
01.05.2025

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар, муҳтарам Хоразм аҳли!
Ҳурматли меҳмонлар!
Бугун сиз, азизлар билан шонли тарихимиз устунлари ва Янги Ўзбекистон пойдевори чамбарчас боғланган мўътабар диёрда – қадимий Хоразмда дийдор кўришиб турганимдан бениҳоя хурсандман.
Хоразм дунё цивилизацияси ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшган Шарқ гавҳаридир. Бу кўҳна юрт жаҳонга донғи кетган не-не олиму фозиллар, саркарда ва султонлар, азиз авлиёлар, бетакрор шоир ва ҳофизлар ватанидир.
Илм-маърифат машъаллари бўлган Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, ватанпарварлик тимсоли бўлган Нажмиддин Кубро ва Жалолиддин Мангуберди сингари улуғ зотлар халқимизнинг фахру ифтихоридир.
Шу маънода, жаҳон олимларининг: “Улуғ новатор Беруний фаннинг бир қатор ҳал қилувчи йўналишларида ўз давридан 500 йиллаб, ҳатто ундан ҳам кўпроқ илгарилаб кетган”, деган эътирофлари бу заминнинг буюк салоҳиятидан далолат беради.
Хоразмнинг ҳавас қилса арзийдиган яна бир бебаҳо бойлиги бор. Бу – унинг муҳташам тарихий обидаларидир. Очиқ осмон остидаги шаҳар-музей – “Ичан қалъа” мажмуаси умумбашарият хазинаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Эътибор беринг, вилоятда 260 дан зиёд маданий мерос объекти мавжуд. Ва уларнинг тарихи бир неча асрларга бориб тақалади. Ҳеч шубҳасиз, улар ўзининг ноёб ва гўзал меъморий қиёфаси билан нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг жаҳон равнақидаги бетакрор ўрнини белгилаб берадиган тирик тарихдир.
Азиз юртдошлар!
Бугунги кунда биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида ўзгариш ва янгиланишлар йўлини қатъият билан давом эттирмоқдамиз.
Бошлаган ислоҳотларимиз доирасида тинчлик ва дўстлик жабҳаси бўлмиш туризмни ривожлантиришга алоҳида стратегик йўналиш сифатида эътибор қаратиб келаётганимиз албатта бежиз эмас. Чунки, туризм – бу фақат сайру саёҳат, мазмунли дам олишгина эмас. У аввало элларни элларга, дилларни дилларга боғлайдиган, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизнинг бой маданияти ва тарихий меросини, унинг очиқ қалбини дунёга намоён қиладиган кўзгудир.
Биз тарихий ёдгорликлар, маданий мерос объектларини асраб-авайлаб, уларни глобал туризм тармоғига фаол жалб этиш борасида кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз.
Шу билан бирга, миллий меъморчилик ечимларини қўллаган ҳолда, бир вақтнинг ўзида тарих ва замонавийликни мужассам этган йирик туристик мажмуаларни кўпайтиришга алоҳида урғу беряпмиз.
Алгебра ва алгоритм асосчиси Муҳаммад Хоразмий бобомиз айтганларидек: “Тартиб ва тўғри ҳисоб-китоб – ҳар қандай ютуқнинг гаровидир”. Шу сабабли ҳам мамлакатимизда туризм салоҳиятини юксалтириш бўйича аниқ ва пухта режалар асосида иш юритилмоқда.
Биз бундан уч йил олдин Самарқандда “Боқий шаҳар” деб ном олган йирик туристик мажмуани ишга туширган эдик. Бугун эса Хоразм заминида “Арда Хива”, оддий қилиб айтганда, “Боқий Хива” комплекси тантанали равишда очилмоқда. Бу ноёб мажмуа улкан режаларимизнинг яна бир амалий натижасидир.
Қисқа фурсатда бунёд этилган ушбу муҳташам халқаро туристик масканда 17 та меҳмонхона ва меҳмон уйлари, 9 та ресторан, ҳар бири кунига 2 минг сайёҳга хизмат қиладиган очиқ ва ёпиқ аквапарклар, 3 минг ўринли амфитеатр, 5 та кино ва концерт зали, кўргазмалар павильони, 70 та дўкон, 300 та савдо растаси, 11 та ҳунармандлар уйи, Шарқ бозори ва заргарлик маркази, фавворалар, сайр учун 4 километрли соҳил бўйи йўлаги ишга тушмоқда.
Бу борада Хоразмнинг шонли ўтмишидан ҳикоя қиладиган “Кўҳна Урганч” музейи аҳолимиз ва сайёҳларнинг севимли масканига айланиши шубҳасиз.
Ана шундай ишларимиз ҳисобидан вилоятга туристлар оқими қўшимча равишда 1 миллион нафарга ошади, хизматлар 1,2 триллион сўмга кўпаяди, камида 2 мингта иш ўрни яратилади.
Ишончим комил, “Арда Хива” Хоразмдаги туризм ривожида янги саҳифа очади, вилоятнинг иккинчи “ташриф қоғози”га айланади.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу мажмуага сармоя киритган тадбиркор ва инвесторларга, фидокорона меҳнат қилган қурувчи ва мутахассисларга, бу эзгу ишга муносиб ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорлик билдираман.
Ушбу бетакрор маскан Хоразмга, бутун халқимизга муборак бўлсин!
Ҳурматли Хоразм аҳли, азиз меҳмонлар!
Хоразмнинг ҳали ишга солинмаган туристик салоҳияти жуда катта. Хабарингиз бор, Хива туманидаги 2 минг 400 гектар ерни Хива шаҳрига ўтказяпмиз. Бу жойда “Саҳро юлдузи” туристик комплекси бунёд этилади. Бу ҳудудда меҳмонхоналар, кўнгилочар марказлар, гастрономик ва савдо кўчалари, музейлар, экоуйлар, ёзги лагерь, экстремал туризм объектлари барпо этилади.
Комплекс қурилиши бўйича ишларни шу йилдан кечиктирмасдан бошлаймиз. Бош вазир А.Арипов бунга бош-қош бўлади.
Шунингдек, Тупроққалъада чўл ҳудудидаги 5 минг гектар ерда сафари ва ов туризми ривожлантирилади. Урганч шаҳри, Шовот, Қўшкўпир, Хива ва Ҳазораспдан оқиб ўтадиган Ғазовот, Полвон, Шовот каналлари бўйларида 50 миллион долларлик 80 та хизмат кўрсатиш, савдо-кўнгилочар объектлари ишга туширилади. Боғот, Гурлан, Янгибозор ва Урганч туманида туризм қишлоқлари ташкил этилади.
Биз аждодларимиз қолдирган беқиёс илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш, бойитиш ва дунёга кенг тарғиб этишни ўз олдимизга улуғ мақсад қилиб қўйганмиз. Шу боис, Маъмун академияси биноси олдидаги 2 гектар боғ “Буюк алломалар” номли очиқ осмон остидаги “смарт” музейга айлантирилади. Шу асосда Хоразм юртида камол топган ўнлаб мумтоз аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, бой ижодий мероси интерактив усулда бир нечта хорижий тилларда сайёҳларга тақдим этилади.
Куни кеча Урганч шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги янги университет ва IT мактабини ташкил этиш бўйича алоҳида қарорни имзоладим. Аминманки, бу таълим даргоҳлари бўлғуси хоразмийлар, берунийлар билим оладиган ўқув масканларига айланади.
Ҳурматли юртдошлар!
Бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Амударёнинг икки соҳилида жойлашган Хоразм ва Қорақалпоғистон элини Худои таолонинг ўзи тақдирдош қилиб яратган. Бу икки қўшни ҳудуднинг тарихи, маданияти ва урф-одатларини бир-биридан алоҳида тасаввур қилиб бўлмайди.
Шу боис, Хоразмда туризмни ривожлантиришни Қорақалпоғистон билан ҳамоҳанг равишда, ягона концепция асосида амалга оширамиз.
Бунинг учун “Хоразм – Қорақалпоғистон” туризм ҳалқаси лойиҳаси ишлаб чиқилади. Масалан, Хивадан 80 километр масофада Элликқалъа тумани жойлашган бўлиб, бу ерда туристлар учун жозибадор бўлган “Аёзқалъа” ва “Тупроққалъа” ёдгорликлари бор. Шунингдек, тумандаги “Ахчакўл”да пляж туризмини ривожлантириш учун барча инфратузилма мавжуд. Ёки Беруний туманидаги “Султон Увайс” қадамжоси зиёрат туризми учун нодир масканлардан бири ҳисобланади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Шунинг учун, ушбу ҳудудларни ўзаро боғлайдиган йўл, йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш бўйича катта дастур бошлаймиз. Бундан ташқари, “Урганч – Гурлан – Манғит” автомобиль йўли тўлиқ реконструкция қилинади.
Сўнгги йилларда Хива шаҳрига темир йўл тортилиб, янги вокзал қурилди, “Бухоро–Урганч–Хива” темир йўли тўлиқ электрлаштирилди. Сизлар билан келишиб олганимиздек, 2026 йилда ушбу йўналиш бўйлаб Жалолиддин Мангуберди номи билан аталадиган замонавий тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилади. Энг муҳими, яқин келгусида бу тезюрар поездлар Нукусгача боради.
Бугунги анжуманда кўплаб хорижлик дўстларимиз иштирок этмоқда. Келинг, қадрли меҳмонларимизни чин дилдан қутлаб, уларга яна бир бор ҳурмат ва эзгу тилакларимизни билдирайлик!
Албатта, Хоразмга бир марта келган одам унга умрбод мафтун бўлиб қолади. Ишончим комил, сиз, азизлар ҳам бу гўзал ва бетакрор юртдан олам-олам унутилмас таассуротлар билан қайтасизлар.
Шу билан бирга, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос сулув табиати, бой маданияти, урф-одати, тарихий обидалари ва бир-биридан лаззатли таомлари, нозу неъматлари билан ажралиб туради.
Мамлакатимизга яна бир бор ташриф буюринг, бошқа ҳудудларимизни ҳам кўринг, юртимиз ҳақидаги холис фикрларингизни яқинларингиз билан ўртоқлашинг.
Янги Ўзбекистон сайёҳлар учун хавфсиз, хилма-хил контентларга бой, ёрқин таассуротларга тўла туристик макон сифатида хотирангизда ҳамиша муҳрланиб қолади.
Ўзбекистонга хуш келибсиз, азиз дўстлар!
Қадрли юртдошлар!
Бугун дунёдаги мураккаб вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон ўз йўлидан дадил бормоқда. Халқимиз тинчлик ва фаровонлик, дўстлик ва ҳамкорлик, бунёдкорлик руҳи билан яшамоқда.
Бизнинг ҳар бир мақсад-режамиз, ҳар бир ислоҳотимиз одамларимиз ҳаётини яхшилашга, уларни рози қилишга қаратилган ва бу ишларимиз, иншооллоҳ, бардавом бўлгай.
Аминманки, сиз, азизлар билан фидокорона меҳнат қилиб, Хоразм ва Қорақалпоғистонни дунёдаги энг гўзал ва обод, илм-фан ва инновациялар, маданият ва санъат янада ривожланган заминга айлантирамиз.
Ана шу олижаноб мақсад йўлида барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман.
Жонажон Ватанимиз ҳамиша омон бўлсин!
Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнасин!
Катта раҳмат сизларга!