icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Наманганда натижадорликни янада ошириш вазифалари белгиланди

16.09.2025

Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Уйчи туманида Наманган вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Ҳудудда амалга оширилган салмоқли ишлар иқтисодиёт ривожи ва аҳоли фаровонлигида намоён бўлмоқда. Сўнгги саккиз йилда вилоятга 7 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилган, 8 мингга яқин янги корхона ишга тушган. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури 2 карра кўпайиб, 1 мингдан ошган.

Меҳнатга лаёқатли аҳолини 82 фоизи кичик бизнес ва тадбиркорлик орқали рўзғор тебратяпти. Аҳолининг реал ўртача даромади 3 баробар ошиб, 15,5 миллион сўмга етди. Муҳими, бундай ўзгаришларни Наманган аҳли ўзининг кундалик ҳаётида ҳис қиляпти.

Йиғилишда бу суръатни давом эттириб, натижадорликни янада ошириш имкониятлари таҳлил қилинди. Хусусан, йил якунигача 4 миллиард 200 миллион доллар инвестиция олиб келиш, экспортни 1 миллиард долларга етказиш, 323 минг одамни ишли қилиш, 26 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллаларни обод қилиш бўйича муҳим ташаббусни илгари сурди. Унга кўра, юртимизда “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури амалга оширилади. Ушбу дастурга Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги 4 тадан, қолган ҳудудлардаги 2 тадан туман, шунингдек, республика бўйича энг “оғир” 328 та маҳалла киритилади.

Энг яхши намуна кўрсатиб, аҳолисини рози қилган ҳудудга “Президент тумани” ва “Президент маҳалласи” мақоми берилиб, уларга яна қўшимча имкониятлар тақдим қилинади.

Қисқа вақт ичида Наманганда камбағаллик 2,5 баробар камайган. Тадбиркорлик лойиҳалари кўпайгани, ўртача ойлик 4,5 миллион сўмга етгани ҳисобига икки йилда миграциядаги 62 минг одам қайтган.

Ислоҳотлар штабига вилоятдаги хушманзара жойлар бўйича мастер-режа ишлаб чиқиб, амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига кейинги йилда 50 минг одамни ишли ва даромадли қилиш топширилди. Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон ва Чустдан ўтган дарё ва сой ўзанларининг 40 километр қисмида ҳам 650 та сервис объектини қуриб, 10 минг одамни даромадли қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Бугунги кунда вилоят саноатининг учдан бири, экспортининг ярми тўқимачилик соҳасига тўғри келади. Наманганлик тадбиркорлар бренд билан ишлаш бўйича республикада етакчи.

Инвестиция олиб келиш ва брендлар билан ҳамкорликни кенгайтириш учун бир ойда вилоятда алоҳида лойиҳа офиси очилади. Халқаро сертификат олган текстиль корхоналари 50 тага етказилади.

Мутасаддиларга йил якунигача Варшава ва Лондонда камида 1 минг квадрат метрли савдо уйларини ташкил қилиш топширилди. Умуман, вилоятда бу йил тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 500 миллион долларга етказиш, икки йилда 1 миллиард долларлик 25 та йирик лойиҳани ишга тушириш мумкинлиги қайд этилди.

Йил бошидан буён вилоятга 1 миллион 200 минг хорижий, 2 миллион маҳаллий сайёҳ келган, туризм экспорти 200 миллион доллардан ошган.

Шунга мос равишда туризм инфратузилмасини ҳам ривожлантириш керак. Лекин Намангандаги энг жозибали ҳудудлардан бири – Чортоқ тумани имкониятлари тўлиқ ишга солинмаяпти. Туристлар учун онлайн маълумот олиш, жойни олдиндан банд қилиш, маданий ҳордиқ чиқариш каби оддий хизматлар ҳам йўлга қўйилмаган.

Шу боис, Чортоқ бутун йил давомида хизмат кўрсатадиган водийнинг туризм хабига айлантирилиши айтилди. Бундай лойиҳалар инфратузилмаси учун 50 миллион доллар ажратилади.

Жаҳон банки билан Ўрта шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида бу йил “Фурқат” боғи реконструкция қилиниб, ҳудуди қарийб 2 баробар кенгайтирилади. Чортоқсой бўйлаб 11 километр узунликда пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилади.

