06.11.2026
Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Ақаба жараёни учрашуви доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн билан учрашув ўтказди.
Мамлакатимиз етакчиси дунёда янги таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда Иордания Подшоҳи ташаббуси билан йўлга қўйилган ушбу платформа тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Учрашувда икки давлат ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари, шу жумладан, олий даражада эришилган келишувларнинг бориши муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда ўзаро ташриф ва мулоқотлар жадал тус олгани мамнуният билан таъкидланди. Ҳаво қатновлари йўлга қўйилди, Ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилиши ўтказилиб, Ишбилармонлар кенгаши таъсис этилди.
Суҳбат давомида ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни жадаллаштиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон ва Иордания етакчилари бўлажак олий даражадаги икки томонлама тадбирлар режаси ҳамда кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.


