10.11.2026
Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган COP31 саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида ушбу етакчи молиявий институт билан стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон олти йилдан буён ЕТТБнинг минтақадаги энг йирик молиявий ҳамкори бўлиб келмоқда. Лойиҳалар портфели 7 миллиард доллардан, 2025 йилда амалиётлар ҳажми илк бор 1 миллиард доллардан ошди.
Банкнинг “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланди. Унинг мамлакатимизга киритган сармояларининг қарийб 60 фоизи ушбу йўналишдаги лойиҳалар ҳиссасига тўғри келади.
Келгуси йил учун ҳамкорликнинг электр инфратузилмасини модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоқларини ривожлантириш, банк соҳасида хусусийлаштиришни амалга ошириш, Тошкент халқаро молия марказини ишга тушириш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари суриш каби устувор йўналишлари белгилаб олинди.
2027 йилда Хорижлик инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.


