25.11.2026
Президент Шавкат Мирзиёев хорижий ташрифлар якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, 2027 йилда мамлакатимизда йирик халқаро тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
16-17 ноябрь кунлари Ўмон Султонлигига ва 23-24 ноябрь кунлари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигига амалга оширилган давлат ташрифлари Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатлар билан муносабатларини янги босқичга олиб чиқди. Олий даражадаги музокаралар якунида стратегик шериклик тўғрисида битимлар имзоланди, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий ҳамкорликнинг кенг қамровли кун тартиби шакллантирилди.
Ўмонга давлат ташрифи доирасида 30 дан ортиқ икки томонлама ҳужжат имзоланиб, 5 миллиард долларлик қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилинди.
Энергетика, электротехника, кимё ва тоғ-кон саноати, шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги, молия ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.
Иорданияга давлат ташрифи давомида эса 19 та икки томонлама ҳужжат қабул қилинди ва имзоланди. Улар орасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унинг амалга оширилиши ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказишга хизмат қилади.
Тўқимачилик корхоналарини очиш, муҳим минералларни ўзлаштириш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва агросаноат кластерларини барпо этиш бўйича қўшма лойиҳалар режалаштирилган.
Йиғилишда Туркия билан эришилган келишувларнинг ижро ҳолати ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Жорий йил январь ойида давлатимиз раҳбарининг Анқара шаҳрига расмий ташрифи ва Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши якунлари бўйича кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинган эди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш вазифалари қўйилди.
Ушбу келишувларни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам сифатида жорий йил октябрь ойида Анқара шаҳрида икки мамлакат етакчиларининг музокаралари якунида Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгаши таъсис этилди.
19 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Туркиянинг 150 дан ортиқ компанияси вакиллари иштирокида ўтказилган кенгашнинг биринчи йиғилиши доирасида 11,2 миллиард долларлик инвестиция ва савдо келишувларига эришилди.
Паррандачилик ва боғдорчилик, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, шаҳарсозлик, геология ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар мавжуд.
Йиғилишда имзоланган ҳужжатлар ижросини таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини жадал ишлаб чиқиш, уларни молиялаштириш манбаларини аниқлаш ва зарур инфратузилмани яратиш бўйича биринчи галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Ҳар бир мамлакат бўйича аниқ чора-тадбирлар, уларни амалга ошириш муддатлари ва масъул ижрочилар кўрсатилган комплекс “йўл хариталари”ни шакллантириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, туризм, таълим, илм-фан ва маданият соҳаларидаги келишувларни рўёбга чиқариш, тўғридан-тўғри авиақатновлар ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Вазирликлар, тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларига хорижлик шериклар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилишига тизимли кўмаклашиш ва юзага келаётган масалаларни тезкор ҳал этиш топширилди.
Йиғилишда йил бошидан буён амалга оширилган бошқа хорижий ташрифлар ва олий даражадаги музокаралар якунида эришилган келишувларнинг ижроси ҳам кўриб чиқилди.
Шу билан бир қаторда, 2027 йилда бўлиб ўтадиган йирик халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди. Уларнинг кун тартибини мазмунли қилиб шакллантириш, кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ташаббус ва таклифларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Масъул идораларга тадбирларга мазмуний ва ташкилий жиҳатдан тайёргарликнинг барча йўналишларида ҳамжиҳатликда иш олиб бориш, хорижлик шериклар билан зарур маслаҳатлашувлар ўтказиш ва бўлажак тадбирларни юксак савияда ташкил этиш учун барча шароитларни яратиш топширилди.
Йиғилишда электротехника саноатини янада ривожлантиришнинг устувор вазифалари ҳам кўриб чиқилди.
2030 йилга қадар тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини 130 триллион сўмга, экспортни 5 миллиард долларга етказиш, қиймати 11 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш мақсад қилинган. 2027-2029 йилларда олтита истиқболли йўналишда 164 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Замонавий технологияларни кенг жорий этиш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг глобал таъминот занжирларидаги ўрнини мустаҳкамлаш ва маҳаллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Юқори малакали кадрлар тайёрлаш, жумладан, “Минг нафар муҳандис-конструктор” дастурини амалга ошириш тармоқни янада ривожлантиришнинг муҳим омили бўлади.


