ҳам ҳосилдорликни 100 центнердан оширдилар.

Жиззах, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Сирдарё вилоятларида ҳосилдорлик 60 центнердан кўпроқни ташкил этгани ҳам пахтачилигимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилади.

Ўта оғир экологик ҳудудда ҳосилдорликни ўтган йилларга нисбатан 10-15 центнерга ошириб, 400 минг тоннадан ортиқ хирмон бунёд этган Қорақалпоғистон пахтакорларини чин қалбдан қутлашдан мамнунман.

Ҳосилдорликни 70 центнердан оширган Мирзаобод ва Ховос туманлари, 55-70 центнерга етказган Мирзачўл, Пахтакор, Қизилтепа, Учқўрғон ва Пешку, Жалақудуқ, Вобкент, Жондор, Ромитан, Олот, Арнасой, Тўрақўрғон, Уйчи, Боғот, Хонқа, Ҳазорасп, Жарқўрғон ва Янгибозор, Амударё, Балиқчи, Марҳамат, Пахтаобод, Дўстлик, Кўкдала, Навбаҳор, Мингбулоқ, Чортоқ, Пахтачи, Каттақўрғон, Қумқўрғон, Боёвут, Оққўрғон, Бўка, Бекобод, Пискент, Юқоричирчиқ, Бағдод, Қува, Гурлан ва Қўшкўпир туманлари меҳнаткашлари бошқаларга намуна бўлдилар.

Энг катта – 110 минг тонналик хирмон барпо этган Косон, шунингдек, Миришкор (105 минг), Касби (95 минг), Нишон (90 минг), Мирзачўл (85 минг), Мирзаобод (81 минг), Дўстлик (77 минг), Амударё (76 минг), Оқолтин (72 минг), Пастдарғом (71 минг), Пахтакор (68 минг), Мингбулоқ ва Қуйичирчиқ (62 минг тоннадан), Боёвут ва Жондор (60 минг тоннадан), Бекобод (58 минг), Гурлан ва Ромитан (57 минг тоннадан), Вобкент ва Каттақўрғон (56 минг тоннадан), Хонқа (52 минг тонна) каби туманлар ҳам илғорлар сафидан муносиб жой эгаллади.

Биз оқила, ташкилотчи аёлларимиз раҳбарлик қилаётган Олот ва Бўстон туманларида ҳосилдорлик ўртача 55-60 центнерга етказилганини алоҳида қадрлаймиз.

Бу йил етиштирилган ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ пахта териш машиналари ёрдамида 30-35 кунда териб олингани, механизациялаштириш даражаси Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 100 фоизга етказилгани, бошқа ҳудудларимиз ҳам шу маррага яқинлашиб келаётгани одамларни оғир меҳнатдан халос этиш йўлидаги ислоҳотларимизнинг муҳим натижасидир.

Пахтачилик кенгаши ташкил этилгани, олимларимиз томонидан ноанъанавий технологиялар қўлланилгани ҳамда рақамлаштириш, дронлардан фойдаланиш орқали сарф-харажат икки баробар камайтирилгани ҳам бу йилги ютуқларни таъминлашда асосий омил бўлди. Шулар қаторида давлат томонидан ажратилаётган молиявий ресурслардан оқилона фойдаланилгани, тўлов интизоми яхшиланиб, субсидиялаш такомиллаштирилгани, суғурта тизими яратилгани, бир сўз билан айтганда, тармоқда тизим бутунлай янгилангани юқори натижаларга эришишда салмоқли роль ўйнади.

Шу ўринда яна бир муҳим рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман: бу йил фермерларимиз пахтадан 13-14 триллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда. Шу асосда улар йил бўйи қилган машаққатли меҳнати эвазига муносиб даромад топиши, одамларимизнинг ҳаёти янада обод ва фаровон бўлиши табиийдир.

Албатта, ана шундай улкан натижаларни таъминлашда қишлоқ хўжалиги ривожига қаратаётган доимий эътиборимиз, деҳқон ва фермерлар, кластерлар, умуман, далада ишлаётган ҳар бир инсоннинг ўз меҳнатидан манфаатдорлиги, эртанги кунга ишончи ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Муҳтарам юртдошлар!

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги стратегик йўлимизни амалга оширишда биз, аввало, сизларга, агротармоқда фаолият кўрсатаётган 3,5 миллион нафардан зиёд миришкорларга таянамиз. Сизлар учун яна қандай қўшимча шароит ва имкониятлар яратиш керак бўлса, барчасини таъминлаб беришга тайёрмиз.

Қишлоқ хўжалигининг юксак ва барқарор тараққиёти – бутун мамлакатимизнинг юксак ва барқарор тараққиётида устувор ўрин тутадиган омилдир.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро пахта кунига бағишланган анжуманда 30 дан зиёд мамлакатдан келган олим ва мутахассислар биз эришаётган ютуқларни эътироф этиб, Бутунжаҳон пахтачилик марказини айнан Ўзбекистонда ташкил этиш бўйича таклиф билдиришгани албатта бежиз эмас.

Келгуси йилда серҳосил уруғлик навларидан фойдаланиш, агродрон орқали ишлов бериш, сув ва энергия тежовчи технологиялар, сунъий интеллектни қўллаш бўйича сизларга янада кўпроқ шароитлар яратиб, пахтадан ўртача ҳосилдорликни 65-70 центнерга етказишни мақсад қилиб қўйдик. Ана шундай долзарб вазифаларни муваффақиятли адо этишда фермерларимиз ва кластер ходимлари олимлар, муҳандис ва мутахассислар билан биргаликда янада катта куч-ғайрат билан меҳнат қиладилар, деб ишонаман.

“Ўз” деган эзгу ғоямиз замирида мужассам бўлган ўз ишимиз, ўз сўзимиз, ўз ғалабамизга ишонч руҳи билан олға қараб боришдан ҳеч қачон тўхтамаймиз!

Ўзбекистон пахтачилигида янги тарих яратаётган сиз, азизларни бугунги зафар байрами билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга тинчлик, бахт ва фаровонлик тилайман.

Ҳимматингизга, қудратингизга балли, заҳматкаш ва фидойи юртдошларим!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo