
19.07.2025
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори2025 йил 11 июнь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи ялпи мажлиси доирасида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
I. Илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни тизимли амалга ошириш
1. Қуйидагилар:
(а) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи ялпи мажлисида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси 1-иловага мувофиқ;
(б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши Ўзбекистон томонининг янгиланган таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(i) Бунда Хорижий инвесторлар кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш)га унинг ҳузурида йўналишлар бўйича ишчи гуруҳлар ташкил қилиш ҳамда уларнинг таркибига вазирлик ва идоралар раҳбарлари (ходимлари)ни жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.
II. Кенгаш котибияти ва ишчи гуруҳлар фаолиятини такомиллаштириш
2. Кенгаш аъзолари ва халқаро молия институтларининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
(а) Кенгаш котибиятини нодавлат нотижорат ташкилот сифатида ташкил этиш ҳамда унинг аъзолигига халқаро молия институтларини ҳам жалб қилиш;
(б) Кенгаш котибияти томонидан хорижий инвесторлар билан тўғридан-тўғри ишлаш орқали мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестиция маблағларини жалб қилишга кўмаклашиш;
(в) Кенгашнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан боғлиқ фаолиятини Кенгаш котибияти томонидан мувофиқлаштириш, шунингдек, Кенгаш мажлисларида муҳокама қилинадиган масалалар бўйича маҳаллий ва хорижий компаниялар вакиллари билан маслаҳатлашувларни ташкил этиш;
(г) Кенгаш котибияти ҳамда ишчи гуруҳларнинг фаолияти натижалари ҳақида ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб бориш.
3. Қуйидагилар Ишчи гуруҳларнинг вазифалари этиб белгилансин:
(а) ҳар ойда Кенгаш котибияти билан ҳамкорликда мазкур қарорга 1-иловада келтирилган ҳаракатлар режаси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан муҳокамалар ўтказиб бориш;
(б) инвестиция муҳитини яхшилаш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш.
III. “Ягона инвестиция платформаси” ахборот тизимини жорий қилиш
4. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, устав фонди (устав капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар раҳбарлари:
(а) “Ягона инвестиция платформаси” ахборот тизими билан интеграция қилинадиган ахборот тизимлари рўйхатига асосан интеграция қилиш ишларини графикка мувофиқ якунлашга;
(б) “Ягона инвестиция платформаси” ахборот тизимига манзилли ва истиқболли лойиҳаларни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклга мувофиқ киритишга шахсан масъул ва жавобгар этиб белгилансин.
5. Бош вазир ўринбосари Ж.А. Ходжаев бир ҳафта муддатда аниқ муддат ва масъулларни белгилаган ҳолда давлат хизматлари кўрсатиладиган ахборот тизимларини “Ягона инвестиция платформаси” ахборот тизими билан интеграция қилиш механизмлари ва графигини тасдиқласин.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
6. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари мазкур қарорга 1-иловадаги ҳаракатлар режасида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг белгиланган муддатларда самарали, сўзсиз, сифатли ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти вакили А.Ю. Магрупов, Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Ходжаев, Ж.А. Қўчқоров ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги:
(а) Кенгашнинг учинчи ялпи мажлиси давомида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан мунтазам ва тизимли мониторинг ҳамда қатъий назорат олиб борсин;
(б) ушбу қарорга 1-иловада келтирилган ҳаракатлар режаcининг сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштирсин, ҳар чорак якунида ҳисоботларини танқидий муҳокама қилиб борсин, шунингдек, чора-тадбирларнинг ижросига тўсқинлик қилувчи салбий омилларни бартараф этиш чораларини кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев