icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Президент Олимпиадаси спорт мусобақаларининг ғолиблари ва иштирокчиларига

07.11.2026

Азиз фарзандларим!

Ҳурматли ота-оналар, қадрли устоз ва мураббийлар!

Аввало, барчангизни мамлакатимиз спортида муҳим воқеага айланган Президент Олимпиадаси мусобақаларида муносиб иштирок этганингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Ушбу нуфузли беллашувлар фақат биринчилик учун курашиш эмас, теран фалсафага эга бўлган тарбия ва маънавият анжумани сифатида ҳам ўтганини таъкидлаш лозим. Қизғин руҳдаги мусобақалар ўғил-қизларимиз ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстлик муҳитини янада мустаҳкамлаб, уларнинг спорт ва ҳаёт ҳақидаги билимларини, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини юксалтиргани айниқса муҳимдир.

Бу ўйинлар Янги Ўзбекистонда олимпия ҳаракатини янада ривожлантириш борасида мутлақо янгича ёндашув ва миллий тажриба асосида ташланган улкан амалий қадам сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Энг муҳими, ушбу тизим ғалабага чанқоқ, шижоатли ва тиришқоқ минг-минглаб спортчи ёшларимиз учун катта имкониятлар майдонига айланмоқда, ҳудудларимиз ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантирмоқда.

Икки ҳафтадан ортиқ вақт мобайнида кечган муросасиз беллашувларда қайд этилган юқори натижа ва рекордлар мусобақаларга бўлган қизиқишни янада оширди.

Айниқса, қашқадарёлик қизимиз Кумуш Кўчкинова қатъий ирода кўрсатиб, бир йўла спортнинг икки тури – дзюдо ва кураш бўйича олтин медалларни қўлга киритиб, ўз мухлисларига ёрқин ҳаяжонли дақиқаларни тақдим этди.

Тошкентлик Аиша Енина эса бадиий гимнастиканинг якка кўпкураш, тасма ва тўп билан машқларида – учта олтин, шунингдек, ҳалқа йўналишида – кумуш, булавалар билан машқда бронза медалини қўлга киритиб, ўз номини ушбу ўйинлар тарихига муҳрлаб қўйди.

Шиддатли баҳсларда яна бир қанча ёшларимиз ҳам рекорд натижаларга эришиб, Янги Ўзбекистонда қандай истеъдодли авлод вояга етиб келаётганини намоён этишди. Хусусан, Тошкент вилояти вакили – оғир атлетикачи қизимиз Муштарий Ўролова 60 килограммдан юқори вазн тоифасида даст кўтаришда 109 килограмм, силтаб кўтаришда 136 ва икки кураш якунига кўра 245 килограмм натижа билан жаҳон рекордини ўрнатганини, Шердор Эшпўлатов, Икром Мўминбоев, Беҳрўз Ҳасанов, Солиҳа Баҳодирова, Дилфуза Йўлдошева, Зуҳра Иброҳимова эса ушбу йўналишда Ўзбекистон рекордини янгилагани ҳамда парасузиш бўйича андижонлик Ҳикматулла Ҳайдаралиев, қорақалпоғистонлик Шаҳноза Ережепбаева 4 та олтин медални қўлга киритганини фахр билан қайд этамиз.

Сирдарёлик енгил атлетикачи қизимиз Дурдона Жуманқулова уч кураш беллашувларида 2014 очко жамғариб, бу тоифадаги беллашувларда 14 ёшли спортчиларимиз орасида энг юқори натижага эришгани ҳам барчамизни мамнун этди.

Ишончим комил, бугун юртимиз майдонларида тобланган бундай ғолиб ва музаффар фарзандларимиз келгусида қитъа ва жаҳон биринчиликларида, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ҳам Ватанимиз шарафини албатта муносиб ҳимоя қилади.

Ўйлайманки, бу мусобақаларда мағлублар бўлмади. Ғолиб ва совриндорларимиз қаторида беллашувларда қатнашган ҳар бир спортчи ўзи учун зарур билим ва тажриба тўплади. Шу боис келгусида улар ҳам албатта ғолиблар сафида бўлади, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Фурсатдан фойдаланиб, фарзандларимизнинг катта спортда ўз ўрнини топиши учун уларга елкадош бўлиб келаётган азиз ота-оналарга, уларнинг энг яқин маслаҳатчиси ва тарбиячиси бўлган жонкуяр устоз ва мураббийларга самимий миннатдорлик билдираман.

Қадрли ёшлар!

Барчамизнинг фахримизга айланаётган Олимпиадамизда сизлар эришган натижалар – дунё майдонлари сари ташланган дадил қадамдир. Олдинда сизларни янада катта меҳнат, ирода ва матонат талаб этадиган марралар кутиб турибди.

Тилагим – ЎЗ кучингизга бўлган ишончни ҳеч қачон йўқотманг, ЎЗ устингизда ишлашдан асло тўхтаманг!

Ҳақиқий чемпионлар, чинакам алп паҳлавонлар фақат ғалаба билан эмас, балки қийинчиликларни мардона енгиб, мақсад сари қатъий интилиши билан ҳам ибрат ва намуна кўрсатади.

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, туганмас куч-ғайрат ва келгуси мусобақаларда янада юксак зафарлар ёр бўлсин, азиз фарзандларим!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo