icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Туризм соҳаси ва “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги вазифалар муҳокама қилинди

11.10.2023

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 октябрь куни туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, туризм иқтисодиёт учун қўшимча ва туганмас манба. Шу боис ҳар бир давлат сайёҳларни жалб этишга ҳаракат қилади. Мамлакатимизда бу соҳага кенг имкониятлар яратилаётгани натижасида меҳмон ўринлари, саёҳат жойлари ва йўналишлари кўпайиб бормоқда.

Ўтган 8 ойда юртимизга хориждан 4 миллион 300 минг нафар турист келган, улардан 1 миллиард 400 миллион доллар тушум бўлган. Қўшимча дам олиш кунлари ва чегирма берилгани натижасида ички сайёҳлар сони 15 миллион нафарни ташкил қилиб, ўтган йилгига қараганда 2 баробарга ўсган.

Туризм инфратузилмаси изчил ривожланмоқда. Жорий йилда 15 мингта янги меҳмон ўринлари ташкил этилиб, уларнинг сони 137 мингтага етди. 540 та дам олиш ва кўнгилочар маскан барпо этилди, 70 та туризм маршрути очилди.

Шунингдек, 6 та хусусий авиакомпания иш бошлади, янги 23 та самолёт олиб келинди, 20 та халқаро ва 6 та ички қатнов йўлга қўйилди. Самарқанд аэропортида ҳафталик халқаро рейслар 46 тадан 85 тага кўпайди. 1 минг 300 та замонавий автобус харид қилиниб, 38 та йўналиш очилди.

Йиғилишда туристларни кўпайтириш бўйича янги имкониятлар муҳокама қилинди.

Аввало, қўшни давлатлардан, Россия ва Хитойдан сайёҳларни жалб қилиш учун қулай имконият борлиги таъкидланди. Хусусан, юртимиз вилоятлари Хитой провинциялари билан ҳамкорлик ўрнатган. Бундан фойдаланиб, ҳудудларимиз туристик салоҳиятини тарғибот қилиб, Хитойдан йилига 1 миллион сайёҳни жалб қилиш мумкинлиги айтилди.

Мамлакатимизга узоқ давлатлардан туристлар келиши ҳам кўпайган. Мисол учун, Ҳиндистон, Япония, АҚШ ва италиялик сайёҳлар сони 3-4 баробар ошган. Биргина Хоразмга Испаниядан 40 минг турист ташриф буюрган. Лекин улар транзит орқали келаётгани сабабли ортиқча харажат қилаяпти. Агар Мадриддан юртимизга авиарейс қўйилса, туроператорлар сайёҳларни 4 карра оширишга тайёрлигини билдирган.

Шу боис Транспорт вазирлигига хориждаги элчиларимиз билан бирга авиақатновларни кўпайтириш чораларини кўриш топширилди.

Яқинда, 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида илк бор Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтади. Унга 128 та мамлакатдан 1 мингдан зиёд иштирокчи, шу жумладан 79 нафар туризм вазири, 24 нафар вазир ўринбосари келиши кутилмоқда.

– Бу тадбир мамлакатимиз туризм салоҳиятини кўрсатиш учун жуда катта имконият, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу боис Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан соҳа вакилларини жалб қилиб, ҳар бир ҳудуднинг тарихи, табиати, маданияти, зиёратгоҳлари, овқатлари, сайёҳлик масканлари ва маршрутларини намойиш этиш, лойиҳалар таклиф қилиб, келишувларга эришиш зарурлиги таъкидланди.

Туристларни жалб қилиш бўйича яна бир катта йўналиш бу – маданий тадбирлар. Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон ва айрим вилоятларда фестиваллар ташкил этилган. Шу тажриба асосида, қолган ҳудудларда ҳам туристларни жалб этадиган маданий тадбирларни кўпайтириш топшириғи берилди. 

Давлатимиз раҳбари мамлакат имижида кино санъатининг ўрнига алоҳида эътибор қаратди. Маданият вазирлиги ва Кинематография агентлигига бу борада кўрсатмалар берилди.

“Ипак йўли” халқаро туризм университети мутахассислари иштирокида сервис сифати ҳамда соҳа ходимларининг малака ва маданиятини ошириш вазифаси қўйилди.

Жойлардаги сайилгоҳ ва истироҳат боғларини жонлантириш, тематик туризм кўчаларини ташкил қилиш, бадиий жамоаларни либос ва анжомлар билан таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳам кўриб чиқилди.

Юртимизда бу ҳаракат бошланганига 2 йил бўлди. Шу даврда 1 минг 200 гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парклари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилди. Умуман, жамиятда, масъулларда дарахтга нисбатан муносабат ўзгарди.

Энди 25 октябрдан 1 декабргача “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинади. Бу мавсумда 85 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган.

Бунинг учун Республика штаби тузилиб, унга Фанлар академияси, Тупроқшунослик ва Ўрмончилик институтлари, ўрмон хўжалиги раҳбарлари киритилади. Улар тупроқ таҳлили ва иқлим шароити асосида кўчат турини белгилаб беради. 

Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан ҳар бир маҳаллага 200 тадан кўчат бепул етказиб берилади. Шунингдек, 15 октябрдан барча туман ва маҳаллаларда кўчат ярмаркаси ташкил қилинади.

Кўчат экишда манфаатдорликни ошириш мақсадида автомобиль, темир йўл, дарё ва каналлар бўйи аҳоли ва тадбиркорларга шартнома асосида ер тоифаси ўзгартирилмасдан бўлиб берилади.

Бандлик вазирлигининг Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари бундан буён маҳаллаларнинг ўзига берилади ва дарахт экиш, парваришлаш ва тозалик тадбирларига йўналтирилади.

Маълумки, вилоят, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш бўлимлари бор. Бу хизматларни, тажриба тариқасида, хусусий секторга бериш таклифи билдирилди. Бунда ҳар бир кўча дарахтлари билан алоҳида-алоҳида лот қилиниб, бир йиллик маблағи билан очиқ танловга қўйилади. Мутасаддиларга шу борадаги шартлар ва молиялаштириш тартибини ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари ахборот берди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo