
16.06.2025
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июнь куни ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар таҳлили бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилиш бошида жорий йилнинг беш ойидаги иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичлар қайд этилди. Бу даврда саноат 6,4 фоиз ўсган, экспорт миқдори 18 фоиз, хорижий инвестициялар 46 фоиз ошган. Қиймати 3 миллиард долларлик 2 минг 500 дан зиёд янги қувват ишга тушган. 2 миллион 400 минг одам даромадли бўлган.
Шу билан бирга, дунёда турли можаролар авж олаяпти, савдо алоқалари ва логистика қийинлашаяпти. Тинчлик, адолат ва инсон қадрини улуғлашга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ошиб бораяпти.
Шунинг учун ҳокимлар ва вазирлар имкониятларни тўғри баҳолаб, ташаббус кўрсатиб ишлаши, аҳоли ва бизнес билан мулоқотни янада кучайтириб, муаммоларни тез-тез ҳал қилиб бериши зарур.
Йиғилишда бу масала ҳудудлар ва тармоқлар кесимида таҳлил қилиниб, тизимли камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Масалан, ҳар бир тумандаги 40 дан зиёд ташкилотда ўртача 500 нафар ходим ишлайди. Лекин айрим оддий масалаларни ҳал қилиш учун ҳам вилоятдан, улар эса республикадан рухсат олиши керак. Ёки, ваколати ва маблағи етарли бўлган ташкилотлар ўзини “назоратчи” деб билиб, аҳолининг оғирини енгил қилиш билан шуғулланмаяпти.
Вазирлар, ҳукуматдаги масъуллар тартиб-интизомга қаттиқ эътибор бермагани учун ислоҳотлар ижроси чўзилиб кетаяпти. Суд қарорлари вақтида бажарилмаётгани юзасидан ҳам мурожаатлар кўп.
Йилнинг қолган даврида 26,5 миллиард доллар инвестиция киритилиши, 1 сентябргача 3,3 миллиард долларлик 35 та йирик лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган.
Яқинда бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форумида 30,5 миллиард долларлик савдо ва инвестиция шартномалари имзоланди. Улар бўйича ҳам тизимли иш олиб бориш керак.
Шу боис йиғилишда ижро интизомини мустаҳкамлаш, аҳоли муаммолари билан ишлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилиши белгиланди.
Бундан буён ижро интизомига Ҳисоб палатаси масъул бўлади, унинг ваколатлари кенгайтирилади. Берилган маблағларнинг фақат тўғри сарфланиши эмас, балки нима самара бергани, аҳоли бундан қанчалик рози бўлгани ҳам ўрганилади. Палата бу таҳлиллардан келиб чиқиб, давлат раҳбарига таклифлар киритади. Президент Администрациясининг Назорат инспекцияси тугатилади.
Тошкент шаҳрида ўзини оқлаган “Халқ назорати” электрон портали бутун республикада ишга туширилади. Бу тизим мурожаатларнинг ягона платформаси бўлади ва унга барча вазирлик, идора, ҳокимликлар уланади.
Охирги пайтларда Халқ қабулхоналари аҳоли дардини эшитиб, масалаларни ҳал қилиш ўрнига, мурожаатларни давлат ташкилотларига тақсимловчи воситачига айланиб қолган эди. Жойлардаги муаммолар ҳал бўлмагани учун ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар кўпайган.
Президентимиз аҳолининг дарду ташвишларини эшитиб, одамларга шароит яратиб бериш раҳбарларнинг асосий вазифаси эканини таъкидлади.
– Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди ва умиди турганини унутмаслигимиз керак. Халқнинг дарди билан яшаш биз учун мажбурият, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис Халқ қабулхоналари таркиби фидойи мутахассислар билан тўлдирилиши айтилди. Энди Халқ қабулхоналарига вилоят ва туман ҳокимининг ўзи раҳбарлик қилади. Улар ҳар куни ишини аҳоли дарди ва ташвишини эшитишдан бошлайди. Бугун туғилган муаммони кейинга ўтказишга йўл қўйилмайди. Мурожаатни бошқа идорага юбормасдан, шу жойнинг ўзида ҳал қилади. Бунинг учун туман ҳокимининг ваколатлари кенгайтирилади.
Масалан, ҳокимда туман ташкилотлари штатини тақсимлаш, яхши раҳбарни рағбатлантириш, сустроғини вазифасидан озод қилиш бўйича ваколат йўқ. Ҳоким ҳам, ўринбосарлари ҳам кўп вақтини йиғилиш ўтказишга сарфлаяпти.
Қуйи бўғиндаги штатлар ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадига мос эмас. Тармоқ ташкилотлари кўп йиллик режалар дастурини қилиб, ташаббус кўрсатмаяпти, кунлик топшириқлар билан овора.
– Туман бўғини самарали ишламаса, юқоридан қандай топшириқ туширилмасин, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари шунга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Энди туманларда ёндашув ҳам, бошқарув тизими ҳам ўзгаради. Бу йил Сурхондарё вилоятида ҳамда 16 та ҳудудда – Бектемир, Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Қува, Шовот, Ҳазорасп туманлари, Марғилон ва Янгийўл шаҳарларида янгича бошқарув жорий этилади.
Яъни, иқтисодиёт ва молия, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, бандлик, қурилиш, экология, маданият, оила ва хотин-қизлар, ёшлар масалалари бўйича 9 та давлат идорасининг туман бўлими ҳокимлик тизимига ўтади. Улардаги жами штатларни тақсимлаш, ишга олиш ва бўшатишни ҳоким ҳал қилади. Туманлар ихтиёрида қоладиган маблағлар манбаси кўпайтирилади.
Энди ҳокимда 4 нафар ўринбосар бўлади. Туман ё шаҳарнинг ривожланиш режасига қараб, қайси соҳа бўйича ўринбосар бўлишини унинг ўзи белгилайди. Ҳоким ўринбосарига аниқ вазифалар юклатилиб, ҳар бир вазифа ва функцияси маблағи билан мустаҳкамланади.
Ҳоким ва унинг ўринбосарлари самарадорлик кўрсаткичларини тўлиқ бажарса, кейинги йил ҳудудга бериладиган маблағ 10-15 фоиз кўпайтирилади. Акс ҳолда, маблағ оширилмайди ва масъул раҳбар ишдан кетади.
Туманда соҳа мутасаддилари ва етакчи тадбиркорлардан иборат “Ислоҳотлар штаби” тузилади. У орқали маҳаллалар кесимида лойиҳа, инфратузилма, молиявий манба, кадрлар масаласини қамраб олган уч йиллик дастур тайёрланади. Келгуси йил учун бюджет, инфратузилма, ишлаб чиқариш, хизмат, инвестиция ва бандлик дастурлари шу асосда тасдиқланади.
Бу янги тажриба, натижаларга қараб, келгуси йилдан бутун республикамизда йўлга қўйилади.
Яна бир муҳим янгилик – ишчан ва жозибадор муҳит яратиш учун 1 августдан барча вилоят ва туман ҳокимликларида иш ҳақи оширилади, ходимларга ишига қараб ойлик устама ва қўшимча бонус берилади.
Лекин, ўзига юклатилган вазифани бажара олмаганларга чора кўрилади. Ана шунда, ҳамма интизом ва режа билан ишлашга ўрганади.
Йиғилишда ҳудудларда бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспорт ҳамда муҳитни яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Солиқ маъмурчилигини яхшилаб, аҳоли тадбиркорлигини ва иш ўрни яратишни қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.
Маҳаллаларга сув олиб бориб, мева-сабзавот етиштириш, замонавий агротехнологиялар орқали экспортни кўпайтириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди. Ўрмон ва яйловлардан чорвачиликда фойдаланиб, гўшт ва сут маҳсулотларини кўпайтириш, озиқ-овқат инфляциясини жиловлаш чора-тадбирлари белгиланди.
Шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантириш, йўл ҳаракатини тўғри ташкил қилиб, тирбандлик ва автоҳалокатларни камайтиришнинг аҳамияти қайд этилди. Одамлар сайр қиладиган жойлар, яшиллик ва болалар майдончаларини кўпайтириб, халқни рози қилиш талаби қўйилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир, ҳукумат аъзолари ва ҳокимлар ахборот берди.