Жадал комплекс ривожлантириш дастури доирасида Чортоқсой ва Катта Наманган канали қирғоқларини 7 километри бетонлаштирилиб, 30 гектар ер фойдали майдонга айлантирилади. Бу ердаги кўп йиллик боғлар билан уйғун ҳолда санаторий типидаги йирик сервис объектлари барпо этилади.

“Чортоқ” сув омбори атрофидаги 60 гектарда туризм комплекси, меҳмонхона, ресторан, дам олиш ва кўнгилочар масканлар ташкил қилинади. Поп туманидаги Арашан кўли атрофида 1 минг 200 гектар майдонда йилига 1 миллион сайёҳни қабул қиладиган йирик туризм мажмуаси барпо этилади.

Соҳа учун кадрлар тайёрлаш мақсадида кейинги ўқув йилидан Австриянинг Кремс университети билан Наманган давлат университетида қўшма факультет ташкил қилинади.

Президентимиз ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманларини вилоят маркази ва бошқа туманлар билан боғловчи асосий йўл тирбанд бўлиб келаётган эди. Шу боис, 63 миллиард сўм ҳисобига Норин дарёси устидан 480 метр узунликдаги янги кўприк қурилмоқда.

Шунингдек, Қорадарё устидаги 63 йил олдин қурилган Наманган ва Андижон вилоятларини боғловчи 180 метрли эски кўприкни реконструкция қилиш бошланди. Бунинг натижасида транспорт қатнови 2 баробар ошади, йўлга кетадиган вақт 1,5 карра қисқариб, тирбандлик камаяди. Ушбу кўприклар келгуси йилда ишга туширилади.

Вилоят марказини пойтахт билан боғлайдиган, кунига 15 минг транспорт ҳаракатланадиган “Пунгон-Наманган” йўлининг 75 километри реконструкция қилинади. Бу йўл 246 миллион доллар ҳисобига 4 тасмали, бетон қопламали қилиб қурилади.

Вилоятдаги 30 та маҳаллага марказлашган ичимлик сув етиб бормагани, тармоқларнинг 21 фоизи таъмирталаб экани кўрсатиб ўтилди. Канализация билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам мурожаатлар кўп.

Шунинг учун бу йил вилоятда сув тизимини яхшилашга 800 миллиард сўм ажратилди. Мутасаддиларга йил якунигача 130 километр сув ва канализация тармоғи, 11 та сув иншооти қурилишини якунлаб, фойдаланишга топшириш вазифа қилиб қўйилди.

Наманган шаҳри аҳолисини ичимлик сув билан таъминловчи 70 йил олдин қурилган “Курашхона” сув иншооти бугунги кунда 50 фоиздан кам қувватда ишламоқда. Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда бу иншоот реконструкция қилиниши белгиланди.

Яқинда Наманган аҳолиси бир миллионли шаҳарга айланади. Бу шароитда боғчаларни кўпайтириш жуда долзарб экани таъкидланди.

Бу борада тадбиркорларга бир қатор енгилликлар эълон қилинган эди. Улардан унумли фойдаланиб, Наманган шаҳрида бу йил 5 минг, кейинги йил 15 минг ўринли боғча ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди. Вилоятдаги 49 та техникумда хорижий стандартлар ва дуал таълим жорий этилиши айтилди.

Сўнгги уч ойда “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида 3 мингга яқин муҳтож инсонларга қараб туриш хизмати йўлга қўйилди. Натижада бу билан банд бўлган 350 киши ишга жойлашган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига эндиликда деменция ва Паркинсон касаллиги билан оғриган одамлар учун ҳам қараб туриш хизматини йўлга қўйиш топширилди.

– Бугун сизлар билан шаҳар ва туманларни ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш бўйича янги марраларни белгилаб олдик. Агар бир бирлашсак, бундан ҳам катта натижаларга эриша оламиз. Ишнинг кўзини биладиган, тадбиркор ва меҳнатсевар  наманганликлар билан вилоятни юртимизнинг энг обод ва фаровон ҳудудиларидан бирига айлантирамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда белгиланган вазифалар бўйича ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари ахборот берди, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакиллари билан мулоқот бўлди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo